Дунёда қанчалар оғир геополитик вазият юзага келмасин, Марказий Осиё давлатлари ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик ишлари олиб борилмоқда. Бу давлатларнинг ишонч тамойилларига асосланган ўзаро манфаатли сиёсатни йўлга қўйиш ва барқарор ривожланиш учун шароит яратадиган яхши қўшничилик натижасидир.
Шу нуқтаи назардан Фарғона водийсида умумий қўшничилик майдони бўлган Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳам ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқда ва ўзаро алоқанинг янги механизмларини шакллантирмоқда.
Фарғона водийси тарихан давлатлар умумий захиралардан фойдаланадиган ягона макон бўлиб келган. Бироқ мустақилликнинг дастлабки йилларида чегара муаммолари юзага чиқди. Натижада миллатлараро можароларга сабаб бўлди. Бундан ташқари, яқинлашиб келаётган сув инқирози, кўплаб этно-ҳудудий анклавларнинг мавжудлиги водийнинг 16,5 миллиондан ортиқ аҳоли зич жойлашган минтақа эканлиги хавотирни янада кучайтирди. Ушбу омилларнинг уйғунлиги бутун Марказий Осиёнинг барқарорлиги ва ривожланиши учун хавф ҳамда таҳдидларни келтириб чиқарди.
Аммо бугун давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли минтақада ишонч ва ўзаро тушуниш билан тавсифланган янги сиёсий иқлим яратилди. Ҳудудий қарама-қаршиликлар, сув ресурсларини тақсимлаш муаммолари, дўстлик ва ҳамкорлик руҳидаги ҳаёт тарзи қарор топди.
2025 йил 31 март куни Хўжандда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида давлат чегараларини кесиш нуқтаси тўғрисидаги шартнома имзоланиши тарихий воқеа бўлди ва бу қадриятларни мустаҳкамлади.
Бу эса халқаро муносабатлар тизимида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик янги таъсирчан куч эканини намоён қилди.Улкан иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, логистика, саноат соҳаларида ва туризмда бутун минтақани янада ривожлантириш учун мутлақо қулай имкониятлар очди.
Қолаверса, халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш, жумладан, "Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон" темир йўлининг барпо этилаётгани Фарғона водийси муҳим транзит маркази мақомини касб этишидан дарак бермоқда.
Фарғона водийси Марказий Осиёнинг унумдор минтақаси сифатида танилган бўлиб, унда мавжуд қишлоқ хўжалиги салоҳиятини тўлиқ очиб бериш учун имкониятлар мавжуд, қўшма агросаноат кластерларини яратиш талаб этилади.
Нефть, газ, кўмир, темир, мис ва бошқа фойдали қазилмалар захиралари туфайли Фарғона водийсининг саноат-иқтисодий имкониятлари ҳамон жозибали бўлиб қолмоқда.
Фарғона биринчи тинчлик форуми шу жиҳатлари билан ҳам заруратга айланди. Шунинг учун унинг ишида қирққа яқин давлат сиёсатчилари ва экспертлари иштирок этмоқда. Унинг шиори эса:
– Ишонч, мулоқот ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш тинчлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадида Марказий Осиёнинг барқарор ривожланиши;
– Фарғона водийсини ҳар томонлама иқтисодий ривожлантириш учун ички салоҳиятни сафарбар қилиш, ташқи ресурслар ва инвестицияларни жалб қилиш;
– Фарғона водийсининг ишонч, мулоқот ва миллатлараро тотувлик ҳудуди сифатида халқаро қиёфасини шакллантириш.
Эртага Фарғона биринчи тинчлик форуми ўз ишини бошлайди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА
- Қўшилди: 15.10.2025
- Кўришлар: 88
- Чоп этиш