Янги Тошкентда 20 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.
Эркин ва рақобатбардош тадбиркорлик муҳити иқтисодий ўсишни тезлаштиради. Шу боис мамлакатимизда тадбиркорлар учун ҳар томонлама шароит яратиш давлат сиёсатида устувор йўналиш саналади.

Халқаро тажрибада ҳам мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти ва барқарор ривожланиши, аввало, тадбиркорлик фаолиятининг қай даражада эркин ва самарали ташкил этилганига боғлиқ. Замонавий иқтисодиётда давлатнинг асосий вазифаларидан бири тадбиркорлар учун қулай муҳит яратиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва тўсиқларни камайтиришдан иборат.
Ишбилармонлик жамиятда янги иш ўринлари яратади, турли соҳаларда рақобат муҳитини кучайтиради, инновациялар ва замонавий технологияларни жорий этишга туртки бўлади. Тадбиркорнинг ҳар бир ташаббуси нафақат унинг жамоаси манфаатлари, балки мамлакат иқтисодий салоҳияти учун ҳам хизмат қилади.
Агар мамлакатда тадбиркорлар учун қулай ҳуқуқий, молиявий ва инфратузилмавий шароитлар яратилса, бу жараён хорижий сармоядорлар учун ҳам жозибадор муҳитни шакллантиради.
Давлатимиз раҳбари тадбиркорларни касб байрами ва Мустақилликнинг 34 йиллиги билан табриклади. Ҳар бир соҳа, ҳар бир ҳудуд, ҳар бир маҳалладаги ўзгаришларда уларнинг ҳиссаси катта эканини таъкидлади.
Ўтган саккиз йилда иқтисодиётнинг кўплаб тармоқлари янгидан ташкил этилди. Бу даврда 230 миллиард доллар инвестиция кириб келди, шундан 120 миллиард доллардан ортиғи хорижий сармоя. Бу йил биринчи ярим йилликда мамлакатимиз иқтисодиёти 7,2 фоизга ўсди.
Бизнес юритишдаги қулайликлар натижасида тадбиркорлар кўпайиб, фаолияти кенгайиб бормоқда. Масалан, 1 минг 600 та микро корхона бир йил ичида айланмасини 10 миллиард сўмдан ошириб, бирданига ўрта корхонага, 143 таси эса 100 миллиард сўмдан ошириб, йирик корхонага айланди. Яна 122 та кичик корхона йирик бизнес сафига қўшилди.
Бизнесни “соя”дан чиқариш чоралари натижасида 139 мингта корхонада иш ўринлари 811 мингтага кўпайди, 273 мингта корхона иш ҳақи фондини 22 фоизга оширди. Ўтган йили хусусий секторда ўртача ойлик 4 миллион сўмни ташкил қилган бўлса, бугунги кунда 5 миллион сўмга яқинлашди.

Илк очиқ мулоқотдан буён тадбиркорларнинг мингга яқин ташаббуси қонунчиликка киритилгани қайд этилди. Бу галги мулоқот бешинчиси бўлди. Унга тайёргарлик давомида 26 та соҳанинг 7 мингга яқин вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. “Колл-марказ” орқали ҳам 13 мингдан зиёд мурожаат ва ташаббуслар қабул қилинди.
Ўтган ҳафталарда иқтисодиётимизнинг муҳим тармоқлари бўлган мева-сабзавотчилик, тўқимачилик ва якка тартибдаги тадбиркорлик масалалари муҳокама қилиниб, кўмак чоралари белгиланган эди.
Мулоқотда давлатимиз раҳбари тадбиркорликнинг бошқа йўналишлари бўйича ҳам янги ташаббусларни илгари сурди.
Жумладан, қисқа муддатда ва тез даромад берадиган иш ўринлари яратишда энг самарадор йўналишлардан бири бўлган хизматлар соҳаси жадал ривожлантирилади. Туризмни ривожлантириш бўйича янги дастур бошланади. Келгуси уч йилда меҳмонхона ва туризм масканлари ташкил қилиш учун жами 5 минг гектар ер аукционга чиқарилади. Бунда меҳмонхона қурмоқчи бўлган тадбиркорлардан ерларни сотиб олиш учун тўлов ундирилмайди. Эвазига давлат шу сумма билан лойиҳага улушдор бўлиб киради.
Тадбиркорлар 10 йил ичида исталган пайтда бу улушни қайта сотиб олиши мумкин бўлади. Агар тадбиркор ер қийматини бошида тўлайман деса, 20 фоиз чегирма берилади. Меҳмонхона қуриш учун 7 йил муддатга 2 йиллик имтиёзли давр билан кредит ажратилади.
Кўп тадбиркорлар давлат объектлари ва хусусий биноларни сотиб олиб, меҳмонхонага айлантираяпти. Энди янги меҳмонхона учун кўзда тутилган субсидия уларга ҳам берилади. Тошкент шаҳри, вилоятлар маркази ва йирик сайёҳлик ҳудудларидан бошқа жойдаги меҳмонхоналар туристик йиғим тўламайди.

Амалдаги тартибга кўра, оилавий меҳмон уйлари туристларни қабул қилиши бўйича кунлик меъёр 10 нафардан ошмаслиги белгиланган. Энди бу чеклов икки каррага кўпайтирилади.
Президентимиз маҳаллий меҳмонхоналар, оилавий меҳмон уйлари ўртасида танлов ўтказиш таклифини илгари сурди. Танловнинг мукофот жамғармаси 1 миллион доллар бўлади, сайёҳлар эътиборини қозонган, нуфузли халқаро платформаларда энг кўп ижобий эътироф олган меҳмонхоналар ҳар йили тақдирланади.
Инфратузилма олиб бориш орқали йирик туристик масканлари кўпайтирилади. Чортоқдаги Қорабоғ, Фарғонадаги Чимён, Бойсундаги Омонхона, Нурободдаги Нурбулоқ ҳудудларида йил давомида хизмат кўрсатадиган йирик курорт зоналар ташкил этилади.
Бу йил 16 та туманни жадал ривожлантиришга 1 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди. Келгусида яна 500 миллион доллар ҳисобига бошқа туманларда ҳам шундай ишлар амалга оширилади. Бу саноат, сервис, қурилиш соҳаларидаги тадбиркорларга катта имконият, юз минглаб иш ўринлари яратиш учун шароит бўлади.
Бизнес вакилларида қўшимча жой олишга эҳтиёж бор. Шу муносабат билан келгуси йилдан давлат активлари беш йилга ижарага берилади.
1991 йилда қабул қилинган “Ижара тўғрисида”ги қонун асосан давлат органлари манфаатини ҳимоя қилишга қаратилгани қайд этилди. Шу боис ижарага берувчи ва ижарачи ҳуқуқларини бирдек ҳимоя қиладиган янги таҳрирдаги қонун ишлаб чиқилиши айтилди.
Мулоқотда таълим ва тиббиёт соҳаларига оид имкониятлар ҳам белгиланди.
Хусусан, энди боғча қамрови паст бўлган 80 та туманда тадбиркорларга енгиллик берилади. Боғча ва мактабларнинг бўш ерларида хусусий шериклик асосида боғча қуришга рухсат этилади. Бунда тадбиркорлардан ер учун ижара ҳақи 30 йил давомида ундирилмайди. Уларга давлат боғчасида ҳар бир болага кўзда тутилган харажатнинг ярми субсидия қилиб берилади. Шунингдек, ташаббускорларга имтиёзли кредит ажратилади. Уларга ижтимоий солиқ 1 фоиз бўлади.
Тиббиёт кластерларини барпо этган тадбиркорларга 7 йил муддатга, 3 йил имтиёзли давр билан 17 фоизли арзон кредитлар берилади.
Президентимиз бизнесни қўллаб-қувватлашнинг энг муҳим инструменти – молиявий хизматлар эканини таъкидлади. Шу боис энди лойиҳага соддалашган тартибда маблағ жалб қилиш бўйича инвестиция платформаси ишга туширилади. Тадбиркорлар ушбу янги тизим орқали йилига қўшимча 1 миллиард доллар маблағ жалб қилиш имкониятига эга бўлади.
Ҳозир Ўзбекистонда 600 дан зиёд стартаплар фаолият юритмоқда. Шу йил етти ойда стартапларга рекорд миқдорда – 264 миллион доллар хорижий инвестиция кириб келди.
Буни давом эттирган ҳолда, ёшларнинг мингта стартап ғояси тижоратлаштирилади ва шундан 200 таси халқаро бозорга олиб чиқилади. Энг илғор технологиялар олиб келиниб, 100 та маҳаллий стартап халқаро миқёсда жозибадор бизнесга айлантирилади. Бунга 100 миллион доллар берилади.
Бу йилдан бошлаб, “Ёш тадбиркорлар” чемпионати ўтказилади. Энг яхши 100 та ғоя танлаб олиниб, ҳар бир стартап учун 1 миллиард сўмгача инвестиция киритилади.
Рақамли молиявий хизматларни кўпайтириш учун беш йиллик стратегия қабул қилинади. Бунда янги экотизим – “очиқ банкинг” жорий қилинади.
Келгуси йилда банклар томонидан кичик ва ўрта тадбиркорликни мақсадли қўллаб-қувватлаш учун қулай шартларда 1 миллиард доллар жалб қилинади. Муқобил скоринг модели ишга туширилиб, кредит бериш шартлари осонлаштирилади.
Учрашувда солиқ маъмурчилиги масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Амалдаги тартибга кўра, йиллик айланмаси 10 миллиард сўмдан ошган корхоналар фойда солиғи бўйича аванс тўлагани учун айланма маблағдан қийинчилик юзага келмоқда. Шу боис энди бу тартиб 20 миллиард сўмдан ошганда қўлланиши белгиланди. Натижада 14 мингга яқин тадбиркор ихтиёрида қўшимча 1 триллион сўмлик айланма маблағ қолади.
Айланма солиқдан қўшилган қиймат солиғига ўтадиган корхоналар бир йил давомида фойда солиғи тўлашдан озод қилинади, ҳисоботида хатолик бўлса ҳам, жарима қўлланмайди, бухгалтерлар маошини 5 миллион сўмгача қисми олти ойгача бундай корхона тўлаган солиқдан чегириб ташланади.
Икки йил олдин айланмадан солиқ тўловчилар бухгалтериясини солиқчи юритадиган тизим қилинган эди. Энди келгуси йилдан ер, мол-мулк, ижтимоий ва даромад солиқлари ҳисоботларини шакллантириш бўйича тадбиркорлар мажбурияти бекор қилинади. Ушбу ҳисоботларни солиқчиларнинг ўзи бепул тўлдириб беради. Тадбиркорлар эса 5 кунда ҳисоботга тузатиш киритиши мумкин бўлади.
Маълумки, бизнес қонун устувор бўлган жойда ривожланади. Сўнгги йилларда иқтисодиётга венчур, бонд, краудфандинг, стартап каби замонавий инвестиция воситалари ҳам кириб келди. Ҳозир бу муносабатлар ўнлаб ҳужжатлар билан тартибга солинади.
Президентимиз буларнинг ҳаммасини тўғридан-тўғри амал қиладиган ягона қонунга бирлаштириб, Инвестиция кодексини қабул қилиш ташаббусини илгари сурди. Бу кодекс инвестиция соҳасидаги барча қоида, кафолат ва тартиб-таомилларни бир тизимга солиб, инвестицияларни рағбатлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари яна бир муҳим янгиликни эълон қилди – 2026 йилдан “Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тамойили йўлга қўйилади. Бунда тадбиркорни рўйхатдан ўтказиш вақтидаёқ электрон рақамли имзо берилади, банкда ҳисобрақам очилади, соҳага масъул давлат органларига хабарнома жўнатилади.
Мажбурий сертификатланадиган товарлар рўйхати 459 тага қисқартирилди. Рўйхат яна 288 тага камайтирилади.
Кўчат, минерал ўғит, пойабзал, чорва озуқаси каби санитария, ветеринария, карантин назоратида бўлган 32 тоифадаги маҳсулотлар учун мувофиқлик сертификати бекор қилинади.
Умуман, маҳсулотлар хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш ҳамда уни баҳолаш билан боғлиқ миллий инфратузилма тубдан ислоҳ қилиниб, халқаро стандартларга мослаштирилади. Бунда, энг аввало, сертификация ўрнига мувофиқликни декларациялаш амалиёти кенг жорий этилади.
Техник жиҳатдан тартибга солиш тизими бутунлай трансформация қилинади. Бундан кейин назорат объекти тадбиркор эмас, балки бевосита маҳсулотнинг ўзи бўлади.
Мулоқотда қайд этилган имкониятлар бугунданоқ кучга кириши қайд этилди.
Президентимиз булар катта марралар экани, юртимиздаги бугунги тадбиркорлик руҳи билан унга эришиш мумкинлигини таъкидлади.
Тадбир очиқ мулоқот тарзида давом этди. Марказий ва ҳудудий студиялардан қатнашган тадбиркорлар ўз фикр ва таклифларни билдирди. Муаммолар муҳокама қилиниб, улар бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 18 августдаги фармонига мувофиқ, мамлакатимиз иқтисодий қудрати ва экспорт салоҳиятини ошираётган, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини таъминлаш йўлида жонбозлик кўрсатаётган бир гуруҳ тадбиркорлар фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан мукофотланган эди.
Янги Тошкентда мазкур мукофотларни топшириш маросими бўлди.
– Бугунги маросимда етакчи тадбиркорларни, жамиятимизнинг энг илғор вакилларини кўриб турганимдан хурсандман. Бу соҳада катта ислоҳотларни бошлаганимизда иқтисодчиларда ҳам, тадбиркорларнинг ўзида ҳам қандайдир қўрқув бор эди. Лекин ишонч билан, шижоат билан имконият яратишдан тўхтамадик. Мутасаддиларни тадбиркорларни эшитишга мажбур қилдик. Бу ўз натижасини берди, давлат билан тадбиркорлар ўртасида ишонч ошиб борди. Бутун жамият тадбиркорга дўст бўлди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Юртимиз тадбиркорлари янги ғоя ва ташаббуслари билан барча тармоқларни олға тортаётгани, улар билан биргаликда катта-катта дастурлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
– Биз тадбиркорликка шароит яратдик, улар давлатга елкадош бўлди. Ўтган 4-5 йилда 7,5 миллион аҳолининг бандлиги таъминланди. Бу йилнинг ўзида 3 миллиондан зиёд иш ўрни очилди. Инвестиция ва бизнес муҳитини яхшиламаганимизда бундай натижалар бўлармиди, – дея таъкидлади Президент.

Албатта, тадбиркорларсиз бунга эришиб бўлмасди. Бугун иқтисодиётнинг турли тармоқларида, айниқса, қишлоқларда аҳолини даромадли қилишда улар ҳаракатлантирувчи куч бўлаётир. Юз минглаб ёшлар, хотин-қизларни касб-ҳунарли қилиш, тадбиркорликка ўргатиш тажрибаси ҳам тадбиркорлар билан ҳамкорлик маҳсули.
– Юртимизда тадбиркор ва ишбилармонларнинг янги авлоди шакллангани – бу бизнинг катта бойлигимиз ва ютуғимиз, – деди Президент. – Чунки ҳар бир тадбиркор инсон ўз ортидан ўнлаб одамни эргаштиради, уларга иш ўргатади, ишли, даромадли қилади, жамият ҳаётига янгилик олиб киради. Сизларни Янги Ўзбекистон қаҳрамонлари, десак, арзийди.
Президентимиз ташаббуси билан шаклланган эзгу анъанага мувофиқ, ҳар йили илғор тадбиркорлар Ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланиб келмоқда. Бу йил номзодларни танлашда ўз соҳасида барчага ўрнак бўлиб, аниқ натижага эришган, ишлаб чиқариш ва экспорт орқали ҳудудлар, бутун мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган тадбиркорларга алоҳида эътибор қаратилди.
Маросимда давлатимиз раҳбари ушбу мукофотларни тантанали равишда топширди.
Мукофотланганлар соҳани доимий қўллаб-қувватлаётгани ва меҳнатларига юксак эътибори учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.
Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар, зиёлилар иштирок этди.
Шундан сўнг давлатимиз раҳбари Янги Тошкентдаги бунёдкорлик лойиҳалари тақдимоти билан танишди.
Бу шаҳар қурилишига 2023 йилда тамал тоши қўйилган эди. Бугунга келиб илк иншоотлар қад кўтариб қолди. Бунёдкорлик учун Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларидан 19 минг 700 гектар ер ажратилган. Лойиҳанинг концепцияси Буюк Британиянинг “Cross-works” компанияси томонидан ишлаб чиқилган.
Биринчи босқичда 6 минг гектар майдонда иншоотлар қурилиб, 600 минг аҳоли учун замонавий шароитлар яратилади. Лойиҳа тўлиқ якунланганида 2 миллион нафар одам яшайдиган маконга айланади.
Бу рақамлар ҳудуддаги бунёдкорлик кўлами нечоғлик катта эканини кўрсатади. Инфратузилма шунга яраша сифатли ва узоқ муддатли бўлиши лозим. Шу боис ҳозирги кунда шаҳарнинг “таги” – ерости муҳандислик тармоқлари қурилмоқда.
Хусусан, бир ва икки секцияли коллекторлар ётқизиляпти. Улар орқали марказлашган иссиқлик ва сув қувурлари, электр энергияси, телекоммуникация каби барча муҳандислик тармоқлари ер остидан ўтказилади. Шунингдек, транспортларнинг эркин қатнови учун туннеллар ва ерости тураргоҳлари барпо этилади.
Ҳар бир лойиҳада замонавий ёндашув, мукаммал ечим ва яшиллик эътиборга олинмоқда. Хусусан, экологик тоза транспорт тизими ташкил этилади. Метро ва электробуслар ҳаракати мувофиқлаштирилади. Пиёдалар ҳамда велосипедчиларнинг тўсиқсиз ва хавфсиз ҳаракатланиши учун кенг қулайлик яратилади.
Ҳудудга 60 дан ортиқ давлат идоралари учун маъмурий бинолар барпо этилади. Бугунги кунда ўндан ортиқ вазирлик ва идоралар шу ердаги вақтинча ташкил этилган объектларда фаолият бошлаган.
Давлатимиз раҳбарига яқин истиқболда кўзда тутилган лойиҳалар ҳақида ахборот берилди.
Шаҳарга кўплаб маҳаллий ва хорижий инвесторлар қизиқиш билдирмоқда. Бугунги кунда аукционда сотилган 13 та тижорий лотлар бўйича 554 миллион долларлик инвестиция шартномалари тузилган.

Бу ерда қад ростлайдиган меҳмонхона ва ресторанлар, ўзига хос дизайндаги муҳташам бинолар ташриф буюрувчиларга юқори сифатли хизмат кўрсатиши билан бирга шаҳарни туризм марказига айлантириши шубҳасиз.
Ҳудуддаги қурилиш жараёнида 160 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланади. Келажакда эса шаҳарда инновацион технологияга асосланган, юқори даромадли юз минглаб доимий иш ўрни бўлади. Бунинг учун янги таълим ва тиббиёт кластерлари, ахборот технологиялари хизматлари ва технопарклар ташкил этилади.
Президент лойиҳаларга инвестициялар жалб этиш, дам олиш жойлари ва хизматларни қулай йўлга қўйиш бўйича тавсиялар берди.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбирлари
- Қўшилди: 21.08.2025
- Кўришлар: 121
- Чоп этиш