Жорий йил 24 октябрь куни мамлакатимизда бўлиб ўтадиган улкан ижтимоий-сиёсий тадбир — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик асосида ўтказишда оммавий ахборот воситаларининг роли муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода, Марказий сайлов комиссияси юртимизнинг бир қатор етакчи оммавий ахборот воситалари билан ушбу сайлов жараёнларида ҳамкорликни кучайтириш ҳамда тайёргарлик ишларининг олиб борилиши ва ўтказилишини ёритиш бўйича икки томонлама меморандумлар имзолагани диққатга лойиқдир.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Матбуот хизмати маълумотларига қараганда, 2021 йил 30 сентябрь ҳолатига, сайлов жараёнларини ёритиш учун аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ОАВ вакиллари 1 минг 253 нафарни, хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари эса 48 нафарни ташкил этмоқда.
Ана шу иккита далилнинг ўзиёқ Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови қонуний ва адолатли, очиқ ва ошкора, холис ва шаффоф ёритилишини таъминлаш учун зарур чоралар кўрилганини тасдиқлайди. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 35-моддасида белгиланганидек, “Оммавий ахборот воситаларининг вакиллари сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларни ёритиш, сайлов куни овоз бериш биноларида ҳозир бўлиш, шу жумладан овозларни санаб чиқиш чоғида ҳозир бўлиш ҳуқуқига эга”.
Бу ҳақда фикр юритганда, авваламбор, сўз эркинлиги Асосий Қонунимизда кафолатлаб қўйилганини таъкидлаш лозим. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29-моддасида қайд этилганидек, “Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир”.
Конституциямизда оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги ҳам алоҳида боб – ХV бобда мустаҳкамланган. Ушбу бобдаги ягона, 67-моддага мувофиқ, “Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгардирлар. Цензурага йўл қўйилмайди”.
Халқаро ҳуқуққа кўра, сўз эркинлиги фундаментал ҳуқуқлар сирасига киради. Шунга қарамай, у мутлақ, абсолют ҳуқуқ эмас.
Инсон ҳуқуқлари соҳасида қабул қилинган БМТнинг – 80 га яқин, ЮНЕСКОнинг – 60 дан ортиқ, Европа Кенгашининг – қарийб 200 та, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг – 30 дан зиёд халқаро конвенция, декларация ҳамда пактларида сўз ва фикр эркинлиги соҳалари ҳам халқаро-ҳуқуқий тартибга солинган.
Хусусан, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга кўра, агар бундай эркинлик нафрат, инсонни камситишга ундаш, қасд олиш ёки зўравонлик тарғиботи учун қўлланилса, у қонунийлик мезонлари асосида қатъий чекланиши мумкин.
Ўзбекистон қонунчилиги халқаро ҳуқуқнинг сўз эркинлиги ва нафрат тарғиботига қарши кураш тўғрисидаги умумэътироф этилган принципларига мос келади. Бу, ўз навбатида, журналистларимиз халқаро ҳуқуқ нормалари ва жаҳон андозалари асосида фаолият олиб боришлари учун мустаҳкам ҳуқуқий замин ҳисобланади.
Сўз ва фикр эркинлиги ҳамма фуқароларга тегишли. Сўз ва фикр эркинлиги – демократия белгиси. Демократия ва сайлов тушунчалари эса доимо ёнма-ёндир.
Сайлов – демократия дегани, ўз галида, демократия – бу сайлов деганидир. Айнан сайлов пайтида сиёсий партиялар ўзларининг асосий ва устувор фикр-қарашларини, ҳаётни қандай яхшилаш, ислоҳотларни қандай амалга ошириш, Ўзбекистон деб аталмиш мустақил давлатнинг эртанги ҳаётини қандай барпо этиш борасидаги ғояларини илгари суради.
Шу боис ҳам сайловлар оммавий ахборот воситалари учун ҳамиша жиддий синов бўлиб келган. Сайлов ҳуқуқи ва эркинлигининг таъминланиши, сайловнинг очиқлиги, ошкоралиги кўп жиҳатдан матбуот, бошқа оммавий ахборот воситалари сайлов жараёнларини нечоғлик эркин ва демократик тарзда ёритишига бориб тақалади. Зеро, сўз эркинлиги, оммавий ахборот воситалари фаолияти эркинлиги демократиянинг ўзига хос белгиси ҳисобланади.
Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсири, фаолият самарадорлиги ва таъсирчанлигини ошириш, уларнинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, соҳа ходимларининг меҳнатини ҳар томонлама рағбатлантириш устувор вазифа этиб белгилангани бежиз эмас. Чунки, давлат ва жамиятнинг барқарор ривожи кўп жиҳатдан фуқароларнинг фикрлар, ғоялар, маълумотлар ва билимларга бўлган эҳтиёжлари нечоғлик қондирилишига боғлиқдир.
Кейинги беш йилда юртимизда сўз эркинлигини таъминлаш, эркин фикр юритиш учун ҳуқуқий ҳимояни кучайтириш, давлат идораларининг очиқлигини кучайтириш, блогерлик мавқеини кўтариш, барча тоифадаги ОАВ ходимларини ҳимоя қилиш борасида талайгина иш қилинди ва қилинмоқда. Янада муҳими, ҳар бир оммавий ахборот воситаси чинакам мулоқот майдончасига, эркин фикр минбарига айланиш учун астойдил интилмоқда.
Шу жиҳатдан, 2020 йил 22 июнда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг қабул қилиниши халқимиз учун улкан аҳамиятга эга тарихий воқеа бўлди. Ушбу стратегик ҳужжатда назарда тутилган 14 та асосий вазифадан иккитаси айнан сўз ва фикр эркинлиги кафолатини янада кучайтириш мавзусига тааллуқлидир.
Яқинда Жиноят кодексининг оммавий ахборот воситалари орқали “туҳмат” ва “ҳақорат қилиш” каби моддалари бўйича озодликдан маҳрум қилиш шаклидаги жазо чоралари бекор қилинди. Бу, шубҳасиз, айни соҳадаги мавжуд қонунчиликни либераллаштириш йўлида ташланган дадил қадамларга яна битта яққол далил ҳисобланади.
Ўзбекистонда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлашнинг янги тизими жорий этилди. Агар 2019 йилда давлат ва нодавлат ташкилотлардаги ахборот хизматларининг манбалари – расмий веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлардаги каналлар 559 тани ташкил этган бўлса, 2021 йил 26 июнь ҳолатига, ушбу рақам 2 минг 410 тага етди.
Яна бир муҳим янгилик: 2021 йил 28 июлда Ўзбекистон Республикаси Президенти имзолаган “Судлар тўғрисида”ги қонунга кўра, барча судларда ишлар очиқ кўрилади. Ишларни ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқишга фақат қонунда белгиланган ҳолларда йўл қўйилади. Суд мажлиси залида ҳозир бўлган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залида қонунда белгиланган тартибда фотосуратга олиши, видео ва аудио ёзувни амалга ошириши мумкин.
«Ижтимоий фикр» жамоатчилик маркази сўровлари натижаларига асосланган маълумотларнинг ахборот банкини шакллантириш ва ушбу маълумотлар сайлов жараёнлари иштирокчиларига, шунингдек танишиб чиқиш учун сўраган халқаро кузатувчиларга тақдим этилиши борасида ҳам муайян ишлар йўлга қўйилган. Шу билан бирга, юртимизда сайловнинг очиқлигини таъминлайдиган, овоз бериш якунлари ва сайлов натижаларига нисбатан ишонч даражасини оширадиган замонавий ахборот технологияларини жорий этиш борасида изчил натижаларга эришилмоқда.
Мухтасар айтганда, мамлакатимиз сайловларни эркин, очиқ-ошкора ва демократик руҳда ўтказиш борасида зиммасига олган халқаро мажбуриятларини оғишмай адо этиб келмоқда. Хусусан, сайлов кампанияси оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, Интернетда холис ёритилишини кафолатловчи зарур чоралар кўрилмоқда. Сиёсий партиялар, депутатликка ва Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг оммавий ахборот воситаларидан тенглик асосида, ҳеч бир камситишларсиз фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланган.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 08.10.2021
- Кўришлар: 3850
- Чоп этиш