2021 йил 7 октябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамкорлигида ташкил этилган “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусидаги икки кунлик семинар-тренинг ўз ишини бошлади.
Коронавирус билан боғлиқ шароитни ҳисобга олган ҳолда, офлайн ва онлайн шаклларда ўтказилаётган семинар-тренингда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ички ишлар Академияси, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти, Бош прокуратура Академияси масъул ходимлари, профессор-ўқитувчилари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармалари тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари иштирок этмоқда.
Семинар-тренинг фаолияти асосан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура билан биргаликда 2021 йил 1 октябрдан бошлаб тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича ўқув курсларини ташкил мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тренерларни тайёрлашга қаратилган.
Ушбу вазифа Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори 5-бандида белгиланган.
Кейинги босқичда, 18 октябрдан 6 ноябрга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан Ички ишлар вазирлиги тизимида фаолият олиб борувчи тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларининг 1 минг 154 нафар ходими учун ўқув курслари ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Семинар-тренинг ана шу ўқув курслари учун тренинглар тайёрлашга мўлжалланган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов тадбирни очиб берар экан, аввало, қийноқлар замирида инсоннинг шахси ва шаънини оёқости қилиш, ор-номуси ва қадр-қимматини топташ ҳамда хўрлаш ётишини қайд этди. Шунинг учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланувчи Ўзбекистон ҳам қийноқларни муайян одамлар томонидан бошқаларга нисбатан қўлланадиган энг ғайриинсоний қилмиш сифатида ҳар доим қоралаб келади.
Халқаро ҳуқуққа кўра, қийноқлар – инсониятга қарши жиноятдир. Бу борада қабул қилинган барча ҳужжатларда қийноқлар қатъиян тақиқланади ҳамда қийноққа солиш ҳолатини оқлашга ҳеч қачон ва ҳеч қандай йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддаси талабига кўра, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа турдаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас.
Бу ҳақда сўз борганда, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1997 йил 26 июнь – Қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро куни деб эълон қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим. Мазкур халқаро санада дунё миқёсида қийноқларга бутунлай барҳам бериш ҳамда БМТнинг Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши конвенцияси янада самарадор ишлашини таъминлашга қаратилган турли тадбирлар ўтказилади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш, жумладан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор айнан 26 июнь – Қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро кунида қабул қилинди. Бу муҳим воқелик келгусида мазкур сананинг Ўзбекистон учун миллий ва халқаро даражадаги тарихий аҳамиятини янада оширади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг изчил давом эттирилишини таъкидлар экан, тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш соҳасида қийноқларнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш зарурлигига эътиборни қаратди.
Давлат раҳбари, авваламбор, Олий Мажлис палаталари ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази зиммасига қийноқларнинг олдини олиш бўйича Омбудсман ваколатларини кенгайтириш, шунингдек, жамоатчилик назоратини кучайтириш юзасидан ўз таклифларини ишлаб чиқиш вазифасини юклади. Бунда Омбудсман томонидан ҳар чорақда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига “мониторинг ташрифлари”ни тизимли йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, ислоҳотларнинг амалдаги босқичи қийноққа солишнинг барвақт олдини олиш, у билан боғлиқ мурожаатларни тезкор равишда холисона кўриб чиқиш, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга мониторинг ташрифларини мунтазам амалга ошириш бўйича самарали ҳуқуқий механизмларни яратиш ишларини давом эттириш масаласини кун тартибига қўйди.
Мазкур долзарб масала Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида ўз аксини топди. Мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида ҳам бу борада аниқ вазифалар назарда тутилди.
Ана шу миллий омилларни ҳамда БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилаётган ўқув курслари ниҳоятда долзарб ва муҳимдир.
Ушбу машғулотлар қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмларни такомиллаштириш соҳасида тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимларининг қийноққа солишга қарши курашишда халқаро амалиёт ва миллий тажрибани қўллашга оид кўникмаларини янада оширишга хизмат қилади.
Семинар машғулотларининг биринчи кунида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари – Тергов департаменти бошлиғи полковник Яҳёжон Абдулҳақов сўзга чиқди. Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Бош прокуратура Академияси, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти экспертларининг маърузалари тингланди.
Амалий машғулотлар қизиқарли мунозара ва савол-жавобларга уланиб кетди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 07.10.2021
- Кўришлар: 3446
- Чоп этиш