UNICEF: Ғазода 6000 нафар фаластинлик бола тўйиб овқатланмаяпти

БМТ Болалар жамғармаси (UNICEF) маълум қилишича, июнь ойида Исроил ҳужуми туфайли Ғазо секторида қарийб 6000 нафар фаластинлик болага тўйиб овқатланмаслик ташхиси қўйилган. Уларнинг мингдан ортиғи “ўта оғир ҳолатдаги камқонлик”дан азият чекмоқда. Бундай ташхис қўйилган ўғил-қизлар сони, тўртинчи ойдирки, узлуксиз ошмоқда.

“Анадолу” ёзишича, UNICEF баёнот бериб, жамоатчиликни мунтазам равишда Ғазода яшовчи фаластинликларга “тезкор, кенг қамровли гуманитар ёрдам” кўрсатишга чақиряпти.

Ғазо соғлиқни сақлаш идораси маълумотига кўра, Исроил қўллаётган қамал ва тизимли сиёсат туфайли минтақада очарчилик тобора кенг ёйилмоқда. Қарийб 18 йилдан буён секторга нисбатан чеклов амал қилмоқда. Жами 2,4 миллион аҳолиси бор ушбу ҳудудда айни пайт 1,5 миллион киши уй-жойини йўқотган ёки узлуксиз ҳужум туфайли мажбурий кўчманчига айланган.

БМТ таркибидаги Фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш ишларини мувофиқлаштириш агентлиги инсонпарварлик ёрдами йўллари тўсиб қўйилиши оқибатида март ойидан буён Ғазода тўйиб овқатланмаслик ҳолати кескин кўпайганига эътибор қаратган. Жорий йил 2 мартдан бошлаб юзлаб ёрдам юк машинасидан жуда оз қисмиҒазо чегарасидан ўта олган. Таҳлилга кўра, минтақа эҳтиёжини қондириш учун кунига камида 500 юк машинаси кириши лозим.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 7 октябрдан буён уруш туфайли ҳудудда кўпчилик очликка маҳкум. Ҳарбий ҳаракат натижасида ҳалок бўлган ёки яраланган 196 000 дан ортиқ фаластинликнинг кўпчилиги аёллар ва болалар. 10 000 дан зиёд инсоннинг тақдири ҳамон номаълум, юз минглаб одам уйини тарк этишга мажбур бўлган.

Б.Худойбердиев, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech