Пойтахтимизда ташкил этилган ушбу форумда республикамизнинг барча ҳудудларидан 150 нафардан зиёд жамоатчилик кенгашлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, фаол фуқаролар ҳамда халқаро экспертлар иштирок этди.
Бугунги кунда жамоатчилик кенгашларини ўткир муаммолар, аҳолини ўйлантираётган масалалар юзасидан конструктив мулоқот майдончасига айлантириш бўйича ишлар жадаллик билан амалга оширилмоқда. Жамоатчилик кенгашлари аъзолари салоҳиятини юксалтириш, уларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш, бу борада халқаро тажрибани ўрганиш, янги билим ҳамда кўникмаларни амалиётга жорий этиш ушбу йўналишдаги асосий вазифалардан саналади.
Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори асосида ҳар бир давлат органи, жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолияти йўлга қўйилгани халқ ва ҳокимият ўртасида ўзига хос “кўприк” шаклланишига замин яратди.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Қозоғистоннинг Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ассоциацияси ва АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги билан биргаликда Ўзбекистонда “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастурини ишга туширган. Дастур мустақил нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, уларга грантлар тақдим этиш, услубий ва амалий кўникмалар бериш, тренинг ва ўқув курсларини ташкил қилишга йўналтирилган.
“Инновациялар учун ҳамкорлик” дастури доирасида ташкил этилган Жамоатчилик кенгашлари форуми кўплаб ташаббусларни муҳокама қилиш, ўзаро тажриба алмашиш ва энг асосийси, ўтган вақт давомида бажарилган ишларни таҳлил қилиш орқали келгуси режалар ва соҳа ривожига қаратилган янги таклифларни ишлаб чиқишга хизмат қилади.
Форум якунларига кўра, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан жамоатчилик кенгашлари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича билдирилган тавсиялар, шу жумладан, давлат идоралари билан ўзаро ҳамкорлик, фуқароларни устувор вазифалар ва ислоҳотларга фаол жалб қилиш бўйича таклифлар умумлаштирилди.
— Юртимизда сўнгги йилларда халқ билан мулоқотнинг бир неча самарали усуллари қўлланилмоқда, — дейди форум иштирокчиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши раиси Акмал Саидов. — Халқ қабулхоналари, Виртуал қабулхона каби институтларнинг жорий қилингани бунга яққол мисолдир.
Кейинги уч йил мобайнида салкам 2,5 миллиондан ортиқ фуқаролар айнан Халқ қабулхоналарига мурожаат қилишган. Улар муаммоларининг 70-80 фоизи ҳал этилган. Аммо ўз ишига масъулиятсизлик билан қараётган айрим раҳбарлар борки, улар сабабли оддий фуқаролар давлат идорасидан ўзи учун керакли маълумотларни, ахборотларни олишга қийналмоқда. Айнан шунинг учун ҳам давлат органлари қошида ташкил этилган жамоатчилик кенгашларининг янада фаол бўлиши талаб қилинади.
Бугун юртимиздаги ҳар бир фуқаро Ўзбекистонда кечаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини янада кучайтириши, давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлаши жуда муҳим. Ўз навбатида, жамоатчилик кенгашлари халқнинг давлатга ишончини мустаҳкамлаш учун ишлаши, бу муносабатларни янада кучайтирувчи “кўприк”ка айланиши лозим.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 июлда қабул қилинган “Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашларининг ҳуқуқий мақоми белгилаб берилган. Ушбу қарор билан “Давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашларининг намунавий низоми” тасдиқланган.
Жамоатчилик кенгаши ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органидир. Жамоатчилик кенгаши давлат органининг марказий аппарати ҳузурида ташкил этилади ва унинг фаолияти мазкур давлат органининг барча ҳудудий бўлинмалари ва ўзига бўйсунадиган ташкилотларга тарқалади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 17.08.2019
- Кўришлар: 6178
- Чоп этиш