САЙЛОВ ВА ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ ИНСТИТУТЛАРИ

2021 йил 21 сентябрь куни Тошкентда “Фуқаролик жамияти институтлари ва сайлов” мавзуида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Онлайн ва офлайн шаклдаги ушбу тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, “Барқарор ривожланиш маркази” НТТ ва Тошкент давлат юридик университети томонидан ташкил этилди.

            Давра суҳбати халқаро ҳамкорлар – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури (БМТТД), Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги  (ШТҲА) кўмагида ўтказилди.

Халқаро давра суҳбатида Марказий сайлов комиссияси, Адлия вазирлиги, сиёсий партиялар ҳамда мамлакатимизнинг академик ҳамжамияти ва таҳлилий марказлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаоллари қатнашди. Шунингдек, тадбирда халқаро экспертлар ва мамлакатимизда аккредитациядан ўтган чет эл дипломатик корпуси вакиллари иштирок этди.

Тадбирнинг очилишида сўзга чиққан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилла Тиллабоев таъкидлаганидек, сайлов жараёнига жамоатчиликнинг кенг қатламларини жалб этиш масаласи – барқарор демократик тамойилларни ҳаётга жорий этишнинг зарурий шартларидан биридир. Ўзбекистонда мавжуд фуқаролик жамияти институтларини фаол равишда мустаҳкамлаш ва янги фуқаролик жамияти институтларини яратиш жараёни бормоқда.

            Халқаро давра суҳбатидан кўзланган бош мақсад – фуқаролик жамияти институтларининг сайлов жараёнларидаги иштироки юзасидан фикр ва тажриба алмашиш, ННТ ва волонтёрларни сайлов жараёнига фаол жалб этиш, аҳолининг ҳуқуқий ва электорал маданиятини юксалтириш, демократик сайловларни таъминлаш бўйича асосли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат. Шу боис асосий эътибор фуқаролик жамияти институтлари фаолияти учун яратилган қулай сиёсий-ҳуқуқий ва ташкилий шарт-шароитлар ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилишга қаратилди.

Бу борада таклиф этилган экспертлар томонидан “Сайловлар давлат ва фуқаролик жамияти ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг сиёсий институти ва фуқаролик жамиятининг зарур элементи сифатида”, “Электорал маданиятни юксалтиришда фуқаролик жамиятининг роли”, “Сайлов жараёнларида фуқаролик жамиятининг иштироки соҳасида халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик”, “Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва сайловларнинг очиқлигини ва шаффофлигини таъминлаш” каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Ўзар мулоқотларда фуқаролик жамияти институтларининг сайлов жараёнидаги асосий вазифалари, роли ва ўрнини аниқлаш, жамиятда ҳуқуқий ва электорал маданиятни юксалтириш, сайловларни кузатиш, сайловларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш йўналишларида фикр алмашилди. Иштирокчилар томонидан, жумладан, фуқаролик жамияти институтлари – сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари, ННТ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва волонтёрлар – сайлов жараёнининг энг муҳим субъектлари эканлиги қайд этилди.

 Халқаро давра суҳбати иштирокчилари томонидан якуний ҳужжат қабул қилинди. Якуний ҳужжатда сайлов жараёнида фуқаролик институтларининг ўрни ва аҳамиятини янада ошириш, сайловларнинг адолатли ва қонунийлигини, очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш юзасидан қатор тавсия ва таклифлар билдирилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech