Қарор ва ижро
Президентимизнинг 2025 йил 8 майдаги “Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур йўналишдаги ижтимоий хизматларни такомиллаштиришда янги босқични бошлаб берди.

Мазкур ҳужжат асосида замонавий, самарали ва инсонпарвар ёндашувлар жорий этилмоқда. Жумладан, Тошкент вилоятида ҳам бу борадаги фаолият эътиборга лойиқ даражада йўлга қўйилган. Биргина Оҳангарон шаҳрида ўзгалар парваришига муҳтож бўлган, ёлғиз яшовчи ва ногиронлиги бўлган 103 нафар фуқаро аниқланган. Уларга манзилли хизмат кўрсатиш мақсадида жорий йил июль ойидан бошлаб Оҳангарон шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар марказининг 21 нафар ижтимоий ассистенти томонидан ваучер асосида уй шароитида ижтимоий-маиший ёрдам кўрсатиш ишлари йўлга қўйилди.
Жумладан, ижтимоий ассистентлар томонидан маиший ёрдам кўрсатиш борасида ёрдамга муҳтож фуқароларга овқат тайёрлаш, хонадонни тозалаш, кийим-кечакларни ювиш, зарур озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситаларини олиб келиб бериш каби хизматлар қилинмоқда. Бундан ташқари гигиеник парвариш, тиббиёт ва спорт муассасаларига ҳамроҳлик қилиш, турли кўникмаларни ўргатиш (туторинг) каби хизматлардан фойдаланувчилар миннатдор бўлмоқда.

“Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ким Мария ушбу хизматлардан доимий фойдаланувчилардан бири. Корейс миллатига мансуб, ёлғиз яшовчи бу кекса аёлга ҳафтасига беш кун давомида икки соатдан ижтимоий хизмат кўрсатилади.
– Менга кўрсатилаётган хизматлардан жуда мамнунман. Саломатлигим аста-секин тикланмоқда. Ўзбекистон халқининг меҳр-оқибатини қадрлайман. “Инсон қадри – давлат эътиборида” деган ғоя ҳаётимизда ўз ифодасини топаётганидан хурсандман, – дейди Ким Мария.

Унинг ҳаёти мисолида кўриш мумкинки, ижтимоий хизматлар орқали ёши катта ва ногиронлиги бор фуқароларни ижтимоийлашувга қайтариш, уларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигини тиклаш имконияти яратилмоқда.
А.Мусаев,ЎзА.
- Қўшилди: 15.07.2025
- Кўришлар: 210
- Чоп этиш