Президент Шавкат Мирзиёев 15 октябрь куни Тошкент вилоятида янги халқаро аэропорт лойиҳаси тақдимоти билан танишди ҳамда мазкур улкан мажмуа қурилиши бошланишига бағишланган маросимда иштирок этди.
Изчил тараққий этиб, улкан мегаполисга айланаётган Тошкент шаҳрига дунёнинг турли минтақаларидан сайёҳлару тадбиркорлар, инвестору давлат арбобларининг ташрифи кўпайиб бормоқда. Аниқ рақамларда айтадиган бўлсак, Ўзбекистон дунёга кенг очилганидан сўнг хорижий сайёҳлар сони 3 миллиондан 10 миллионга ошди. 2030 йилга бориб, 15 миллионга етади.
Яхши қўшничилик алоқаларининг тиклангани, чегараларнинг очилгани натижасида одамлар учун минтақамиз бўйлаб бемалол ҳаракат қилиш имконияти яратилди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилаётган Янги Тошкент шаҳри ҳам қулай жойлашуви, инвестиция жозибадорлиги, яшаш учун барча шароитга эгалиги боис, ғоят гавжум масканлардан бири бўлиши кутилмоқда.
Шунга мувофиқ, транспорт инфратузилмасининг барча йўналишлари мутаносиб ривожлантирилмоқда. Айниқса, авиация соҳасида янги экотизимни шакллантириш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, ҳудудлардаги 7 та халқаро аэропорт замон талаблари асосида реконструкция қилиняпти.
Мўйноқ, Қўқон, Зомин, Шаҳрисабз, Сариосиё, Сўх туманларида янги аэропортлар барпо этилиб, уларнинг сони 18 тага етказилди.
Энг муҳими, соҳада рақобат муҳити яратилгани сабабли 15 та янги авиакомпания пайдо бўлди. Уларнинг авиапаркидаги ҳаво кемалари сони 26 тадан 105 тага етди.
Ҳозирда Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Корея, Хитой, Ҳиндистон, Малайзия, Туркия, Россия, Польша каби давлатларнинг 51 та авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам қатновларни амалга оширмоқда.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида келгусида ҳам транспорт инфратузилмаси жадал ривожлантирилишини таъкидлади.
Жумладан, келгуси беш йилда авиапаркдаги ҳаво кемалари 180 тага, йўналишлар 230 тага, маҳаллий ва халқаро авиақатновлар сони эса йилига 200 мингга етказилади. Аэропорт инфратузилмасини хусусий шериклик асосида ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар изчил давом эттирилади.
– Ушбу ислоҳотларимизнинг пировард натижасида Ўзбекистонни Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимолни боғловчи йирик авиация хабига айлантиришни мақсад қилганмиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
Янги халқаро аэропорт қурилиши бунга катта замин бўлиши қайд этилди.
Таҳлилларга кўра сўнгги саккиз йилда пойтахтга авиа йўловчилар оқими уч карра ошиб, йилига 9 миллионга етди. 2040 йилга бориб, 24 миллиондан ошади. Лекин йилига 11 миллион одамга хизмат кўрсатадиган ҳозирги аэропорт шаҳар ҳудудида жойлашгани учун уни кенгайтиришнинг имконияти йўқ. Шу боис, соҳадаги етакчи хорижий экспертлар ва жамоатчилик вакиллари билан муҳокама қилиниб, Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги 1 минг 300 гектар майдонда янги халқаро аэропорт барпо этилмоқда.
Саудия Арабистонининг “Vision Invest”, Япониянинг “Sojitz” ва Кореянинг “Incheon” компаниялари иштирокидаги халқаро консорциум билан ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳа тўрт босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқичда 2,5 миллиард доллар эвазига аэровокзал ҳамда аэродром қурилади. Бу билан терминаллар орқали йилига 20 миллион нафар йўловчи ва 129 минг тонна юк ўтказиш, соатига 30 та учиш-қўниш операцияларини бажариш, 14 та телескопик траплардан фойдаланиш ҳамда бир вақтнинг ўзида 62 та ҳаво кемасини сақлаш имконияти яратилади.
Ушбу аэропорт авиация хизматлари сифатини ошириш, парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, техник жиҳатдан тартибга солиш бўйича Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг талабларига тўлиқ жавоб беради.
Энг илғор аэронавигация ва парвозлар хавфсизлигини таъминлаш тизимлари ўрнатилиб, ҳар қандай об-ҳаво шароитида самолётларни қабул қилиш мумкин бўлади.
Яна бир муҳим жиҳати, бу лойиҳа “яшил” стандарт тамойилларига жавоб берадиган минтақадаги биринчи аэропорт бўлади. Терминалларда 46 минг квадрат метрлик “Duty free” зонаси ташкил этилади.
Янги аэропортни қуриш орқали мультимодал транспорт боғламаси ташкил этилади. Ушбу ҳудуд Тошкент – Самарқанд, Тошкент – Андижон, Тошкент – Бўстонлиқ пуллик автомобиль йўлларига уланади. Бу ерда замонавий темир йўл станцияси қурилиб, тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилади. Пойтахт ва Янги Тошкент марказлари шаттл транспорт хизматлари орқали боғланади.
Энг асосийси, янги аэропорт иқтисодий жиҳатдан ҳам давлат учун жозибадор бўлиб, бу лойиҳа мамлакатимизга 27 миллиард доллардан ортиқ даромад келтиради. Юртимизда хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш, туризм соҳаларининг янада ривожланишига, янги иш ўринларининг очилишига ҳисса қўшади.
Давлатимиз раҳбари тадбирда иштирок этаётган хорижий ҳамкорлар, молия ташкилотлари, туристик компаниялар вакилларига миннатдорлик изҳор этди. Янги аэропортнинг барпо қилинишида қатнашадиган барча мутахассислар, муҳандислар ва қурилиш жамоасига юксак ишонч билдирди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев янги Тошкент халқаро аэропорти пойдеворига капсула қўйиб, қурилишини бошлаб берди.
Шу куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида бўлиб, Шота Руставели кўчасида амалга оширилган реконструкция ишларини кўздан кечирди.
Йўл инфратузилмасини ривожлантириш ва транспортлар ҳаракатига қулайлик яратиш аҳоли сони мунтазам ошиб, ҳудуди кенгайиб бораётган Тошкент учун долзарб масала. Шу боис, равон йўллар, муаззам кўприклар қурилиб, мавжудлари замон талабларига мос таъмирланмоқда.
Шота Руставели кўчаси пойтахтимизнинг бир неча туманларини боғловчи марказий йўлдир. Транспортлар ҳаракатига қулайлик яратиш мақсадида унинг Миробод кўчасидан Чоштепа кўчасигача бўлган қарийб 7 километр қисми реконструкция қилинди.
Эндиликда 10 та қатнов қисмига бўлинган йўлнинг 6 та тасмасида автомобиллар, махсус ажратилган 2 та йўналишда автобуслар ҳаракатланади. Қолган 2 та йўлак эса автомобиллар тўхтаб туриши учун мўлжалланган.
Президентимиз давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари билан биргаликда автобусда юриб, қулайликларни кўрди, йўловчилар билан самимий суҳбатлашди.
Кўча ўртасида ривожланган мамлакатларнинг илғор тажрибасидан келиб чиқиб, BRT (Bus Rapid Transit) тизими асосида ажратилган автобус йўлаги Тошкент шаҳрида биринчи бор амалиётга татбиқ қилинди. Бу жамоат транспорти қатновини тезлаштириб, йўловчиларга қулайликларни яхшилади.
Умумий қиймати 19,2 миллион долларлик ушбу лойиҳа натижасида йўловчи оқими соатига 2 минг 500 дан 6 минг кишига ортди. Шунингдек, суткасига 40 мингта автомобиль ўтказиш имконияти яратилиб, ўртача тезлик соатига 23 километрдан 30 километрга етказилди.
Энг муҳими, бу ўзгаришлар натижасида хавфсизлик даражаси ошиб, йўл-транспорт ҳодисалари камаяди.
Лойиҳа доирасида автобуслар тўхташи учун 21 та янги бекат, 463 та “ақлли” светофор ўрнатилди. Интеллектуал транспорт тизими жорий этилди. Йўл бўйида автомобиллар тўхтаб туриши учун ҳам шароит инобатга олинган.
Шунингдек, велосипед йўлаклари, яшил ҳудудлар, суғориш ва дренаж тизимлари барпо этилди.
Шу ерда Тошкент шаҳрида алоҳида ажратилган автобус йўлакларини узайтириш, шаҳар атрофида транспорт боғламалари ташкил этиш лойиҳалари тақдимот қилинди.
– Агар метро йўллари қурмаганимизда, янги автобуслар олиб келмаганимизда бугун Тошкентда транспорт қатнови қийин бўларди. Шунинг учун одамларни рози қилиш нуқтаи назаридан йўлларни тўғрилаяпмиз, жамоат транспортини ривожлантиряпмиз. Бундай ишларни барча шаҳарларимизда давом эттирамиз, – деди Президент.
Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга жамоат транспорти учун қулайликларни ошириб, тирбандликни камайтириш, шаҳарни Янги Тошкент билан самарали боғлаш борасида топшириқлар берди.
Шота Руставели кўчасининг янги қиёфаси нафақат пойтахт кўркини оширди, балки Тошкентнинг замонавий ва интеллектуал транспорт тизимига қадам қўйганини намоён этади.
Давлатимиз раҳбари пойтахтимизнинг Янгиҳаёт туманидаги “Янги авлод” махсус саноат зонасидаги алюмин қадоқ ишлаб чиқариш, салқин ичимликлар қуйиш корхонаси фаолияти билан танишди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда саноатлаштириш сиёсати янги босқичга кўтарилди. Ўзига хос ишлаб чиқариш қуввати ва халқаро технологик стандартлар асосидаги иқтисодий ўсиш модели шаклланди.
“Янги авлод” махсус саноат зонаси Президентимизнинг 2024 йил 20 мартдаги тегишли қарорига асосан ташкил этилган. У замонавий ишлаб чиқариш инфратузилмаси, қулай логистика имкониятлари ва инвесторлар учун яратилган кенг имтиёзлари билан ажралиб туради.
Ҳудуддаги истиқболли лойиҳалардан бири “East Can Solutions” компанияси томонидан амалга оширилмоқда. Бу ерда алюмин қадоқ ишлаб чиқариш ва салқин ичимликлар қуйиш мажмуаси ташкил этилди.
Президентимиз лойиҳанинг истиқболи, у ерда тайёрланаётган маҳсулотлар кўргазмаси билан танишди. Шу ерда лойиҳага расман старт берилди.
Корхона 21 гектар ҳудудда жойлашган. Қиймати 90 миллион доллар бўлган ушбу лойиҳа асосан хорижий инвестициялар ҳисобига молиялаштирилмоқда.
Марказий Осиёдаги саноқли корхоналар сирасига кирувчи бу мажмуа АҚШ, Буюк Британия, Италия ва Германияда ишлаб чиқарилган замонавий ускуналар билан жиҳозланди. Ишлаб чиқариш жараёни эса тўлиқ рақамлаштирилган.
Корхона қуввати босқичма-босқич ошириб борилади. Илк босқичда йилига 600 миллион дона, кейинги босқичларда эса 1,1 миллиард ва 2,2 миллиард дона алюмин қадоқ маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Бу кўрсаткичлар нафақат ички бозор эҳтиёжини қондириш, балки минтақавий миқёсда рақобатбардош маҳсулот экспорт қилиш имконини ҳам яратади.
Лойиҳанинг ишга тушиши натижасида 60 миллион долларлик импорт ўрни қопланиб, 20 миллион долларлик экспорт имконияти яратилади.
Маҳаллийлаштириш даражаси 90 фоизга етказилади. Эътиборлиси, корхонадаги барча лойиҳалар тўлиқ ишга тушиши билан 500 та янги иш ўрни яратилади. Бюджет учун эса салмоқли солиқ тушумлари таъминланади.
Президентга шу ерда “Янги авлод” махсус саноат зонасида амалга оширилаётган ишларнинг бориши ҳақида ахборот берилди.
Масъуллар саноат зонасининг умумий ривожланиш стратегияси, маҳаллийлаштириш, рақамлаштириш ва энергия тежамкор технологияларни жорий этиш бўйича қилинган ишлар хақида маълумот берди.
Бу ерда озиқ-овқат, электротехника, машинасозлик, кимё ва қурилиш материаллари йўналишларида жами 1 миллиард 200 миллион долларлик 58 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарига уларнинг 28 таси тақдимот қилинди. Яқин истиқболда амалга ошадиган ушбу ташаббуслар натижасида 7 минг 600 та янги иш ўрни яратилади.
Улар нафақат иқтисодий самара, балки янги иш ўринлари, экспорт салоҳияти ва маҳаллий ишлаб чиқариш тармоқларини ривожлантириш орқали ижтимоий барқарорликка ҳам хизмат қилиши қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари “Anglesey Food” масъулияти чекланган жамиятининг маҳсулотларни сақлаш ва тақсимлаш маркази фаолиятини ҳам бориб кўрди.
“Янги авлод” махсус саноат зонаси ҳудудида ташкил этилган мазкур корхона “Korzinka” дўконлар тармоғи учун маҳсулотларни сақлаш, саралаш ва қадоқлаш хизматларини кўрсатади.
