Ўзбекистоннинг Биринчи хоними, "Zamin" халқаро жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева Бокуда ўтаётган Глобал иқлим саммитидаги иштироки давомида экофаоллар билан биргаликда COP29да ташкил этилган Ўзбекистон миллий павильони билан танишди.
Мамлакатимиз павильонининг "Ички барқарорлик" мавзусидаги концепцияси ўзбек хонадонининг қалби ва оилавий уйғунлик рамзи бўлган анъанавий ҳовлига асосланган. Павильон мамлакатимиз иқлимига мос, вақт синовидан ўтган барқарор, анъанавий материаллар ва қадимий усуллардан фойдаланилган ҳолда бунёд этилган.
Таъкидлаш жоизки, саммит кунларида бу ерда ерларнинг таназзулга учраши ва чўлланиши, биохилма-хиллик, шаҳарларнинг иқлимга чидамлилиги, Оролбўйи минтақасини тиклаш каби Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақасининг асосий иқлим муаммоларини қамраб олган 30 дан ортиқ тадбир ўтказилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Биринчи хоними Озарбайжон Биринчи хоними Меҳрибон Алиева, Туркия Биринчи хоними Эмине Эрдоған ва Қирғизистон Биринчи хоними Ойгул Жапарова билан биргаликда “Бирдамлик маркази” павильонига ташриф буюрдилар. У Туркия Президенти рафиқасининг "Ноль чиқинди" ташаббуси доирасида ва Озарбайжон Президенти рафиқаси бошчилигидаги Ҳайдар Алиев жамғармаси кўмагида очилган.
Олий мартабали меҳмонларга мазкур ташкилотларнинг чиқиндиларни бошқариш, қайта ишлаш, экологик дастурлар ва инновацион ечимлар, шунингдек, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги лойиҳалари ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди.
Шу ерда Озарбайжоннинг Шамахи шаҳрида дарахт экиш кампаниясини бошлаш маросими бўлиб ўтди. Тўрт мамлакатнинг Биринчи хонимлари масофадан туриб кўкаламзорлаштириш тадбирларига старт бердилар.
ЎзА
- Қўшилди: 13.11.2024
- Кўришлар: 942
- Чоп этиш