Шолц Германияда бошпана олиш ҳуқуқини чекламасликка чақирди

Бундестаг яқинда Ашаффенбургда бир гуруҳ болаларга пичоқ билан ҳужум уюштирилгани сабаб миграция сиёсатини кучайтириш масаласини муҳокама қилмоқда.

Германия канцлери Олаф Шолц иммиграция қонунларидаги чекловлар бўйича огоҳлантирди. «Бошпана олиш ҳуқуқи бизнинг ҳуқуқий ва қадрият тизимимизнинг ажралмас қисмидир. Биз уни бузишга ҳаққимиз йўқ», деди у 29 январ, чоршанба куни Бундестагда миграция сиёсати мавзусидаги ҳукумат баёнотида.

Федерал ҳукумат раҳбари Германияда бошпана олиш ҳуқуқи «шунингдек, нацистлар ҳукмронлиги даҳшатларига тўғридан тўғри жавоб» эканлигини, зўравонлик, уруш ва террордан ҳимоя қилиш ҳамда инсонпарварлик ва адолат ифодаси эканлигини эслатиб ўтди. Шу билан бирга, «бошпана олиш ҳуқуқига эга бўлганлар ва у тегишли бўлмаганлар ўртасида аниқ фарқ бўлиши керак», деди у.

 Германия 43 000 дан ортиқ кишига чегарада давлатга киришга рухсат бермади

Германия Ички ишлар вазирлигига кўра, мамлакат чегараларида полиция текширувлари қайтганидан кейин ўн минглаб одамларнинг Германияга киришига тўсиқ пайдо бўлди. Назорат 2023 йил октябр ойида жорий этилганидан бери – аввалига тўртта давлат билан чегараларда ва 2024 йилнинг кузидан бошлаб Германиянинг барча чегараларида – 43,5 минг кишига киришга рухсат берилмаган, деди департамент вакили 27 январ куни Берлинда журналистларга.

«Бу ноқонуний киришлар катта қисмининг рад этиш орқали олди олинганлигини англатади», — дея унинг сўзларини келтиради Reuters. Ички ишлар вазирлиги вакилининг таъкидлашича, «мунозараларда кўпинча бунга эътибор берилмайди». Бироқ, федерал ҳукумат нуқтайи назаридан, «бутунлай тартибсиз» чиқариб юбориш мумкин эмас.

Kun.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech