Суд соҳасида том маънодаги очиқлик, халқчиллик, муҳими, адолат қарор топади

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси нафақат юртдошларимиз, балки хорижий миқёсда катта эътибор билан кутиб олинди.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети доценти Зарина Исроилова Мурожаатномада ўз ифодасини топган суд-ҳуқуқ соҳасига оид ўзгаришлар ҳақда фикр билдирди:

 – Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб келган. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ушбу соҳага доимий эътибори натижасида суд тизимида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда инсон манфаатига хизмат қилаётган муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. 

Биргина суд тизимида “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли тизимни шакллантиришга эътибор қаратилди. Натижада суд фаолияти халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтирилди. 

Судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, “Янги Ўзбекистонда – янги суд” тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятлари янада кенгайтирилмоқда. Соҳага илғор халқаро мезонларни жорий этиш чоралари кўрилмоқда.

Мурожаатномада ҳам замонавий давлат бошқаруви ва адолатли суд-ҳуқуқ тизими борасидаги ислоҳотлар давом эттирилиши алоҳида қайд этилди. 

“Суд-ҳуқуқ тизимини халққа яқинлаштиришга қаратилган ишларимизни изчил давом эттирамиз. Биз одил судлов жараёнини “рақамли суд” концепцияси асосида ташкил этишни бошладик. Энди терговни ҳам рақамлаштириш орқали инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтирамиз. Бунда жиноят ҳақидаги аризани қабул қилишдан бошлаб, ишни судга ўтказишгача бўлган босқичларга сунъий интеллект технологиялари жорий этилади ва инсон омили қисқартирилади”, деди Давлатимиз раҳбари. 

Бу кенг миқёсли очиқлик тергов соҳасига ҳам кириб боришини англатади. Очиқлик бор жойда эса, ўз-ўзидан қонунбузарлик барҳам топади. Аҳолининг адолатга эришиш даражаси ошади. 

Юртимизда тергов судьялари иш бошлагани – халқаро тан олинган “Хабеас корпус” институтини қўллашнинг навбатдаги муҳим босқичи бўлгани қайд этилиб, 2026 йилдан тергов судьяларига санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ҳамда бекор қилиш ваколатлари берилиши айтилди.  Одил судловни амалга оширишда жамоатчилик иштироки ва роли ошириб борилади.

         Бу тамойилларнинг жорий этилиши Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизими мутлақо янги босқичга чиқишини таъминлаши шубҳасиз. Тергов судьяларига санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ҳамда бекор қилиш ваколатлари  берилиши ушбу соҳани халққа янада яқинлаштиради. Чунки ҳар қандай ҳолатдаги масалада фуқаролар судда адолатли ечим бўлишига умид қилади. Жорий этиладиган меъёрлар ана шу умидлар амалда тўлақонли таъминланишига замин яратади. 

Энди жиноят процессига инглиз ҳуқуқидаги давлатларда ижобий натижа берган “халқ вакиллари ҳайъати” институти босқичма-босқич жорий этилади. Бунда ўта оғир ва жамиятда шов-шувга сабаб бўлаётган жиноятлар жамоатчилик вакиллари иштирокида кўриб чиқилиши суд ҳукмининг янада адолатли бўлишига хизмат қилади.

Одил судловни амалга оширишда жамоатчилик иштироки ва роли ошириб борилиши, жиноятлар жамоатчилик вакиллари иштирокида кўриб чиқилиши суд соҳасида том маънодаги очиқлик, халқчиллик, муҳими, адолат қарор топишига хизмат қилади.  

Н.Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech