Ташкилотга аъзо давлатлар АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужумларини қоралаб, Германия, Франция ва Британиянинг Теҳронга қарши санкцияларни тиклаш ташаббусини ноқонуний деб атади. Аъзо давлатлар хавфсизлигига таҳдидлар билан шуғулланувчи марказ ташкил этилмоқда. Ташкилотга янги аъзолар қабул қилинмади, расмий ҳамкорлар қаторига Лаос қўшилди.
Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилоти саммити доирасида қатор ҳужжатлар, хусусан Тианжин декларацияси қабул қилинди.
Ушбу декларация билан, ташкилотга аъзо-давлатлар:
- АҚШ ва Исроил томонидан Эронга қилинган ҳужумларни қоралади, ядровий иншоотларга зарар етказилишига йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади;
- терроризмнинг барча кўринишларини кескин қоралаб, унга қарши курашда икки хил стандартлар бўлмаслиги кераклигини билдирди;
- халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистонда тинчлик ўрнатишга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини тасдиқлади;
- сунъий интеллектнинг ривожланиши натижасида юзага келадиган хавфсизлик хатарларини минималлаштириш учун биргаликда ишлаш ниятини эълон қилди;
- ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартноманинг барча қоидаларига қатъий ва изчил риоя қилиш тарафдори эканини урғулади;
- ҳарбий соҳадаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга тайёр эканликларини билдирди;
- ҳар бир давлатнинг интернетни тартибга солиш ва ўз миллий сегментини давлат чегараларида суверен бошқариш ҳуқуқини қўллаб-қувватлади;
- гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш бўйича ҳамкорликни фаоллаштириш муҳимлигини таъкидлади;
- космосни ҳар қандай турдаги қуролларни жойлаштиришдан холи ҳудуд сифатида сақлаб қолишга чақирди;
- “Евроучлик” томонидан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Эронга қарши санкцияларини тиклаш ташаббусини рад этиб, унинг ноқонуний эканини қайд этди.
Лаос Халқ-Демократик Республикасига ШҲТнинг мулоқот бўйича ҳамкори мақоми берилди.
ШҲТда Аксилнаркотик марказ ташкил этилади. Бу борада ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида шартнома имзоланди.
Шунингдек, давлат раҳбарлари ШҲТга аъзо давлатларнинг хавфсизлигига чақириқлар ва таҳдидларга қарши курашиш бўйича универсал марказ ҳақидаги шартномани ҳам имзолади.
ШҲТ – Мустақил Давлат Ҳамдўстлиги ташкилотида кузатувчи мақомини олади.
Кейинги давр учун ШҲТга раислик Қирғизистонга ўтади. 2025-2026 йилларда Чўлпонота шаҳри ташкилотнинг туристик ва маданий пойтахти деб эълон қилинди.
Маълумот учун, Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилотига қуйидагилар давлат аъзо: Хитой, Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ҳиндистон, Покистон, Эрон, Беларус.
KUN.uz
- Қўшилди: 02.09.2025
- Кўришлар: 246
- Чоп этиш