Тадқиқот натижалари: Ёшлар тўйлардаги ортиқча харажатларга қарши

"Оила ва гендер" илмий-тадқиқот институти томонидан "Янги Ўзбекистонда тўй, оилавий тантана, маърака ва маросимларни ихчам ва камхарж ўтказишнинг оилалар иқтисодиётига ҳуқуқий ва маънавий таъсирини таҳлил қилиш" мавзусидаги илмий-амалий лойиҳа доирасида сўровнома ўтказилди.

Сўровлар 9 та ҳудудда 4 та йўналишда яъни, ота-оналар, никоҳланувчи ёшлар, ёш оилалар ва маҳалла фаоллари ўртасида ўтказилди. Сўровномада иштирок этган ота-оналарнинг 64 фоизи никоҳ тўйи маросимларини оилавий шароитларни инобатга олган ҳолда ўтказиш керак деган фикрни билдиришган.  

12 фоизи ота-оналар фарзандлари орзу-ҳавасига эътибор қаратишган бўлса, 9 фоиз респондентлар ўз орзуларини, шахсий манфаатларини биринчи ўринга чиқаришган.  

Никоҳ тўйи тадбирларини қаерда ўтказиш мақсадга мувофиқ? Ана шу саволга 50 фоиз ота-оналар ҳашаматли ресторанларда, 28 фоиз респондент ихчамлаштирилган тартибда 100-150 кишилик тўйхоналарда, 14 фоизи махсус тадбирлар залида, 12 фоизи эса ўз ҳовлисида ўтказишни маъқуллаган. Шунингдек, сўровномада иштирок этган ота-оналарнинг 43 фоизи ихчам ва тежамкорлик тамойили асосида тўй ва маросимларни ўтказиш кераклигини таъкидлашган.

Маҳалла фаоллари ўртасида ўтказилган социологик сўровномада 35 ёшдан 65 ёшгача бўлган маҳалла еттилиги ходимлари иштирок этди.  Тадқиқотда иштирок этган маҳалла фаолларининг 80 фоизи тўй ва бошқа маросимларни ихчамлаштириш бўйича хабардорлиги юқори бўлиб, қолган 19 фоизининг хабардорлиги етарли эмас.   

Маҳалла фаолларининг 33 фоизи тўйни дабдабабозликка йўл қўймасдан ўтказиш тарафдори бўлсалар, 22 фоизи тўйни содда ва оилавий атмосферада ўтказилишини, 18 фоизи оилавий имкониятлардан келиб чиқиб ўтказишни маъқул кўрдилар. Лекин 13 фоиз маҳалла фаоллари тадбир натижасида одамлар орасида обрў-эътиборга эга бўлишни, 12 фоиз фаоллар эса тўй тадбири жуда муҳим, уни ҳар томонлама мароқли ва ёдда қоларли ўтказиш мақсадга мувофиқ, деган фикрни билдирганлар.

Дабдабали тўй, тантаналар ва таъзия маросимлари жамиятда низоли оилаларнинг пайдо бўлиши, оилаларнинг ижтимоий мавқеига салбий таъсири қай даражада, дейилган саволга 40 фоиз маҳалла фаоллари салбий таъсир қилишини, 21 фоизи эса тўй ва таъзия маросимларидан кейин оила аъзолари ўртасидаги нотинчлик кучаяётганини, 11 фоизи эса тўй ва таъзия маросимлардаги ғарб мамлакатларидан кириб келаётган янги ноанъанавий урф-одатлар, маданий анъаналар ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилаларга салбий таъсир кўрсатаётганини маълум қилган.

Таҳлиллар бугунги кунда аҳолининг ўртача йиллик даромади билан тўй харажатлари ўртасида катта номутаносиблик борлигини кўрсатмоқда. Яъни, кўпчилик оилалар тўй учун камида икки баробар ортиқ миқдорда маблағ жалб қилади ва натижада оила молиявий жиҳатдан 3-4 йил давомида тикланолмайди. Айрим ҳолатларда тўй харажатлари оиланинг 3 йиллик даромадидан ҳам ортиқ бўлиб, қарздорликка олиб келмоқда.     

Ёш оилалар ўртасида ўтказилган сўровлардаги респондентлардан 43 фоизи тўйларни содда ва кам харажат қилиб ўтказиш зарурлигини таъкидлаган. 17 фоиз ёшлар тўйларда ортиқча харажат қилиш ҳолатларига эътибор қаратган. 15 фоиз ёш оилалар эса энг анъанавий ва мумтоз маросимларни, ёш оилаларнинг 14 фоизи креатив ва ўзига хос шаклларни маъқул кўрган, 11 фоизи эса тарихий ва замонавий меъёрларга мослаштиришни муҳим, деб ҳисоблаган. Бу ҳолат жамиятда маросимларни ташкил қилишга оид қарашлар турличалигини, аммо кўпчилик уларнинг содда ва тежамкор бўлиши тарафдори эканини кўрсатади.         

Никоҳланувчи ёшлар ўртасида ўтказилган сўров натижалари тўйда дабдабадан кўра соддалик ва самимийлик устун эканини кўрсатди. Респондентларнинг 31 фоизи тўйни оилавий муҳитда ўтказишни афзал кўрса, сўровномада қатнашганларнинг 18 фоизи молиявий имкониятларга мослашишни муҳим деб ҳисоблади. 15 фоиз иштирокчи маънавий жиҳатларга эътибор қаратди, 17 фоиз ёшлар ёдда қоларлиликни устувор кўрди. 19 фоизи эса обрў ва ташқи таъсирларни инобатга олди. Демак, ёшлар ортиқча харажатдан кўра маънавий жиҳатларга кўпроқ эътибор қаратмоқда.  

Сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 34 фоизи тўйни ортиқча дабдабаларсиз ўтказишни энг муҳим деб баҳолаган. Бу ҳолат ёшлар орасида тежамкорлик ва молиявий масъулият кучайиб бораётганини кўрсатади. Шунингдек, 19 фоиз иштирокчи тўй бюджетига ёшлар ва оила аъзоларининг хоҳиш-истакларини мослаштиришни муҳим деб билса, яна 18 фоиз ҳамюртимиз харажатларни режалаштириш ва ҳисоб-китобни муваффақиятли тўйнинг асосий шарти сифатида кўрган.     

Сўров натижаларига кўра, респондентларнинг асосий қисми – 59 фоизи – тўй учун 10–30 миллион сўм оралиғида бюджет режалаштирган. Бу кўпчилик учун энг мақбул ва амалиётда кенг тарқалган маблағ сифатида намоён бўлмоқда. Шу билан бирга, 25 фоиз иштирокчи 30–50 миллион сўм сарфлашни кўзда тутгани уларнинг маросимга жиддий тайёргарлик ва муайян молиявий имкониятга эгалигини кўрсатади. 

Бу борадаги муаммоларни ҳал этиш учун давлат, жамоат ва диний ташкилотлар ҳамкорлигида маънавий тарғибот, маслаҳат хизматлари ҳамда ижтимоий тармоқларда камхарж ва миллий тўйларни тарғиб қилиш зарур.

Н.Усмонова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech