Туркманистон матбуоти Ўзбекистон ташаббусларига эътибор қаратди

“Turkmenportal” нашрида “Ўзбекистон Туркманистон ва Қозоғистон иштирокида туристик ҳалқа яратишни таклиф қилмоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинди.

– Ўзбекистон бир вақтнинг ўзида минтақанинг бир неча давлатига бориш истагидаги хорижлик сайёҳларни жалб қилиш учун Марказий Осиёнинг уч давлатини бирлаштирадиган янги туристик ҳалқа яратишни таклиф қилди, – дейилган мақолада. – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2025–2026 йилларда сайёҳлар оқимини кескин кўпайтириш ва туристик хизмат кўламини жадал кенгайтириш орқали туризмнинг иқтисодиётдаги ўрни ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида трансчегаравий қўшма туристик маршрутларни кенгайтириш мақсадида “Туркманистон – Хоразм – Қорақалпоғистон – Қозоғистон” йўналишида туристик йўлак-ҳалқа яратиш белгиланган.

Айни пайт Туркманистон ва Қозоғистоннинг туризм департаменти ва компаниялари билан ҳамкорликда ушбу ташаббус ишлаб чиқилмоқда.

Йўналишлар тармоғига ЮНЕСКО Жаҳон мероси объектлари мақомига эга 16 та, шунингдек миллий ва минтақавий аҳамиятга эга объектлар киради.

Туркманистоннинг Қадимги Марв шаҳри, "Дарвоза" газ кратери, Кўхна Урганч манзиллари,  Хоразмдаги Ичан қалъа, Дишан қалъа, Қорақалпоғистондаги И.В.Савицкий музейи, Қизил қалъа, Чилпиқ қалъа, Тупроқ қалъа, Аёз қалъа, Султон Увайс Бобо зиёратгоҳи, Қозоғистоннинг Ториш водийси, Бўзжира водийси, Шақпақ Ота мақбараси, Шерқалъа тоғи шулар жумласидан.

Бу халқа нафақат саёҳат ихлосмандлари, балки маданият, тарих, санъат ва табиатни

севувчилар учун ҳам чинакам кашфиёт бўлиши мумкин.

Бу ҳудудлар ривожланган этнотуризм тизими, ҳунармандлик, гастрономик анъана ва хилма-хил табиий ландшафт – чўл ва даштдан тортиб, тоғ тизмаси ва дарёлар сифатида машҳур.

Сайёҳлар ва туристик ташкилотларга мазкур йўналиш бўйича мустақил равишда ёки туристик гуруҳлар таркибида бетакрор саргузаштга бой саёҳат ташкил этиш тавсия этилади.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech