Сенаторлар республикамизда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда

Ўзбекистоннинг гендер тенглик соҳасидаги ютуқлари халқаро даражада ҳам эътироф этилмоқда. Жаҳон банки индексида мамлакатимиз дунёдаги энг тез ривожланаётган 5 та давлат қаторига киритилди. Очиқ гендер маълумотлар индексида Ўзбекистон энг яхши 20 давлат қаторида қайд этилди. Парламентлараро иттифоқ томонидан юритиладиган “Парламентдаги аёллар” рейтингида эса мамлакатимиз 193 давлат орасида 36-ўринга кўтарилди.

Бу ҳақида бугун Олий Мажлис Сенатида раҳбар аёллар билан ўтган учрашув давомида айтиб ўтилди.

Унда сенаторлар, давлат ва жамият бошқарувидаги хотин-қизлар, турли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, олимлар, жамоат фаоллари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Учрашувда Президентимиз ташаббуси билан охирги йилларда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги фаоллигини ошириш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, янги таҳрирдаги Конституциясининг 58-моддасида давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ҳаётининг барча соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаши белгилаб берилган.

Шу асосда гендер тенгликни таъминлаш мақсадида юзга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шу жумладан, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида” ва “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.

Хотин-қизлар масаласида институционал асослар такомиллаштирилиб, мамлакатимизда маҳаллий даражадан республика даражасигача боғланган тизим яратилди. Айниқса, “маҳалла еттилиги” тизими ва “Инсон” марказлари ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар билан мақсадли иш олиб бормоқда. Давлат органларида гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича маслаҳат кенгашлари ташкил этилди.

Учрашувда хотин-қизларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштироки сезиларли даражада ошиб бораётгани қайд этилди. Хусусан, сўнгги етти йилда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 27 фоиздан 35 фоизга етди. Қонунчилик палатасида бу кўрсаткич 32 фоиздан 38 фоизга, маҳаллий Кенгашларда эса 25 фоиздан 32,5 фоизга ошди.

Бугунги кунда раҳбарликка тайёрланган аёллар захираси яратилган бўлиб, уларни тайёрлаш мақсадида 2022 йилдан “Раҳбар аёллар” мактаби иш бошлади. Ҳар йили 100 нафар аёл раҳбарлик кўникмаларига ўқитилмоқда.

Олий таълим муассасаларида ҳам хотин-қизлар улуши ортиб, бакалавриат ва магистратурада таълим олаётган аёллар сони сезиларли даражада кўпайди. Олимлар сафида хотин-қизлар улуши ошиб, улар учун докторантурага махсус квоталар ажратиш тизими жорий қилинди.

Тадбир якунида хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш бўйича амалий таклифлар билдирилди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech