ПРЕЗИДЕНТ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ ТАРИХИЙ НУТҚИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 22 февраль куни Женева шаҳрида ўз ишини бошлаган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясининг Юқори даражадаги сегментида нутқ сўзлади. Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, "Демократик ислоҳотларимиз янги Ўзбекистонни бунёд этишга қаратилган бўлиб, бу ўзгаришлар ортга қайтмайдиган тус олди".

Ўзбекистон Президенти ўз чиқишида мамлакатимизда демократик ўзгаришларни янада чуқрлаштириш ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши доирасидаги фаолиятимизнинг устувор йўналишлари ҳақида атрофлича тўхталди. Юртбошимизнинг ушбу тарихий нутқи мамлакатимиз ва жаҳон жамоатчилиги томонидан кенг ҳамда қизғин муҳокама қилинмоқда.

 

Женева инсон ҳуқуқлари маркази

БМТ фаолиятининг учта устувор йўналиши бор. Булар:

  • тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш;
  • барқарор ривожланишга эришиш;
  • инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш.

 

Инсон ҳуқуқлари масалалари билан шуғулланадиган асосий тузилмалар Женева шаҳрида жойлашган. Женевада қирққа яқин нуфузли халқаро ташкилотнинг қароргоҳлари мавжуд. Бу ерда, шунингдек 300 дан ортиқ дипломатик ваколатхона ва 30 мингдан зиёд дипломатлар фаолият кўрсатади.

БМТнинг асосий органларидан ҳисобланувчи Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш ҳам Женевада иш олиб боради. Ушбу Кенгаш БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устувор йўналишлари ва ушбу соҳадаги халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлайди. Бир сўз билан айтганда, Кенгаш БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича стратегиясини ишлаб чиқиш билан шуғулланади.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши сессиясининг Юқори даражадаги сегментида давлат ва ҳукумат бошлиқлари ҳамда халқаро ташкилотлар раҳбарлари сўзга чиқади. Ҳар қайси давлат раҳбари ўз нутқида иккита асосий масалага эътибор қаратади. Биринчи масала  – ўз мамлакатининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тажрибаси; иккинчи масала  – инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташаббус билан чиқиш.

 

Юқори даражадаги сегментнинг хусусиятлари нималардан иборат?

Биринчи хусусияти: илк бор – 2020 йил 13 октябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига 2021-2023 йилларга сайланди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессияси доирасидаги ушбу дастлабки сайловларда Ўзбекистон учун БМТга аъзо 191 давлатдан энг кўпчилиги – 169 таси овоз берди. Осиё гуруҳидан Покистон ҳам 169 овоз тўплади. Шунингдек, Непал – 150 та, Хитой – 139 та, Саудия Арабистони – 90 та овоз олди.

Иккинчи хусусияти: илк бор – Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг аъзоси сифатида 2021 йил 1 январдан ўз вазифаларини бажаришга киришди.

Ўзбекистоннинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси бўлишидан кўзлаган мақсади эзгу ва холис. Биз мамлакатимизда ҳам, жаҳон миқёсида ҳам ҳуқуқ ва қонун устувор бўлиши, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳар томонлама таъминланиши, ҳимоя қилиниши ва рағбатлантирилиши тарафдоримиз.

Учинчи хусусияти: илк бор – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йил 22 февраль куни Женева шаҳрида ўз ишини бошлаган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясининг Юқори даражадаги сегментида нутқ сўзлади. Давлатимиз раҳбари ўз тарихий нутқида Ўзбекистоннинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашдаги фаолияти устувор йўналишларини белгилаб берди.

Тўртинчи хусусияти: илк бор – коронавирус пандемияси муносабати билан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг навбатдаги йиғилиши видеоанжуман шаклида ўтказилди.

Бешинчи хусусияти: илк бор – Юқори даражадаги сегментда қарийб 150 мамлакатдан давлат, ҳукумат раҳбарлари, ташқи ишлар ва адлия вазирлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар намояндалари, бир қатор халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди ҳамда кўплаб олий даражадаги раҳбарлар сўзга чиқди.

Олтинчи хусусияти: илк бор – МДҲга аъзо давлатлар бошлиқлари орасидан айнан Ўзбекистон Президенти дастуриламал нутқ сўзлади.

Еттинчи хусусияти: илк бор – Юқори даражадаги сегмент мажлиси Женева-Тошкент телекўприги орқали тўғридан-тўғри намойиш этилди.

Саккизинчи хусусияти: илк бор – Ўзбекистон Президентининг нутқи БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши юксак минбаридан ўзбек тилида янгради. Бу БМТ ташаббуси билан ҳар йили 21 февралда нишонланадиган Халқаро она тили куни анъаналарига ҳамоҳангдир. Шу билан бирга, бу – давлатимиз раҳбарининг давлат тили мақомига ҳурмати ва эҳтироми ифодаси ҳамдир.

Тўққизинчи хусусияти: илк бор –  Ўзбекистон Президентининг нутқи  тўрт тилда, яъни ўзбек, инглиз, француз ва рус тилларида китоб ҳолида нашр этилиб, Женевадаги барча дипломатик ваколатхоналарга тарқатилди.

Ўнинчи хусусияти: илк бор –  БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясининг Юқори даражадаги сегменти мажлиси онлайн тарзда интернет ва телеканаллар орқали тўғридан-тўғри намойиш этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясининг Юқори даражадаги сегментида сўзлаган нутқи ва ташаббуслари Женевадаги халқаро ташкилотлар, дипломатик миссиялар ҳамда илмий-таҳлилий марказлар вакиллари, дипломатлар ва экспертларда катта қизиқиш уйғотди.

Женева ҳамжамиятининг таҳлилларига кўра, Ўзбекистон Президентининг нутқида 3 та даражадаги, яъни миллий, минтақавий ва глобал миқёслардаги фаолият йўналишлари муҳокама қилиниб, янги ташаббуслар илгари сурилди.

 

Миллий даражадаги ташаббуслар

Биринчидан, Президентимизнинг нутқида янги Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги янги овози янгради. Энг аввало, давлат раҳбари мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегияси доирасида инсон ҳуқуқларини ривожлантириш соҳасида эришилган ютуқларга тўхталди.

Энг муҳими,  таъкидланганидек, "Демократик ислоҳотларимиз янги Ўзбекистонни бунёд этишга қаратилган бўлиб, бу ўзгаришлар ортга қайтмайдиган тус олди".

Иккинчидан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва амалга ошириш борасидаги мамлакатимиз тажрибаси ҳақида сўз юритилди. Халқаро экспертлар ушбу ибратли тажриба БМТга аъзо давлатлар учун намуна вазифасини ўташини эътироф этдилар.

Учинчидан, Президентимиз Юқори даражадаги сегмент иштирокчилари эътиборини мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги кодекслар ишлаб чиқилаётганига қаратди. Бу кодекслардан бири – Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантиришга, иккинчиси эса сўз эркинлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши лозим.

Тўртинчидан, давлатимиз раҳбари "Болалар меҳнатига барҳам бериш халқаро йили" деб эълон қилинган жорий йилда Ўзбекистонда Болалар Омбудсмани тўғрисидаги қонун қабул қилинишини қайд этди. Шу билан бирга, БМТнинг Қийноқларга қарши конвенцияси Факультатив протоколи Ўзбекистон томонидан ратификация қилиниши таъкидланди.

 

Минтақавий даражадаги ташаббуслар

Халқаро экспертларнинг фикрича, Ўзбекистон Президенти кейинги йилларда Марказий Осиё минтақасида тубдан янги геосиёсий муҳит яратди. Давлатимиз раҳбари Женевадаги нутқида фаол минтақавий сиёсатини инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ташаббуслари билан кенгайтирди.

Биринчидан, бу йил юртимизда Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг мулоқотини ташкил этиш, шунингдек хотин-қизларнинг минтақавий бизнес-форумини ўтказиш ташаббуси илгари сурилди.

Иккинчидан, Президентимизнинг имконияти чекланган шахсларнинг ўз қобилиятини тўла рўёбга чиқариш масалалари бўйича Минтақавий кенгаш тузиш таклифи ҳам минтақавий аҳамият касб этади.

Учинчидан, давлатимиз раҳбари Осиё қитъасининг инсон ҳуқуқлари бўйича минтақавий механизмини мунтазам фаолият кўрсатадиган платформа – Самарқанд форуми негизида яратиш борасида кўмак беришга Ўзбекистон тайёр эканини маълум қилди.

Женевадаги илмий-таҳлилий доиралар ушбу ташаббусларга ижобий муносабат билдирмоқда. Таҳлилчилар Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашидаги пешқадамлигини олқишлаб, Президентимизнинг Марказий Осиё давлатларининг инсон ҳуқуқларини ривожлантириш соҳасидаги сиёсатларини уйғунлаштиришга қаратилган интилишларини юқори баҳоладилар.

 

Глобал даражадаги ташаббуслар

Ўзбекистон Президенти мамлакатимиз БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида фаоллик ва ташаббускорлик асосида иш олиб боришини таъкидлади.

Биринчидан, Ўзбекистон БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ва Қийноқларга қарши конвенцияси Факультатив протоколини ратификация қилади.

Иккинчидан, мазкур масалалар юзасидан ҳамкорликда ишлаш мақсадида БМТнинг Қийноқлар масаласи бўйича махсус маърузачиси мамлакатимизга таклиф этилади. "Бу борада мандатга эга бўлган барча вакилларнинг Ўзбекистонга ташриф буюришлари учун доимий таклифнома юбориш ҳақида қарор қабул қиламиз", деди Президентимиз.

Учинчидан, давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда жорий йилнинг "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" деб эълон қилинганини маълум қилар экан:

         - БМТ шафелигида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясини ўтказиш;

         - БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг ўнинчи форумида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳасини тақдим этиш;

         - БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси институтини таъсис этиш ташаббусларидан иборат 3 та амалий таклифни илгари сурди.

Тўртинчидан, Юртбошимиз томонидан Судьялар кенгашлари фаолиятинининг универсал принципларини ишлаб чиқиш ташаббуси тақдим этилди.

Бешинчидан, Президентимиз инсон ҳуқуқлари соҳаси бўйича таълимни ривожлантириш борасида Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим декларациясининг 10 йиллигига бағишлаб БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси билан ҳамкорликда глобал форум ўтказиш ҳамда ўқитиш тизимини ривожлантириш мақсадида БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ихтиёрий бадаллар жамғармасига Ўзбекистон ўз ҳиссасини қўшишига доир 2 та таклифини билдирди. 

Олтинчидан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг фуқаролиги бўлмаган инсонлар сонини камайтиришга қаратилган ташаббусини қўллаб-қувватлаган ҳолда, Президентимиз ўтган йили 50 минг нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинганига эътиборни қаратиб, бу йил яна 20 мингдан зиёд киши фуқроликка эга бўлишини қайд этди.

Еттинчидан, давлатимиз раҳбари БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишель Бачелетни юртимизга таклиф этди.

Саккизинчидан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг аъзоси сифатида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларини қатъий ҳимоя қилиши таъкидланди. Чунки инсон ҳуқуқлари универсал қадрият бўлиб, Президентимиз таъкидлаганидек, "Бу устувор тамойилсиз ер юзида тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга эришиб бўлмайди".

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Президенти Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Инсон ҳуқуқлари йўлида ҳаракатга даъват” ташаббусини ҳамда 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашни кўзда тутадиган “ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик” тамойили асосида амалга оширилишини қўллаб-қувватлади.

Чунки ушбу умумбашарий ташаббуслар мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегияси доирасида инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган изчил, тизимли ва кенг кўламли ислоҳотлар билан ҳамоҳангдир.

Акмал Саидов,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech