Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон мультимодал халқаро юк ташиш йўналиши бўйича биринчи юк поезди 17 июль куни Хубэй провинцияси Ухань шаҳридаги Уцзяшань бекатидан жўнади, деб хабар бермоқда “Синьхуа” ахборот агентлиги.
Озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар ортилган таркиб Шинжон-Уйғур автоном райони Қашқар шаҳрига етиб боргач, контейнерлар юк машиналарига ўтказилади ва “Иркештом” назорат-ўтказиш манзили орқали Хитойдан чиқиб кетади. Сўнгра Ўзбекистон пойтахти Тошкентга етказилади.
Сўнгги йилларда Хубэй ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги савдо айланмаси босқичма-босқич ошган. Жорий йил апрель ойида Ухандан Марказий Осиёга юк поезди мунтазам йўналишга киритилиб, ойига 440 тагача стандарт контейнер ва 7500 тоннадан кўп юк ташиш имкони яратилди.
Айни пайт манфаатдор томонлар транспорт тартиб-қоидасини осонлаштириш, логистика тармоғини кенгайтириш ва юқори самарадор халқаро йўлаклар яратиш бўйича келгуси ҳамкорлик салоҳиятини ҳам ўрганмоқда.
М.Пирматова, ЎзА
- Қўшилди: 18.07.2025
- Кўришлар: 589
- Чоп этиш