Президент Шавкат Мирзиёев аҳоли ҳаёти, ҳудудларнинг иқтисодий ривожи ва янги лойиҳалар билан танишиш мақсадида 18 июнь куни Тошкент вилоятининг Паркент туманига ташриф буюрди ва «Тошкент-Шарқий» аэропорти қурилишини кўздан кечирди.
Мамлакатнинг барқарор ривожланиши ва унинг халқаро жозибадорлиги ошиши билан ташқи иқтисодий алоқалар фаоллашиб, инвестициялар оқими кўпаймоқда. Бундай шароитда Ўзбекистонда транспорт инфратузилмасининг барча йўналишларини модернизация қилишга ўсишнинг асосий омили сифатида устувор аҳамият қаратилмоқда.
Ана шундай стратегик лойиҳалардан бири "Тошкент-Шарқий" аэропортини реконструкция қилишдир. У юқори халқаро стандартларга жавоб берадиган тез, хавфсиз ва қулай қатновларни таъминлаш, шунингдек, пойтахтнинг асосий халқаро аэропортига юкламани енгиллаштиришга мўлжалланган.
Аввало, 4 километр узунликдаги учиш-қўниш йўлаги янгиланиб, энг оғир самолётларни ҳам қабул қилиш қувватига эга бўлди.
Ҳозирги кунда юқори мартабали меҳмонлар ҳамда бизнес-авиация учун 2 та терминал, перрон ва ангарлар барпо этилмоқда. Аэропорт ноқулай об-ҳаво шароитларида ҳам учиш-қўнишни таъминловчи ICAO III-А тоифасидаги илғор радиотехника ва метеорология ускуналари билан жиҳозланади. Ёпиқ ангарларда самолётлар соз ва хавфсиз сақланиши учун замонавий шароитлар таъминланади.
Мазкур аэропорт қулай жойлашуви туфайли пойтахт ва Янги Тошкент шаҳри учун муҳим транспорт хабига айланади, шунингдек, Тошкент вилоятида туризмни ривожлантириш учун қўшимча рағбат бўлиб хизмат қилади. Энг муҳими, халқаро ташрифлар ва ишбилармонлик сафарларини амалга ошириш имкониятлари кенгаяди, хорижий инвесторларни қабул қилиш учун шароитлар яхшиланади. Натижада иқтисодий фаоллик ошади, хизмат кўрсатиш соҳаси ривожланади, янги иш ўринлари яратилади, мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлиги сезиларли даражада ошади.
Давлатимиз раҳбари лойиҳанинг техник хусусиятлари, терминалларнинг архитектуравий ечими билан танишиб, қурилиш ишларини жадаллаштириш, сервис даражасини ошириш бўйича аниқ топшириқлар берди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Паркент туманига ташрифини дастлабки манзили “Паркентсой” турар жой массиви бўлди.
Ҳудудларни “ўсиш нуқталари”га таяниб ривожлантириш, аҳолига муносиб турмуш шароитлари яратиш – давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши. Бундай ўзгаришлар Паркент туманида ҳам намоён.
Туман марказидан оқиб ўтувчи Паркентсой қирғоғида қурилаётган ушбу массивни экошаҳар дейиш мумкин. Унинг умумий майдони олти гектар бўлиб, жами 5 минг 200 хонадонли 125 та кўп қаватли турар жой қурилади. Улар барча замонавий коммунал тармоқлар, энергия тежамкор технологиялар билан таъминланади. Жумладан, уйлар тепасига геоколлекторлар ўрнатилиб, сув иситишда фойдаланилади.
Аҳоли нисбатан зич яшайдиган ҳудудлар учун бундай массивлар муҳим ижтимоий аҳамиятга эга. Уйларнинг шинамлиги ва таннархи халқимизга мос. Бу айрим маҳаллаларда бир ҳовлида қисилишиб яшаётган оилалар учун айни муддао бўлади.
Давлатимиз раҳбари мазкур янги хонадонлардаги шароитларни кириб кўрди.
Бу ерда, шунингдек, иккита мактаб, саккизта боғча, болалар майдончалари, 10 гектарлик парк, сунъий кўл, сайилгоҳ ва велойўлаклар барпо қилинади. 17 километр ички йўллар таъмирланади.
Массив нафақат обод турмуш учун, балки тадбиркорлик учун ҳам шароит яратади. Бу ерда 58 та нотурар бино қад ростлайди. Уларда савдо ва хизмат корхоналари жойлашиб, 700 дан ортиқ иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбари шу ерда туманни янада ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди.
Бу борадаги муҳим лойиҳа – “Байтқўрғон – Паркент” электрлаштирилган темир йўли. Ҳозирда унинг қурилиши жадал кетмоқда. Қарийб 24 километрлик бу йўл фойдаланишга топширилгач, Паркентдан пойтахтимизга бориш учун катта қулайлик яратилади, туманнинг хушманзара гўшаларига саёҳатга келиш осонлашади. Унда кунига 275 минг нафаргача йўловчи ташилиши ҳисоб-китоб қилинган. Умуман, бунинг натижасида қатнов ва тадбиркорлик фаоллашиб, Паркент иқтисодиётининг суръати жадал ошади.
Паркентсойни тартибга келтириш, қирғоқларини мустаҳкамлаш бўйича ҳам иш олиб борилмоқда. Биринчи босқичда сойнинг 4 километр қисми тўлиқ бетонлаштирилди. Бу янги бунёдкорликларга йўл очди. Хусусан, сой бўйлаб қарийб беш километрлик янги йўл қурилди. У ҳозир туман марказидан ўтган асосий кўчага ёндош бўлиб, бир кеча-кундузда 10 минг автомобилни ўтказиш қувватига эга. Бу транспортлар юкламасининг бир қисмини ўзига олиб, марказда тирбандликни камайтиради. Шунингдек, пиёдалар йўлакчаси, йўл ўтказгич ва кўприк барпо этилган.
Энди, иккинчи босқичда Кумушконгача бўлган ўзанлар тартибга келтирилиб, очиладиган 100 гектар ерда туризм объектлари ташкил этиш режалаштирилган.
Президентимиз шу ерда паркентлик фаоллар билан суҳбатлашди.
– Бизнинг энг катта бойлигимиз юртимиз тинчлиги, халқимизнинг осойишталиги. Тинчлик барқарор бўлса, мана шундай бунёдкорлик бўлади, режалар амалга ошади. Давлат ташкилотларини сафарбар қилиб, имкониятларни юзага чиқариб, ҳамма ҳудудларни ривожлантиришга ҳаракат қилаяпмиз. Паркентга ҳам истиқлол шабадаси, ислоҳотлар натижаси етиб келганини кўриб, хурсанд бўлдим. Халқимиз мана шундай фаровон шароитда яшашга муносиб, – деди Шавкат Мирзиёев.
Нуронийлар туман ривожи учун яратилаётган улкан имкониятлар, аҳоли ҳаётида бўлаётган ўзгаришлар, меҳнатидан бахт топаётган инсонлар ҳақида сўзлади.
Давлатимиз раҳбари Паркент туманидаги Кумушкон маҳалласида бўлиб, сайёҳлик салоҳияти ва меҳмон уйларини кўздан кечирди.
Бу соҳага кўплаб имтиёзлар берилиб, ташаббуслар қўллаб-қувватланмоқда. Туризм қишлоқларида зарур инфратузилма ташкил этиляпти. Бу имкониятлардан фойдаланиб, хонадонида меҳмон уйи очганлар талайгина.
Охирги йилларда Кумушконга сайёҳлар келиши кўпайган. Бугунги кунда саксондан ортиқ хонадонда меҳмонхона ташкил этилган. Уларда йилига 172 минг нафар сайёҳга хизмат кўрсатилмоқда.
Шундай тадбиркорлардан бири Олим Юсупов сой бўйидаги ҳовлисида 48 ўринли меҳмон уйи очган. Хоналар миллий услубда, шинам қилиб жиҳозланган. Меҳмон уйи йилига 2 мингдан зиёд сайёҳга хизмат кўрсатади.
Президентимиз бу ердаги ободлик ва омилкорликни кўриб, шундай лойиҳаларни бошқа сўлим масканларда ҳам ташкил этиш кераклигини таъкидлади. Тадбиркорларга зарур маблағ ажратиб, қўшимча хизматлар ташкил этишига кўмаклашиш бўйича мутасаддиларга кўрсатма берди. Маҳаллаларда ички имкониятларни юзага чиқариш аҳолини банд қилишда катта манба экани қайд этилди.
Бу жойларга сайёҳлар сўлим манзаралардан баҳраманд бўлиш учун келади. Шунингдек, Масжидали зиёратгоҳи ҳам диққатга сазовор жойлардан бири.
Тошкент вилоятида мингга яқин шундай меҳмон уйлари бор. Уларда 2 минг 500 та иш ўрни яратилган.
Президентимиз Паркент туманидаги интенсив боғда сархил мевалар ҳосилини кўздан кечирди.
“Meridian Tempo” корхонасига қарашли ушбу 54 гектар боғда гилос, олма, нок ва малинанинг экспортбоп навлари экилган. Кўчатлар Франция ва Испаниядан келтирилган. Дарахтлар ўзини ўзи чанглатиш хусусиятига эга. Бу ҳосилдорлик юқори бўлишида муҳим ўрин тутади.
Замонавий агротехнологик тизимлар орқали боғда тўлиқ томчилатиб суғориш жорий этилган. Аввал сув махсус ҳавзада тўпланади ва табиий нишаблик орқали суғорилади. Бунга энергия сарфланмай, натижада харажат ва маҳсулот таннархи камаяди. Шунингдек, боғда қуёш панеллари ўрнатилган.
Пишиб етилган мевалар экспортга йўналтирилмоқда. Бу йил 256 тонна гилос, 500 тонна олма, 480 тонна нок, 30 тонна малина етиштирилиши мўлжалланган. Энг муҳими, бундан келадиган даромад бошқа анъанавий ўсимликларга нисбатан бир неча баробар юқори.
Президентимиз мутасаддиларга бу усулни оммалаштириш, меваларни парваришлаш ва қадоқлаш бўйича чет эл тажрибасини жорий этиш юзасидан кўрсатмалар берди.
Давлатимиз раҳбари Паркент туманига ташриф давомида “Олтин бел” чўққисидаги дам олиш маскани ва янги лойиҳалар билан танишди.
Хушманзара тоғ бағридаги 3 гектар жойда қурилган ушбу меҳмонхоналар ихчамлиги ва ҳамёнбоплиги билан ажралиб туради. Ҳозирда жами 188 ўринли 2 та меҳмонхона, капсула шаклидаги уйлар, ресторан ва хўжалик бинолари барпо этилган. Кейинги босқичда яна 20 та шундай уй қурилиши мўлжалланган.
Шавкат Мирзиёев меҳмонхонада яратилган шароитларни кўздан кечирди.
Умуман, ҳудудда туризмни ривожлантириш мақсадида қиймати 1 миллиард 800 миллион доллар бўлган 52 та лойиҳа амалга оширилади. Натижада 3 минг 300 та иш ўрни яратилади ва 1 миллион нафар сайёҳга хизмат кўрсатилади.
Паркентнинг қорли тоғлари яна бир улкан лойиҳани амалга ошириш имконини бермоқда. Бу ерда Австрия компанияси томонидан 1 минг 200 гектарда тоғ-чанғи курорти қуриш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбарига ушбу лойиҳа ҳақида ахборот берилди. Унинг доирасида 3,4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналар, чанғи учиш ва осма дор йўли, шалелар, пикник майдони, ресторанлар, соғломлаштириш хизматлари ташкил этилади.
Лойиҳа уч босқичда амалга оширилади ва тўлиқ қувватда кунига 15 минг нафар сайёҳни қабул қилиш имконига эга бўлади. 600 га яқин сервис мажмуалари ташкил этилади. Мавсумий хизматлар билан бирга 10 мингга яқин иш ўрни яратилади. Умуман, бу маскан, Бўстонлиқдаги “Амирсой” курорти каби, Тошкент вилоятининг йирик туризм манзилларидан бирига айланади.
Мутахассислар билан мулоқотда лойиҳани такомиллаштириш, хизматлар қамровини кенгайтириш ва қурилишни тезлаштириш тадбирлари юзасидан фикр алмашилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Паркент туманидаги “Бату Экспорт” корхонасини бориб кўрди.
15 миллион долларлик инвестиция ҳисобидан ташкил этилган мазкур замонавий лойиҳа доирасида йилига 5 минг тонна мева-сабзавот қайта ишланади. Тошкент вилоятидан ташқари Самарқанд ва Фарғонадан ҳам маҳсулотлар келтирилади.
Корхонага Япония, Германия, Бельгия, Хитойда ишлаб чиқарилган замонавий ускуналар ўрнатилган. Бу маҳсулот сифати ва рақобатбардошлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Корхонада 180 та доимий иш ўрни яратилган, улар ўртача 7 миллион сўмгача ойлик маош оляпти.
Бу ерда тайёрланган маҳсулотлар Хитой, Жанубий Корея, Япония, Бирлашган Араб Амирликлари, Европа ва МДҲ мамлакатларига экспорт қилинади.
Давлатимиз раҳбари корхонадаги иш жараёнини кўздан кечириб, ходимлар билан суҳбатлашди.
– Мева-сабзавотчиликда Паркентнинг имкониятлари катта. Технология олиб келиб, жаҳон бозорига сархил ва қурутилган меваларни экспорт қилиш салоҳиятимиз бор. Биргина Японияни олсак, Ўзбекистон маҳсулотларига қизиқиш юқори. Фақат меваларни яхши парваришлаб, сифатли етказиб бериш зарур. Бундай корхоналарни ривожлантирсак, шу тармоқнинг ўзидан бир неча миллиард доллар даромад олиш мумкин, – деди Президент.
Шу ерда Тошкент вилоятининг экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўздан кечирилди. Ўтган йили вилоятдан 130 миллион долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинган. Лекин ҳудуд табиати ва салоҳиятига нисбатан бу кам.
Соҳада экспорт қилувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида 7 турдаги молиявий ёрдам ва 3 хил солиқ имтиёзлари ҳамда преференциялар жорий этилган. Тошкент вилоятида мева-сабзавотни қайта ишловчи 175 та корхона бўлиб, қайта ишлаш даражаси йил сайин ортмоқда. Жорий йилда экспорт кўрсаткичини жадал ошириш режалаштирилган.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Абдулазиз МУСАЕВ, ЎзА мухбирлари
- Қўшилди: 19.06.2025
- Кўришлар: 221
- Чоп этиш