Олий Мажлис Сенати кенгаши мажлисида репродуктив саломатлик, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати муҳокама қилинди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқарган мажлисда парламент юқори палатаси ишчи гуруҳи томонидан репродуктив саломатлик, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш натижалари танқидий кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш йўналишида 17 миллион нафардан ортиқ (9,2 миллион нафардан зиёд туғиш ёшидаги) аёллар 22,3 мингта ўринга эга 230 туғуруқ муассасаси хизмат кўрсатмоқда.
18 ёшгача бўлган 11 миллион нафар болалар учун эса 13,3 мингта ўринга эга 245 та педиатрия муассасаси мавжуд.
Жойлардаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида тасдиқланган тармоқ режа асосида 2024 йил 5 ойи давомида 9,2 миллион нафардан зиёд туғиш ёшидаги аёлларнинг 4,3 миллион нафари тиббий кўрикдан ўтказилди.
Уларнинг 1,4 миллион нафарида экстрагенитал касалликлар аниқланган. 877,5 минг нафари амбулатор ҳамда 102,2 минг нафари стационар шароитда соғломлаштирилган.
Мажлисда амалга оширилган ишлар билан бирга Сенатнинг ҳудудларда ўрганишлари давомида аниқланган камчиликларга ҳам эътибор қаратилди.
Репродуктив саломатлик, оналик ва болалик масалалари бўйича республика штаби ва 14 та ҳудудий штаб фаолиятини ташкил этиш белгиланган. Бироқ, штаблар фаолияти расмиятчилик учун ташкил этилган бўлиб, фақатгина ҳудудлардан статистик маълумотларни йиғиш ва юқори турувчи штабга тақдим этиш билан банд бўлиб қолган.
Соғлиқни сақлаш тизимининг туғуруққа кўмаклашувчи муассасаларида ҳомиладорларни кузатиш ҳамда туғуруқ жараёнларида мутахассислар томонидан тасдиқланган клиник баённома ва стандартларга тўлиқ риоя қилинмагани ҳамда уларнинг малакаси етарли эмаслиги сабабли оналар ўлими кўрсаткичи ўрганилган ҳудудларнинг барчасида ошган.
Ҳомиладор аёл тўлиқ перинатал скринингдан ўтказилиши лозим бўлса-да, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 2023 йилда ҳисобга олинган жами ҳомиладор аёлларнинг бор-йўғи 46,9 фоизи белгиланган муддатда перинатал скринингдан ўтказилган. Сирдарё вилоятида бу кўрсаткич 31,4 фоизни, Қашқадарё вилоятида 37,7 фоизни ташкил қилган, холос.
Давлатимиз раҳбарининг қарори билан тасдиқланган 2022 -2026 йилларда оналик ва болаликни муҳофаза қилишни кучайтириш бўйича чора-тадбирлар режасида туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларининг 46 туғуруқ бўлими негизида туманлараро перинатал марказлар инфратузилмасини яхшилаш ҳамда моддий-техника базасини мустаҳкамлаш вазифалари белгиланган.
Бироқ, ташкил этилган айрим туманлараро перинатал марказлар инфратузилмасини яхшилаш чоралари кўрилмаган ҳамда зарур жиҳозлар билан таъминланмаган.
Ҳомиладор, туғувчи, туққан аёллар ва янги туғилган чақалоқларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини яхшилаш мақсадида туғуруққа ёрдам берувчи муассасаларнинг моддий-техника базасини халқаро стандартларга мувофиқ мустаҳкамлаш ва уларни зарур дори воситалари билан таъминлаш масаласи тўлиқ бажарилмаган.
Мажлис давомида соҳа мутахассисларининг ушбу йўналишдаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлари тингланди.
Муҳокама жараёнида туғуруқ муассасаларида оналар ва гўдаклар ўлимини камайтириш, туғуруқ ёшидаги аёллар тиббий кўригини сифатли ташкил этиш, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини назорат қилиш юзасидан қатъий чоралар белгиланди.
Мажлис якунида Сенат кенгашининг қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 04.07.2024
- Кўришлар: 1408
- Чоп этиш