Судьялар корпуси таълим, илм-фан ва амалиёт узвийлигини таъминлаган ҳолда амалга оширилади

Ҳуқуқий демократик давлатнинг энг муҳим устуни — мустақил ва холис суд ҳокимияти. Фақат одил судлов тизими, аввало, юқори малакали ва виждонли судья кадрлар корпуси билан таъминлангандагина самарали фаолият юрита олади.

Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 21 августдаги “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони шу мақсадга қаратилган. 

ЎзА мухбири фармонда назарда тутилган мақсадлар ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси профессори, юридик фанлари доктори Фозилжон Отахонов билан суҳбатлашди.

– Президент фармони суд тизими учун юқори малакали ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлашни халқаро стандартлар асосида янада такомиллаштиришга йўл очди. 

Бу фармон таълим, илм-фан ва амалиёт узвийлигини таъминлаш орқали профессионал судьялар корпусини шакллантиришга қаратилган тарихий ҳужжат, десак муболаға бўлмайди. 

Фармондаги энг муҳим жиҳат қайси?

– Судьялар олий мактаби фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш мақсадида унинг негизида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ташкил этилгани фармоннинг энг муҳим қисмидир.

Академия суд тизими учун кадрлар тайёрлайдиган асосий муассасага айлантирилди. Таълим жараёнида “устоз-шогирд” анъанаси, яъни «бўлажак судьяни судья ўқитади» тамойили жорий этилди. 

Бу – амалда тажрибали судьяларни ва фахрий судьяларни жалб этган ҳолда ёш кадрларга билим ва кўникмалар бериш механизмини йўлга қўяди. 

Бундай ёндашув Франциядаги Миллий судьялик мактаби (ENM) тажрибасида кузатилади. У ерда ҳам амалдаги судьялар ёш кадрларга тўғридан-тўғри устозлик қилади. Бундай шакл кадрлар тайёрлашда назариядан кўра ҳаётий тажрибани устун қилади ва келгусида судьяларнинг касбий адаптациясини енгиллаштиради.

– Академияда судьялик лавозимларига номзодлар қанча вақт давомида тайёрланади? 

– Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш Академияда шу йилдан бошлаб олти ойлик касбий қайта тайёрлаш курсида амалга оширилади. 

Ушбу курслар давлат гранти асосида, суд ихтисосликлари, яъни жиноят, иқтисодий, маъмурий ва фуқаролик ҳуқуқ йўналишлари бўйича ташкил этилади. Курсга қабул қилинган тингловчилар асосий иш жойи бўйича озод қилиниб (лавозими сақланган ҳолда) тўлиқ ўқишга жалб этилади ва уларга ҳар ой судья ёрдамчиси ойлик иш ҳақи миқдорида стипендия тўланади. 

Бунинг аҳамияти шундаки, судьяликка номзодлар учун яратилган мазкур тизим уларни молиявий ва ижтимоий жиҳатдан кафолатланган ҳолда чуқур касбий тайёргарликдан ўтказиш имконини бериб, суд тизими учун юқори малакали ва мустақил фикрлайдиган кадрлар захирасини таъминлайди. 

Бундай амалиёт Германия ва АҚШ каби давлатларда ҳам қўлланилади. Судьяликка номзодлар тайёргарлик даврида давлат томонидан моддий жиҳатдан қўллаб-қувватланади. Чунки бу вазифа улардан бутун диққат-эътиборни талаб қилади.

– Академиянинг касбий қайта тайёрлаш курсларига қабул жараёнида номзодлар қандай танланади?

– Қабул жараёни янгича ёндашув асосида амалга оширилади. Аввало, Судьялар олий кенгаши томонидан номзодларнинг бенуқсон обрў-эътибори, ҳалоллиги ва лаёқатлилиги бўйича касбига муносиблиги ўрганилади. Номзодлар психологик тестдан ўтади, чет тиллари ва суд ихтисослиги бўйича тест синовларини топширади, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги идоралараро комиссия томонидан ёзма имтиҳон ва якка тартибдаги суҳбатдан ўтадилар. 

Танловда муваффақият қозонганлар курсга қабул қилиниб, ўқишни муваффақиятли тугатгач, тегишли сертификат олади. Ушбу сертификат эгалари кейинчалик бўш судьялик лавозимлари танловларида иштирок этади. 

Бу жараёнда психологик тестнинг киритилиши жуда муҳим. Чунки судья нафақат ҳуқуқий билимга, балки стрессга чидамлилик, эмоционал барқарорлик ва ички адолат ҳиссига эга бўлиши шарт. Чет тиллари бўйича синов эса судьяларнинг халқаро ҳуқуқий жараёнларда қатнашишга тайёргарлигини оширади. Шунга ўхшаш танлов тажрибаси Қозоғистон ва Латвияда ҳам мавжуд бўлиб, ўзининг ижобий натижасини бераётгани эътироф этилмоқда.

– Судьяликка номзодларни тайёрлаш жараёнида яна қандай замонавий ёндашувлар жорий этилмоқда?

– Номзодларни тайёрлаш, албатта, замонавий ёндашувлар  асосида амалга оширилади. Бу – уларнинг касбий салоҳиятини шакллантиришда назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштиришга қаратилган комплекс ёндашувни назарда тутади. 

Хусусан, касбий қайта тайёрлаш курсларининг “назария – амалиёт – имитация” тамойили асосида дуал таълим шаклида ташкил этилиши тингловчиларнинг қонун нормаларини татбиқ қилиш кўникмаларини реал амалиёт билан боғлаш имконини яратади. 

Шу билан бирга, деонтологик услубдаги амалий машғулотлар уларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, адвокатура, суд-экспертиза ва бошқа давлат органлари ҳамда муассасалар фаолиятида бевосита иштирок этишини таъминлайди. 

Бундан ташқари, суд мажлисларини реал вақт режимида кузатиш ва судьянинг процессуал ҳаракатларини таҳлил қилиш имконини берувчи “виртуал суд” машғулотлари ҳамда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш бўйича ўқув жараёнларининг жорий этилиши назарда тутилган. 

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, “виртуал суд” технологияси – бу инновацион ёндашув бўлиб, у суд муҳокамасини моделлаштириш орқали тингловчиларда жараён психологияси, судьянинг ролини англаш ва процессуал ҳаракатларни таҳлил қилиш кўникмаларини мустаҳкамлайди. Сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш эса, судьяларнинг рақамли ҳуқуқий муҳитда ишлаш қобилиятини ривожлантиради. 

Хулоса қилиб айтганда, фармонда белгиланган чора-тадбирлар орқали судья кадрларини тайёрлаш жараёни бир йўла бир нечта муҳим йўналишда тубдан янгилади: кадрларни танлашда шаффоф ва холис механизмларнинг жорий этилиши, касбий тайёргарликнинг молиявий-ижтимоий кафолатлар билан таъминланиши, таълим жараёнида назария, амалиёт ва инновацион технологияларнинг узвий уйғунлашуви ҳамда деонтологик ёндашув асосида амалий кўникмаларнинг мустаҳкамланиши шулар жумласидандир.

Бундай комплекс моделнинг амалиётга татбиқ этилиши, аввало, юртимизда судьялар корпусининг янги авлоди – билимли, ҳалол, мустақил фикрлайдиган ва замонавий ҳуқуқий ёндашувларга эга кадрларни шакллантириш имконини яратади. Шу орқали одил судлов тизими нафақат ҳуқуқий давлатнинг, балки демократик жамиятнинг пойдевори сифатида янада мустаҳкамланади.

                                                                  ЎзА мухбири

                                               Норгул Абдураимова

                                                                  суҳбатлашди.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech