21 сентябрь – Xaлқаро тинчлик куни
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 1981 йили таъсис этилган ва унинг 2001 йил 7 сентябрдаги резолюцияси асосида тасдиқланган 21 сентябрь – Халқаро тинчлик куни ҳар йили дунё бўйлаб нишонланади. Шу куни дунёдаги барча халқлар ва давлатларга ўт очиш ва зўравонликни тўхтатиш, кун давомида қуролли ҳаракатларга йўл қўймаслик, инсонларга тинчлик ва барқарорликнинг аҳамиятини турли маърифий тадбирлар уюштириш орқали тушунтириш тавсия этилади.
Ҳар бир инсон дунёга келиб ота-она бағрида улғаяр экан, унга ватанга бўлган муҳаббат туйғуси оиладан бошлаб сингдирилади. Соғлом оила муҳитида фарзанд вояга етиш жараёнида ватанга бўлган садоқатни, уни ҳимоя қилиш, керак бўлса, юрт учун жонни фидо қилишни ўрганади.
Албатта, бунинг учун юрт тинчлиги муҳим аҳамиятга эга. Дунёнинг кўпгина мамлакатларида истиқомат қилаётган инсонлар, афсуски, бу улуғ неъматдан мосуводир.
Тинчликда ҳар бир кунини фарзанлари ва оила аъзолари даврасида ўтказишни орзу қилаётганларни кўриб, тинч, фаровон ҳаёт кечиришдек азиз неъматга муяссар эканидан беихтиёр қувонади киши. Ота-боболаримиз “Қўшнинг тинч – сен тинч” деган ҳикматга азалдан амал қилиб келганлари бежиз эмас.
Ҳозирги вақда айрим бир давлатларда кузатилаётган тартибсизликлар ўша давлат ҳудуди билан чекланиб қолмаяпти. Аксинча, дунё миқёсида турли муаммолар келиб чиқишига, кўплаб инсонларнинг тақдири бутунлай ўзгариб кетишига ёки номаълумлигича қолишига ва давлатлар ўртасида ўзаро тушунмовчиликларнинг юзага келишига сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон томонидан бугунги кунгача ўтказилган “Меҳр-1,2,3,4” операциялари доирасида Сурия, Ироқ ва Афғонистонда оғир аҳволга тушиб, чорасиз қолган 438 нафар аёл ва болалар Ватанга олиб келинди. Жумладан, 2019 йилда Суриядан 156 нафар ўзбекистонлик, асосан аёллар ва болалар, октябрь ойида эса Ироқдан 64 нафар бола, 2020 йилнинг декабрида (“Меҳр-3” операцияси) Суриядан 25 нафар аёл ва 73 нафар бола, 2021 йилнинг “Меҳр-4” операциясида эса 24 нафар фуқаро Афғонистондан ва ниҳоят “Меҳр-5” операцияси натижасида Сурияда уруш кетаётган ерларга бориб қолган ва 3 йилдан ортиқ вақт мобайнида лагерда ушлаб турилган 24 нафар аёл ва 69 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди.
Бугунги кунда дунё мамлакатларини ташвишга солаётган кўплаб глобал муаммолар: ичимлик суви тақчиллиги, озиқ-овқат ва экология муаммоси ҳамда ер юзига шиддат билан тарқалиб, кўплаб инсонларни ҳаётдан олиб кетаётган коронавирус пандемияси каби долзарб масалаларга эътибор қаратилиши талаб этилмоқда. Бу борада инсоният ўзаро ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиши жуда муҳим.
Шу нуқтаи назардан, 2020 йил 23 мартда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби сайёрадаги барчани тўқнашувлар ва уруш ҳаракатларни тўхтатишга, инсонларга коронавирус пандемияси билан курашишларига шароит яратишга чақирар экан, пандемиянинг ҳалокатли таъсиридан қутулишда ўзаро тинчлик ўрнатилиши жуда зарурлигини таъкидлагани эътиборлидир.
Дилдора АҲМЕДОВА,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази ходими
- Қўшилди: 21.09.2021
- Кўришлар: 11346
- Чоп этиш