Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 август куни Самарқанд шаҳрида БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) Бош директори Одри Азулени қабул қилди, деб хабар берди ЎзА.
Давлатимиз раҳбари олий мартабали меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги конструктив мулоқот изчил ривожланиб, шериклик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.
Одри Азуленинг ушбу нуфузли халқаро институт бош директори сифатидаги мазкур илк ташрифи ўтган йили Париж шаҳрида бўлиб ўтган учрашувнинг мантиқий давоми экани, шунингдек, устувор йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида томонларнинг интилиши қатъий эканидан далолат бериши таъкидланди.
Бугунги кунда ЮНЕСКО томонидан Ўзбекистон учун биринчи марта қабул қилинган Мамлакат дастури доирасида устувор йўналишлар бўйича қўшма чора-тадбирлар самарали амалга оширилмоқда.
Халқимизнинг ноёб маданий-тарихий меросини асраш соҳасида ҳамкорлик қилиш ва бу борадаги алмашинувларни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жаҳоннинг илғор тажрибасини чуқур ўрганиш ва жалб этиш мақсадида юртимизда ЮНЕСКО кафедралари тармоғи кенгаймоқда. Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим муассасаларида "Дунё динларини қиёслама тадқиқ этиш", "Сув дипломатияси, сув ресурсларини бошқариш ва атроф-муҳит муҳофазаси", "Маданият туризми" каби кафедралар очилмоқда.
ЮНЕСКО кўмагида мамлакатимизда "Шарқ тароналари", бахшичилик санъати, ҳунармандчилик фестиваллари, Мақом санъати анжумани каби қатор йирик халқаро тадбирлар ташкил этилмоқда.
Учрашувда кенг кўламли шерикликни янада ривожлантириш, жумладан, Жаҳон мероси қўмитасининг навбатдаги сессияси якунида эришилган келишувларни сўзсиз амалга оширишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистонда маданий мерос объектларини ривожлантириш ва асраш соҳасидаги фаол саъй-ҳаракатларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди. Бугун Самарқандда шу мавзуга бағишлаб муваффақиятли ўтказилган қўшма халқаро конференция натижалари юксак баҳоланди.
Маданият, таълим ва фан, гендер сиёсат йўналишларида ҳамда экология, жумладан, Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш йўналишида амалий ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди.
ЮНЕСКО Бош директори самимий қабул учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.
Юртимизда бой маданий меросни асраб-авайлаш, туризм салоҳиятини рўёбга чиқариш, таълим ва фан, атроф-муҳит муҳофазаси соҳаларида муҳим ўзгаришларни амалга ошириш борасидаги ислоҳотлар ижобий натижалар бераётгани мамнуният билан қайд этилди.
ЮНЕСКО Ўзбекистон билан кенг кўламли шерикликни бундан буён ҳам ривожлантириш ва мустаҳкамлашда қатъий экани тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шу куни «Шарқ тароналари» ўн иккинчи халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиш маросимида сўзлаган нутқида йигирма икки йилдан буён мазкур фестиваль ЮНЕСКО раҳнамолигида ўтказиб келинаётганини алоҳида қайд этди. Ушбу ташкилотнинг Бош директори Одри Азуле хоним юртимизга шахсан ташриф буюриб, анжуманга алоҳида файз ва кўтаринки руҳ бағишлагани учун самимий миннатдорчилик билдирди.
ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле ўз чиқишида фестиваль ўтаётган Самарқанд Амир Темурнинг буюк давлати, Регистон майдони эса Мирзо Улуғбек меросидан далолат беришини, бу мерос асрлар давомида олимлар, ҳунармандлар, санъаткорларни бу ерга етаклаганини қайд этди. Умумбашарий тарихни асраш, универсал тил бўлган мусиқани ривожлантириш ЮНЕСКОнинг масъулият доирасига киришини, ташкилот Ўзбекистон билан кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантириш ниятида эканини таъкидлади.
Маълумот учун: БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ЮНЕСКО Иккинчи жаҳон урушидан сўнг, 1945 йил 16 ноябрда тузилган. Унинг асосий мақсади таълим, фан, маданият, коммуникациялар, туризм соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш орқали тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга кўмаклашишдир.
ЮНЕСКОнинг Париж шаҳридаги Бош қароргоҳи 1958 йил 3 ноябрда очилган. Ушбу бино Париж шаҳридаги Сена дарёсининг сўл қирғоғида жойлашган. Лотинча “Y” белгисига ўхшаш бино лойиҳаси Халқаро меъморлар гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, унда АҚШдан Марсель Брейер, Италиядан Пьер Луиджи Нерви ва Франциядан Бернар Зерфюс каби архитекторлар иштирок этишган. Бино архитектураси ҳам ўзига хос бўлиб, у 72 та бетон устун устига ўрнатилган. Учта корпусдан ташкил топган бинонинг 1068 та деразаси барча хоналарига етарли миқдорда ёруғлик тушишини таъминлайди.
Одри Азуле – 1972 йил 4 августда Парижда туғилган. 2000 йилда Франция администрацияси миллий мактабини тамомлаган. Шундан сўнг Иль-де-Франс минтақаси Ҳисоб палатасида ишлаган. 2014 йилда Франциянинг собиқ Президенти Франсуа Олланднинг маслаҳатчиси, 2016-2017 йиллардаги Франция Маданият ва коммуникация вазири сифатида фаолият олиб борган. У 2017 йил 15 ноябрдан ЮНЕСКОнинг Бош директори лавозимида фаолият олиб бормоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 27.08.2019
- Кўришлар: 12507
- Чоп этиш