Ўтган ҳафта бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форумида сунъий интеллект мавзусидаги муҳокама энг катта қизиқиш билан кузатилган панел-сессиялардан бири бўлди. Унда инсоният келажагини белгилаб бераётган соҳанинг бугунги ҳолати ва хавотирларга сабаб бўлаётган истиқболи ҳақида сўз борди.
“Ўта ақлли СИ даври яқин”
Дарио Амодей, Anthropic асосчиси:
— Охирги уч-олти ой ичида деярли ҳамма вазифалар бўйича деярли ҳамма одамлардан яхшироқ сунъий интеллект тизимлари пайдо бўла бошлаётганига ишонч ҳосил қилдим. Ҳали тўлиқ амин бўлмасам-да, кўрганларимга асосланиб, сунъий интеллект математика, дастурлаш ва биология каби соҳаларда PhD талабалари даражасида яхши натижалар кўрсата бошлаганини айтишим мумкин. Менимча, 2026 ёки 2027 йилга келиб, деярли барча соҳаларни деярли барча инсонлардан яхшироқ биладиган сунъий интеллект тизимларига эга бўламиз.
“Ёрдамчилар армияси”
Эндрю Инг, LandlingAI асосчиси:
— Мен сунъий интеллектни бир восита сифатида кўраман. Универсал сунъий интеллектга эга бўлиш яхши, чунки қўл остингизда гўёки стажёрлар армияси бўлади. Улар жуда ақлли, сиз хоҳлаган ҳар қандай ишни бажаришга қодир. Исталган топшириқни бажаришга ақли етади. Шунинг учун, менимча, бундай агентлар одамларга хизмат қилишини таъминлаш ниҳоятда қизиқ бўлади. Айтганча, интеллект бугунги дунёда энг қиммат нарсалардан бири. Шу сабабли шифокор қабули ёки репетитор ёллаш анча қимматга тушади. Лекин агар интеллектни арзонлаштириб, уни ҳаммага берсак, кўплаб инсонларнинг имкониятларини кенгайтирган бўламиз.
Дарио Амодей, Anthropic асосчиси:
— Агар миллионлаб нусхада ҳар жиҳатдан инсонлардан устун агентларимиз бўлса, мен буни дата-марказ ичига жойлаштирилган даҳолар ўлкасига қиёслаган бўлардим. Имкониятлар чегараси ҳақида гапирсак, биз бу билан дунёдаги ҳамма муаммоларни бир зумда ҳал қиламизми? Менимча, йўқ. Масалан, ўзи юрадиган автомобиллар мураккаб масала. Шунинг учун сунъий идрокнинг имкониятлари физик оламнинг хусусиятлари ва қонунлар билан чекланади. Фармацевтика соҳасини мисол қилсак, клиник синовларни барибир ўзимиз ўтказишимизга тўғри келади. Ахир физика ва биологиядаги қонуниятлар билан ҳисоблашишимиз керак. Сунъий интеллект эса бизга клиник синовларни анчагина тезлаштириш имконини беради. Тахминимча, агар сунъий интеллект имкониятларидан тўғри фойдалансак, биология каби соҳаларда 5-10 йил ичида 100 йиллик тараққиётга эришишимиз мумкин.
Сунъий интеллект назоратдан чиқиб кетса-чи?
Эндрю Инг, LandingAI асосчиси:
— Бу – қўлингиздаги ноутбукни хавфли дейиш билан баробар. Албатта, ноутбукингиз хавфли бўлиши мумкин, чунки кимдир ундан ножўя мақсадларда фойдаланиши эҳтимоли бор. Худди шундай, кимдир сунъий интеллектдан ҳам номақбул ишларда фойдаланиши мумкин. Уларни тўхтатиш учун эса қонунлар қабул қилишимиз керак.
Бу – менинг шахсий фикрим. Лекин ҳамма ҳам бундай фикрда эмас. Сунъий интеллект ўз хоҳиш-истакларига эга онгли мавжудотга айланиб, назоратдан чиқиб кетиши мумкин, деган қарашлар ҳам бор. Тажрибамдан келиб чиқиб айтсам, биз яратган сунъий интеллект баъзида нотўғри ҳам ишлар қилади. Мен эса буни тўхтатиш учун уни шунчаки қайта дастурлаб қўяман. Бу дастурлашим ҳам уни тўлиқ назорат қила олмайди. Муҳими, сунъий интеллектни бошқариш қобилиятимиз йилдан йилга яхшиланяпти.
Ҳамма ҳам бунчалик оптимист эмас
Ёшуа Бенгио, Монреал университети профессори:
— Ҳақиқатан ҳам, биз шунчаки восита эмас, мустақил равишда қарор қабул қилишга қодир машиналар яратиш йўлидан юряпмиз ва бу яхши эмас. Ҳозирги кунда илм-фан ҳатто инсон ақли даражасидаги машиналарни қандай назорат қилишни билмайди. Биздан ақллироқ машиналар ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади. Буни ҳеч ким билмайди.
Сунъий интеллектнинг ҳозирги босқичдаги хатти-ҳаракатларида биз гувоҳ бўлаётган нарса шуки, у ҳам худди одамларга ўхшаб ҳар хил лазейкаларни топа оляпти. Келажакда улар янада ақллироқ бўлганда, бу ҳолат ёмонлашиши мумкин. Айтайлик, сиз ҳам кўп пул топиш, ҳам қонунларга риоя қилиш деган бир-бирига зид мақсад қаршисида бўлсангиз, ахлоқий нормаларни бошқача талқин қилиш йўлини топасиз. Сунъий интеллект билан ҳам худди шу ҳолат юз беряпти. Менимча, бу – фундаментал муаммо. Биз демократик жараён орқали сунъий интеллектдан нимани кутаётганимизга аниқлик киритиб олишимиз керак.
“Вақтимиз кам қолган бўлиши мумкин”
Ежин Чои, компютер фанлари тадқиқотчиси, Стенфорд университети профессори
— Универсал сунъий интеллектни тадқиқ қилишга кўпроқ инвестициялар киритишимиз зарур. Сунъий интеллектни яратиш қўлимиздан келяпти дегани, уни ростдан ҳам тушунамиз дегани эмас. Ҳали бу борада аниқлаштириш керак бўлган нарсалар кўп.
Шахсан мен, бу жараённинг марказида бўлсам ҳам, унга жуда қизиқсам ҳам, сунъий интеллект тараққиёти секинроқ бўлишини хоҳлардим. Лекин бундай бўлмайди. Аксинча, жараён янада тезлашади. Шундай экан, нима қилсак бўлади? Менимча, сунъий интеллектни шунчаки унинг ўзи учун такомиллаштириш ўрнига, ундан инсонлар ҳаётини яхшилаш мақсадида фойдаланишга кўпроқ эътибор қаратишимиз лозим.
Мен бу билан инсоният олдида турган энг мураккаб саволларга жавоб топишга интилишни назарда тутяпман. Масалан, табиий офатлар, ўрмон ёнғинлари каби ҳодисаларни қандай бошқариш мумкин? Уларни қандайдир тарзда моделлаштириш ёки олдиндан айтиб бериш имкони борми? Сунъий интеллектни шунчаки такомиллаштириш ўрнига, унга инсоний қадриятлар ва меъёрларни ўргатишга кўпроқ эътибор қарата оламизми?
Kun.uz
- Қўшилди: 29.01.2025
- Кўришлар: 289
- Чоп этиш