Корхона 10 гектар майдонда жойлашган бўлиб, 49 минг квадрат метр ҳудудига омбор жойлаштирилган. Қурилиш материаллари ва музлаткич камералар учун жиҳозлар Хитой, Туркия, Беларусь ва Россия давлатларидан олиб келинган, барчаси “EDGE Advanced” халқаро сертификатига эга.
Ушбу лойиҳа Марказий Осиёдаги “А” синфига кирувчи энг йирик тақсимот маркази ҳисобланади. Бир вақтнинг ўзида 145 та дарвозада текисловчи мосламалар юклаш ҳамда юкни тушириш имконига эга.
Марказда 4 хил ҳароратли ҳудуд мавжуд. Шу боис, маҳсулотлар турига қараб музлаткичда, паст ҳароратли совутиш камераларида ҳамда қуруқ жойда сақланади.
Шунингдек, марказда туну кун ишловчи 96 та синов усулига эга махсус лаборатория барпо этилади. 1 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.
Танишув якунида бўлиб ўтган жамоатчилик вакиллари билан мулоқотда оқилона иқтисодий сиёсат ва инвесторларнинг бунга ишончи ҳақида сўз юритилди.
– Сўнгги саккиз йилда 130 миллиард долларлик хорижий инвестиция кириб келди, бу қанчадан-қанча завод ва корхоналарга айланди. Бугун ҳам яна бир катта лойиҳа – янги халқаро аэропорт қурилишини бошладик. Унга Саудия Арабистони, Япония, Корея инвестиция киритяпти. Бу ўз-ўзидан бўлмайди. Бу – мамлакатимиз келажагига бўлган катта ишонч белгиси, – дея таъкидлади Президентимиз.
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманидаги “ТСТ Rice” шоличилик кластери фаолияти билан ҳам танишди.
Ушбу масъулияти чекланган жамиятда шоли етиштириш ва уни чуқур қайта ишлаш бўйича тўлиқ саноат занжири яратилган.
Айтиш жоизки, илгари шоликорлар фаолияти тарқоқ бўлгани учун тузук даромад ололмасди. Айниқса, шолини қайта ишлашда кўплаб муаммоларга дуч келинарди. Кейинги йилларда алоҳида эътибор туфайли соҳада сифат ўзгаришлари бошланди, самарадорлик ошди.
Бугунги кунда Тошкент вилоятида ҳам шоличилик тармоғида муайян ютуқларга эришилмоқда.
Вилоятда жорий йил ҳосили учун 8,7 минг гектар шоли экилди. Сув тежовчи технологиялар учун 3 минг гектар ер лазерли текисланди. Натижада вилоят бўйича 60 миллион метр куб сув тежалди, 522 тонна уруғлик сарфи камайди.
Жумладан, “TCT Rice” кластери томонидан 2 минг гектардан зиёд майдонда “Искандар”, “Гулистон”, “Нукус” навлари экилиб, парваришланди.
Бугунги кунда 985 гектар майдонда шоли йиғиб олиниб, гектарига ўртача 65-70 центнердан, айрим далаларда 80-85 центнердан ҳосил олинди.
Давлатимиз раҳбари шу ерда фермерлар, қишлоқ хўжалиги фахрийлари билан мулоқот қилди. Улар ҳосилдор навлар ва янгича агротехнологиялар туфайли меҳнатдан манфаатдорлик ошиб бораётганини айтди.
– Бугун ҳамма соҳада илмга, инновацияга, илғор технологияларга таяняпмиз. Қишлоқ хўжалигида ҳам бозор тамойилларини жорий этиб, даромадни оширмаганимизда бугунгидек ҳосилдорлик бўлмасди. Сўнгги вақтларда табиат ўзгариб, сув тақчиллиги ортмоқда. Энди миришкорлар бунга мослашиб ишлаши, томчилатиб суғориш, сувдан тежаб фойдаланишни ўрганиши керак, – деди Президент.
Соҳадаги хорижий тажрибаларни ўрганиш, илм билан меҳнат унумдорлигини ошириш муҳим экани таъкидланди. Мутасаддиларга ҳосилдор навларни кўпайтириш, қайта ишлашни кучайтириш, сув тежовчи технологиялардан самарали фойдаланиш, янги иш ўринларини яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ, Абдулазиз МУСАЕВ,
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА мухбирлари
- Қўшилди: 16.10.2025
- Кўришлар: 321
- Чоп этиш
Ўзбекча
English
Русский