Мамлакатимизда миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганишга алоҳида эътибор берилмоқда. Кейингги йилларда ташкил этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари бевосита ана шу мақсадга хизмат қилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 16 июнда “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби" мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқида “Самарқандда – Имом Бухорий илмий марказида ҳадисшунослик, Имом Мотуридий маркази қошида калом илми, Фарғонада – Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи мактаби, Бухорода – Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф, Қашқадарёда – Абу Муин Насафий марказида ақида илми мактабини ташкил этсак, ўйлайманки, бу жуда фойдали бўлади. Келгусида чуқур билимли имом-хатиблар, исломшунос мутахассислар, уламолар тайёрлашда, энг муҳими, фарзандларимизни буюк аждодларимизнинг бебаҳо мероси руҳида, соғлом эътиқод руҳида тарбиялашда бу мактаблар таянч бўлиб хизмат қилади” деб таъкидлаган эди.
Давлатимиз раҳбарининг «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони асосида олий диний-маърифий таълим муассасаси шаклидаги Ҳадис илми мактаби ташкил этилди. Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ёнида ушбу мактабнинг талабалар учун барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган муҳташам биноси бунёд этилди.
Бу йил Ҳадис илми мактабига биринчи марта 10 нафар талаба қабул қилинди. Ушбу масканда ўқиш учун 56 киши ариза топширган эди. Уларга имтиҳонларга пухта тайёргарлик кўришлари учун ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент ислом институтида тайёрлов курси ташкил этилди. Бу ерда абитуриентлар Тошкент ислом институти ва Ўзбекистон Халқаро ислом академиясининг малакали профессор-ўқитувчилари томонидан араб тили, “Ҳадис истилоҳлари”, “Ҳадис шарҳлари” фанларидан сабоқ олишди.
Ҳадис илми мактаби абитуриентлари яқинда “Ҳадис” ва “Мусталаҳул ҳадис”, араб тилидан ижодий имтиҳон топширдилар ҳамда “Ўзбекистон тарихи”дан тест синовидан ўтдилар.
Мактабда ўқиш муддати беш йил бўлиб, у кундузги таълим шаклида олиб борилади. Бу ерда «Ҳадисшунослик» таълим йўналиши бўйича бакалавр даражасидаги кадрлар тайёрланади. Ҳадис илми мактабида тафсир, ҳадис, фиқҳ фанларидан чуқурлаштирилган таълим берилади. Талабалар Қуръони карим, Тафсир, Ҳадис, Ҳадис шарҳи, Аҳкомул ҳадис, Мусталаҳул ҳадис, Жарҳ ва таъдил, Тахриж ва диросатул-асонийд, Илалул ҳадис, Ақоид, Фиқҳ, Усулул фиқҳ, Мерос илми, араб тили, мантиқ, тасаввуф, Ислом тарихини мукаммал ўзлаштирадилар.
Машғулотлар замонавий педагогик технологиялар, шунингдек, “Устоз — шогирд” анъаналари асосида олиб борилади. Ҳадис илми мактабининг ўқув жараёнини самарали ташкил этиш мақсадида талабалар билан машғулотлар ўтказишга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг уламолари, Ўзбекистон Халқаро ислом академияси, Тошкент ислом институтининг профессор-ўқитувчилари жалб қилинади. Ҳадис илми мактабига дунёга машҳур Ал-Азҳар университети ва бошқа нуфузли ўқув юртларидан ҳам ўқитувчилар чақириш мўлжалланган.
Шу билан бирга Ҳадис илми мактаби талабаларининг Миср, Иордания, Марокаш, Ҳиндистон ва Покистон каби мамлакатларнинг ҳадис илми марказлари, таниқли университетларида малака оширишлари режалаштирилган.
Келажакда Ҳадис илми мактаби битирувчилари диний фанлар, хусусан, ҳадис илми соҳасида таълим бериб, диний ташкилотларда имом-хатиб, илмий ходим вазифаларида ишлаши, шунингдек, илмий-тадқиқот марказларида илмий ходим сифатида фаолият олиб бориши кўзда тутилган.
Битурувчилар таълимни ўз ихтисослигига кўра, Ўзбекистон Ислом академияси магистратурасида, таянч докторантура ва докторантура босқичларида давом эттиришлари мумкин бўлади.
Эркин Эрназаров,
«Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари» журнали
Бош муҳаррирининг ўринбосари
- Қўшилди: 04.08.2019
- Кўришлар: 8041
- Чоп этиш