РФ Президенти дунёнинг нуфузли ахборот агентликлари раҳбарлари билан учрашди

Жорий йил 18 июнь куни Россия Президенти Владимир Путин Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми (ПМЭФ) доирасида, анъанага кўра, дунёнинг етакчи ахборот агентликлари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.

“Россия ахборот-телеграф агентлиги (ИТАР-ТАСС)” Федерал давлат унитар корхонаси кўмагида бу йил тўққизинчи бор уюштирилган, икки соатга яқин давом этган мазкур мулоқотда “Reuters”, “Deutsche Press Аgеntur”, EFE, “Синьхуа”, “Associated Press”, “Anadolu”, “France Press” сингари машҳур медиа бирлашмалари раҳбарлари қаторида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА бош директори, сенатор Абдусаид Кўчимов ҳам қатнашди.

Кутилганидек, етакчи хорижий давлатлар ОАВ вакиллари иштирокида кечган суҳбатда Россия – Украина низоси, НАТОнинг бугунги ҳаракатлари, Яқин Шарқ можароси, айниқса Эрон – Исроил зиддияти, АҚШнинг дунё сиёсатига таъсири каби муҳим мавзулар тилга олинган.

Хусусан, ЎзА раҳбари Путинга мурожаат қиларкан, кейинги вақтда халқаро жамоатчилик муҳокамасидан тушмай келаётган масала – РФ ҳукумати олиб бораётган миграция сиёсатини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар туфайли юзага келган айрим англашилмовчиликларга эътибор қаратди.

РФ етакчиси ушбу саволга жавоб бераркан, ҳақиқатан мигрантлар билан боғлиқ, ижтимоий хусусиятга эга ёки меҳнат бозорига доир баъзи муаммолар мавжудлигини инкор этмаган ҳолда, айнан “Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович билан бу масалада биргаликда иш олиб борилаётгани, муаммолар албатта бартараф этилиши”ни таъкиллади.

Абдусаид Кўчимов Владимир Путин билан мулоқоти давомида ушбу муҳим масала бўйича муайян таклифларни ҳам илгари сурди. Масалан, икки давлат ёшларининг барқарор умумий келажагини қуриш учун кенг кўламли, узоқ муддатга мўлжалланган махсус дастурлар ишлаб чиқиш ва ишга тушириш лозимлигини билдирди.

Ўз навбатида, Россия раҳбари мамлакатимиз вакилининг фикрини тўлиқ маъқуллаб, бу борада изчил иш олиб борилиши, масалан РФда ишлаш истагида бўлган ёшларни алоҳида тайёрлаш тизимини яратиш кўзда тутилганига урғу берди. В.Путин шу ўринда Ўзбекистон Президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёеванинг яқинда Москвага амалга оширган ташрифига ҳам тўхталди.

Бинобарин, мазкур ташриф чоғида, РФ Ҳукумати ва Президент Администрацияси масъуллари билан учрашувлар давомида давлатимиз раҳбари топшириғига биноан ёшлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, айни йўналишни фаол илгари суришга жиддий эътибор қаратилган.   

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech