Лойиҳа билан аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилишнинг асосий принциплари, атроф табиий муҳитга шовқин орқали зарарли таъсир кўрсатганлик учун компенсация тўловлари, аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат органларининг ваколатлари белгилаб қўйилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузадиган ҳаракатларнинг қатъий рўйхати тасдиқланмоқда, шунингдек фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузишга йўл қўйилмайдиган вақтлар оралиғи белгиланмоқда.
Яъни, тунги вақтда — сутканинг соат 23:00 дан 06:00 гача бўлган вақт оралиғида, шунингдек дам олиш кунлари ва қонунчилик билан белгиланган ишланмайдиган байрам кунлари соат 22:00 дан 09:00 гача вақт оралиғида — фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш таклиф этилмоқда.
Бунга кўра, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгилаб қўйилмоқда.
Амалда мазкур ҳуқуқбузарликлар учун жарималар миқдори фуқароларга – 113 минг сўм, мансабдор шахсларга эса 113 минг сўмдан 226 минг сўмгача бўлган миқдорни ташкил этади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти