Шуша шаҳрида “Сохта нарративларни фош қилиш: дезинформацияга қарши кураш” мавзусида II Глобал медиа-форум бўлиб ўтди.
Форумда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан мулоқот долзарб савол-жавобларга бойлиги билан барча иштирокчиларга манзур бўлди, десак муболаға бўлмайди. Жумладан, давлат раҳбари Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА вакилининг қуйидаги саволига жавоб берди.
– Ҳурматли Президент, менинг саволим касбий хусусиятга эга. Сиз медиа-индустрия келажагини қандай тасаввур қиласиз ва ушбу жараёнда сунъий интеллектнинг роли қай даражада, деб ўйлайсиз?
– Бу ўринда медиа соҳасининг таниқли вакиллари билан рақобатлашишим ёки улар билмайдиган бирор янгилик айтишим мушкул, – деди Президент Илҳом Алиев. – Сунъий интеллектга келсак, бу мутлақо янги босқичга чиқаётган мавзу. Озарбайжоннинг нуфузли расмий манбаларида ҳам вақти-вақти билан на менга ва на мамлакатимизга алоқадор аллақандай бизнес-лойиҳалар эълон қилинади. Афсуски, кўпчилик бу хабарларга ишонади. Бундай вазиятда нима қилиш кераклигини айтиш қийин, чунки раддияни ҳамма ўқимаслиги ёки вақт ўтган бўлиши мумкин. Одатда фейкни дарҳол аниқлашнинг иложи йўқ, кейин эса одамлар нотўғри маълумотга ишониб қолганини тушунасиз. Ҳозирча бу ортга қайтариб бўлмас хусусиятга эга эмас. Шунчаки, кимдир шу йўл билан пул ишлаб олмоқчи бўлади. Гап фақат Озарбайжонда ҳам эмас. Бугунги кунда, ҳатто, ядро қуролига эга мамлакатлар ҳам сунъий интеллект манипуляцияси қурбонига айланиши мумкин. Қолаверса, одамлар ўртасидаги муносабат, инсон қадр-қиммати, унинг обрўсига зиён етказадиган ҳолатларни ҳам келтириб чиқариши мумкин. Зеро, таниқли шахсларни турли сохта маълумот, видео ёки аудио хабар орқали обрўсизлантиришга қаратилган мисоллар жуда кўп. Сиз бу жараёнга қарши қандай курашиш кераклигини айтишингиз зарур. Сиёсатчиларга, умуман, медиа “community”ни назарда тутяпман, муайян ОАВ аудиториясига бу борада фикр билдириш, сиёсатчилар эса чеклов хусусиятига эга ўта жиддий чоралар кўриши лозим. Зеро, бу фақат фейк янгилик бўлиб қолмай, инсон ҳаётига, жамият, мамлакат, алоҳида индивидуум хавфсизлигига, дахлсизликка, шахсий ҳаётга қарши жиддий таҳдиддир.
Ўйлайманки, форум доирасида ушбу мавзу батафсил муҳокама қилинади. Айни жараёнда зарур халқаро механизм ишлаб чиқилади. Ва бу бирор шаклда сўз эркинлигини чеклаш ёки шунга ўхшаш ҳолат деб тушунилмайди. Муайян ҳолатларга хотима бериш учун халқаро ташкилотлар – БМТ, “Катта йигирматалик” кўламида, асосий мамлакатлар даражасида жипслашиш керак.
ЎзА
- Қўшилди: 23.07.2024
- Кўришлар: 1915
- Чоп этиш