Microsoft кенг кўламли тадқиқоти натижаларини эълон қилди: унда генератив сунъий интеллект (СИ)нинг меҳнат бозорига таъсири ўрганилган.
Фойдаланувчилар ва Microsoft Copilot ўртасидаги 200 мингдан зиёд аноним диалоглар асосида, тадқиқотчилар қўлланилувчанлик индекси — СИ-метрикани шакллантиришди. У сунъий интеллект ишчи вазифаларда қанчалик фаол фойдаланилаётгани, унинг самарадорлиги ҳамда касблар йўналишидаги фаолиятнинг қанча қисмини эгаллаши ёки тўлдириши мумкинлигини акс эттиради.
Натижаларга ўтамиз: ахборот, ёзув ишлари ва коммуникациялар билан боғлиқ касблар эгаларига сунъий интеллект (ишсиз қолдириш нуқтаи назаридан) энг кўп хавф солмоқда. Энг заиф касблар топ-40талигига таржимонлар, тарихчилар, ёзувчилар, муҳаррирлар, техник ёзувчилар ва data-scientists (бизнес ечимлари учун маълумотлар билан ишловчилар) киритилган. Масалан, таржимонларда СИ қўлланилиш индекси 0,49 ни ташкил этди — бу шуни англатадики, уларнинг вазифаларининг қарийб ярмини сунъий интеллект бажаряпти ёки тўлдиряпти. Бундан ташқари, СИ матнлар ёзиш, таҳрир қилиш, ахборот хусусиятига эга маълумотларни тайёрлаш ва мижозларнинг саволларига жавоб беришни яхши уддалаяпти.
Бунинг акси ўлароқ, сунъий интеллект оммалашишидан (ҳозирча) хавотирланмаса ҳам бўладиган жисмоний меҳнатни талаб қиладиган ёки инсоннинг бевосита иштироки талаб этиладиган касблар рўйхати тузилди. Булар: ҳайдовчилар, ҳамширалар, дастгоҳ операторлари, қурувчилар ва фаррошлар. Уларнинг кўпчилиги фаолиятида сунъий интеллектдан фойдаланиш индекси деярли нулга тенг.
Сунъий интеллектнинг меҳнат бозорига бугунги таъсири узоқ келажак масаласи эмас, бу аллақачон бошланиб кетган трансформация, юқорида такидланганидек, инсоннинг айрим ақлий фаолият йўналишларини эгаллай бошлаган. СИ одамларнинг ўрнини тўлиқ эгаллай олмайди, бироқ баъзи касблар йўналишида қора меҳнатни ишонч билан ўз гарданига олмоқда. Кимки мослашса ва сунъий интеллектни ишлатишни ўрганса — самарадорлик ва тезлик бобида фақат ютади. Сунъий онг имкониятларига шубҳа қилганлар эса янги профессонал реалликдан четда қолиб кетишлари мумкин.
Xabar.uz
- Қўшилди: 05.08.2025
- Кўришлар: 174
- Чоп этиш