Сайловда иштирок этиш ҳуқуқи

Ҳар қандай сайлов – бу жиддий сиёсий кампания. Бинобарин, сайлов халқнинг ўз ҳокимияти ва хоҳиш-иродасини тўғридан-тўғри рўёбга чиқаришининг олий ифодаси, давлат ҳокимияти органларини демократик тарзда ташкил этишнинг негизи ҳисобланувчи улкан ижтимоий-сиёсий тадбирдир.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқини амалга оширишга қаратилган сайловлар жараёнида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, эркин демократик адолатли сайловларни ташкил этиш ўта муҳим масала.

Бу жараёнларда, айниқса, фуқаролик жамиятининг муҳим институти ҳисобланган оммавий ахборот воситалари ўзига хос ўрин тутади. Бинобарин, сайлов жараёнларида оммавий ахборот воситалари халқнинг минбари, турли хил сиёсий-ҳуқуқий қарашларга эга бўлган сиёсий партияларнинг баҳс-мунозаралари кечадиган майдон сифатида фаол иштирок этади.

Ўз навбатида, фуқаролар сайлов жараёнига оид барча ахборотни айнан оммавий ахборот воситалари орқали олишлари ушбу институтнинг ўрни ва аҳамиятини янада оширади.

Маълумки, тобора ривожланаётган ҳозирги ахборот жамиятида оммавий ахборот воситаларига фақат ахборот олиш воситаси деб эмас, балки ижтимоий фикр, хулқ-атвор қоидаларини шакллантиришнинг таъсирчан воситаси сифатида ҳам қаралади. Бундай шароитда оммавий ахборот воситаларининг фаолияти жамиятнинг барча қатламлари манфаатларига хизмат қилиши, умуминсоний тамойиллар, эркинлик ва ватанпарварлик ғоялари ижобатига қаратилган бўлиши муҳим аҳамиятга эга.

Оммавий ахборот воситалари эркин демократик сайловларни ўтказишнинг муҳим бўғини ҳисобланади. Эркин ва адолатли сайловларнинг мазмун-моҳияти фақат мақбул муҳитда ўз овозини беришдан иборат эмас, балки сайлов жараёнларида барча сайловчиларга сайловда иштирок этаётган сиёсий партиялар, рўйхатга олинган номзодларнинг сайловолди дастури, шунингдек сайлов жараёнининг моҳияти ҳақида тўлиқ ахборот олиш шарт-шароитлари таъминланиши тақозо этилади.

Натижада сайловчилар тўлиқ ва етарли ахборот асосида ўзлари онгли равишда муносиб номзодни танлаб овоз бериш имконига эга бўлади. Сайловнинг туб мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳам аслида айнан шуни талаб этади.

 

Ғ.Мирзонинг

“Сўз эркинлиги ва сайлов ҳуқуқи – халқаро андозалар ўлчамида” мақоласидан;

 “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”  журнали,

2021 йил 3-сон.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech