Таълимдаги дунёвийлик – виждон эркинлиги тарбиясида муҳим омил

Бугунги глобаллашув даврида инсон қадри, эркин фикрлаш ҳуқуқи ва виждон эркинлиги энг муҳим ижтимоий қадриятлардан бирига айланмоқда. Халқаро ҳамжамият, замонавий демократик жамиятлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича асосий ҳужжатлар – БМТ Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида бу эркинлик алоҳида эътироф этилган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасида ҳам “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади” дея очиқ белгилаб қўйилган.

Ҳа, виждон эркинлиги жуда муҳим ва қизиқ масала. Келинг, бу эркинликнинг нима экани ва унга таъсир қилувчи муҳим омиллар ҳақида фикр юритиб кўрайлик.

Виждон эркинлиги фақатгина эътиқод танлаш ёки диний маросимларни бажариш ҳуқуқи билан чекланмайди. У шахснинг ички дунёси, ахлоқий тамойиллари, ҳаётий қарашлари ва фикр эркинлигини ўз ичига олади. Айнан шу сабабли, виждон эркинлиги ёшларда мустаҳкам маънавий пойдевор яратишда ўта муҳим восита ҳисобланади.

Бугун ёшлар турли ахборот оқими остида улғаймоқда. Ижтимоий тармоқлар, хорижий маданият таъсири ва диний мафкуралар билан юзма-юз турибди. Бундай шароитда виждон эркинлигига асосланган тарбия уларни танқидий фикрловчи, ҳурфикр, ахлоқан соғлом, ижтимоий жиҳатдан фаоллиги юқори инсонлар этиб вояга етказади.

Шунингдек, қатор ижобий жиҳатларини санаш мумкин. Хусусан, у фикр эркинлиги ва толерантликни шакллантиради. Виждон эркинлиги жамиятда турли фикрлар, эътиқодлар ва маданиятларнинг бирга яшашига имкон яратади. Бу эса ёшлар орасида бағрикенглик, сабр-тоқат, ҳурмат каби фазилатларни кучайтиради. 

У шахсий масъулият ва ахлоқий иммунитетни оширади. Инсон ўз эътиқодига, виждонига таянган ҳолда қарор қабул қилганида, унинг ахлоқий барқарорлиги мустаҳкам бўлади. Бу ёшларни ғаразли мафкуралардан, экстремизм ва радикализм хавфидан ҳимоя қилади.

Яна бир муҳим жиҳат. Виждон эркинлиги ижодкорлик ва танқидий фикрлашга замин яратади.  Эркин фикрлаш муҳитида улғайган ёшлар мустақил таҳлил қилиш, муаммога янгича ёндашиш қобилиятига эга бўлади. Бу эса замонавий таълим ва инновациялар учун муҳим пойдевордир.

Буларнинг барчаси, албатта тарбия ва таълим жараёнлари билан чамбарчас боғлиқ. 

Биламизки, бизнинг давлатимиз – бошқаруви республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат. Бу асосий Қомусимизнинг энг дастлабки моддаларида ёзиб қўйилган. Демакки, таълим ҳам мамлакатимизда айнан шунга мос тарзда ташкил этилган. Шу ўринда таълимнинг дунёвийлиги хусусида тўхталиш жоиз. 

Дунёвийлик тушунчаси кўп ҳолларда нотўғри талқин қилинади. Афсуски, баъзан виждон эркинлиги билан зид қўйилади. Аслида, дунёвийлик – динни инкор этиш эмас, балки барча эътиқодларга нисбатан бетараф, адолатли ва нейтрал ёндашувни англатади. Дунёвий таълим тизими ёш авлодга диний эмас, балки илмий асосланган билимлар беришга йўналтирилган бўлиб, шу билан бирга, уларнинг виждон эркинлигини тўлиқ таъминлашга қаратилган. Бу ёндашув ёшларни бир эътиқодга мажбурламасдан, уларнинг эркин фикрлаши ва мустақил қарор қабул қилиш қобилиятини шакллантиради.

Келинг, айрим хорижий мамлакатлардаги тажрибани кўриб чиқайлик. Масалан, Францияда 1905 йилдан бошлаб қабул қилинган дунёвийлик тўғрисидаги қонун асосида барча диний ташкилотлар ва давлат бир-биридан ажратилган. Мактаблар эътиқодни эмас, балки илмий фикрлашни тарғиб қилади. Шунга қарамай, бу мамлакатда ҳар бир шахснинг виждон эркинлиги қатъий ҳимояланган. Туркияда ҳам ХХ асрдан бошлаб дунёвий таълим тизими жорий этилган бўлиб, у диний билимларни эмас, балки умумий инсоний қадриятлар ва фан асосидаги таълимни биринчи ўринга қўяди. Шу билан бирга, давлат томонидан диний эркинликлар тўлиқ кафолатланган. 

Скандинавия давлатларида виждон эркинлиги нафақат ҳуқуқий, балки тарбиявий мезон сифатида мактабгача таълимдан бошлаб ёш авлодга сингдирилади. Бу мамлакатларда болалар ёшлигиданоқ бошқа инсонларнинг диний ва маданий қарашларига ҳурмат билан қарашга ўргатилади. Бунда таълим тизими диний нейтраллик тамойилига асосланади, бироқ ҳар бир ўқувчининг эътиқодига ҳурмат билан қаралади. АҚШда ҳам эътиқод ва виждон эркинлиги қатъий ҳимоя қилинади. Мактабларда турли эътиқодга мансуб ўқувчиларга тенг шароит яратилади. Бу, ўз навбатида, миллий бирлик ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашда асосий воситалардан бири сифатида қаралади. Малайзияда эса диний хилма-хилликни инобатга олиб, давлат сиёсатида барча диний қарашларга нисбатан адолатли ёндашув йўлга қўйилган. Бу эса ёшларда ўз маданиятига садоқат билан бирга, бошқа дин вакилларига нисбатан толерантликни оширишга хизмат қилмоқда.

Дунёвий давлатни ривожлантириш йўлида таълим йўналишидаги дунёвийликни таъминлаш жуда муҳим.  Боиси, айнан таълим тизимининг ҳар бир босқичида ёшларга виждон эркинлиги ва дунёвийлик тушунчаларининг моҳиятини тўғри англаш ва ундан тўғри фойдаланиш хусусида билимлар бериб борилиши зарур.

Таълимдаги дунёвийлик таълим жараёнида таълим олувчиларда диний ақида ва қарашлардан холи тарзда илмий билимларни, мантиқий фикрлаш кўникмаларини, миллий ва умуминсоний қадриятларни шакллантириш, қарашлар хилма-хиллигини ҳурмат қилиш, умумжамият манфаатларига ҳисса қўшиш ғояларига таянишдан иборатдир.

Маълумки, мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат вакиллари яшайди, уларнинг турли динга эътиқод қилишларини ҳам биламиз. Мактабу университетларда уларнинг ҳаммаси ҳам ёнма-ён, бир тизимда таълим оладилар. Демак, юқорида айтаётганимиз виждон эркинлиги тушунчасининг тўғри англаниши бизнинг жамиятимиз учун, ҳар биримиз учун  ниҳоятда муҳим.

Тасаввур қилинг, таълимда диний бетарафликни сақлаш ва диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўймайдиган муҳитни таъминлаб бермасак нима бўлади? Албатта, бу виждон эркинлигининг таъминланмаслигига олиб келади. Аслида биз инсонпарварлик ва адолат, дўстлик ва ҳамжиҳатлик, миллий ва умуминсоний ғояларга ҳурмат каби қадриятларни сингдириб боришимиз, ахлоқий масалаларга мақбул ечим топиш кўникмаларини шакллантиришимиз керак.

Акс ҳолда виждон эркинлиги нотўғри талқин қилиниб, диний радикализм ва экстремистик фаолиятни оқлашга уринишлар пайдо бўлади. Бу эса ижтимоий хавфли ҳолатларнинг юзага чиқишига олиб келади. 

Агарда биз виждон эркинлигини тўғри англатсак, турли диний эътиқодлар ва таълимотларнинг тарихи, ривожланиш босқичлари ва замонавий тенденциялари тўғрисида холисона билим беришни, шунингдек, турли динлар, маданиятлар ва дунёқарашларга нисбатан ҳурмат, бағрикенглик ва тушуниш муҳитини таъминласак,  таълимда дунёвийликнинг ҳамма ижобий жиҳатларини кўрсата оламиз. 

Виждон эркинлиги ва инсоннинг ички ахлоқий ҳолати, жамиятдаги бағрикенглик ва ҳурмат ислом динида ҳам чуқур ўрганилган ва қадрланган.

Таълимдаги дунёвийлик ҳам айнан шу хислатларга эга ёшларимизнинг янгиликка интилиши, фанларни чуқур ўзлаштириб, ўз ҳаётини фаровонлаштириш, жамиятни аҳилликда кучайтириш, мамлакатни ривожлантириш йўлида билимларини чархлаши ва фойдали тадқиқотлар натижаларини  ҳаётга жорий қилиш билан кўринади. 

Демакки, виждон эркинлиги – бу инсониятнинг энг муқаддас ҳуқуқларидан бири. У нафақат ҳуқуқий, балки тарбиявий, маънавий ва ахлоқий омил сифатида жамиятнинг ривожида беқиёс ўрин тутади. Айниқса, ёшлар тарбиясида бу эркинлик соғлом фикрли, маънавий бой ва бағрикенг шахсларни шакллантиришга хизмат қилади. Уни асраш, тўғри йўналтириш ва ҳимоя қилиш – барчамизнинг муқаддас бурчимиз.

Гулчеҳра Рихсиева, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech