Лондонда Ўзбекистон Президентининг Мурожаатномасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди

Шу йил 11-14 февраль кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази делегацияси Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигида хизмат сафарида бўлди. Ташриф доирасида бир қатор муҳим учрашув ва мулоқотлар ўтказилди.

Мамлакатимизнинг Лондондаги элчихонасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарига тақдим этган Мурожаатномаси мазмун-моҳияти ва аҳамиятига бағишлаб давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда Буюк Британия ижтимоий-сиёсий, ишбилармон ва илм-маърифат доиралари намояндалари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, ушбу мамлакатда яшайдиган ватандошларимиз ҳамда таҳсил оладиган талабалар ҳамда элчихона ходимлари иштирок этди.

Давра суҳбатида Мурожаатноманинг асосий маъно-мазмуни ҳақида батафсил сўз юритилди. Давлатимиз раҳбарининг ушбу дастуриламал маърузаси нафақат миллий парламентга, балки бутун Ўзбекистон халқига, шунингдек, халқаро ҳамжамиятга қаратилгани алоҳида таъкидланди.

Мурожаатномада Ўзбекистонни ривожлантиришнинг муҳим стратегик йўналишлари белгилаб берилган. Шу маънода, мазкур ҳужжат мамлакатнинг миллий тараққиёти ва халқаро ҳамкорлик алоқалари нуқтаи назаридан яқин истиқболга мўлжалланган ривожланишининг ўзига хос “йўл харитаси”дир.

Айниқса, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, шунингдек, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларининг бажарилишини назорат қилиш борасида парламентнинг ролини кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Давлат раҳбари томонидан Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун зарур қонунчилик ва институционал асослар яратишга доир янги ташаббуслар илгари сурилган.

Хорижий шериклар билан Ўзбекистоннинг БМТ миқёсидаги халқаро ташаббусларини рўёбга чиқариш йўлида ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида аҳамият берилган. Жумладан, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, шунингдек Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида иштирокини фаоллаштиришда хорижий ҳамкорлар билан янада яқин муносабатлар муҳим аҳамият касб этади.

Анжуман иштирокчилари Ўзбекистон Президенти Мурожаатномасининг инқилобий моҳиятини эътироф этдилар. Давлат раҳбари мамлакатда узоқ йиллар давомида йиғилиб қолган ҳаётий муаммоларни очиқ муҳокамага қўйиб, теран таҳлил этди ва уларни ҳал қилишнинг аниқ ечимларини илгари сурди.

Хусусан, коррупцияга қарши кураш, камбағалликни камайтириш, “прописка” тизимини бекор қилиш ва фуқаролик тақдим этиш билан боғлиқ мавзулар чуқур ўрганилиб, бу борада зарур амалий чоралар белгилаб берилди. Шунингдек, Ўзбекистон раҳбарининг ОАВ, парламент ва маҳаллий вакиллик органлари ролини янада кучайтаришга қаратилган таклиф-тавсиялари жуда муҳимдир.

Мурожаатномадаги парламент ва Президентга ҳисоб берадиган, коррупцияга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган ташкил этиш ҳамда жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик палатасини тузишга доир таклифлар ҳам юксак баҳоланди.

Давра суҳбати қатнашчилари таъбири билан айтганда, Ўзбекистон Президенти шиддатли ва қамровдор ислоҳотларни амалга ошириш борасида кучли сиёсий иродага эга кучли сиёсий етакчи ҳисобланади. Мурожаатноманинг мазмун-моҳияти Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб янгиланишлар тўхтаб қолмаслиги ва ортга қайтмаслигини, мамлакат ўзи танлаган демократик ривожланиш йўлидан қатъий боришини яна бир бор тасдиқлади. 

Мамлакатда яқинда бўлиб ўтган парламент сайлови натижаларига ижобий баҳо берилди. Ушбу муҳим ижтимоий-сиёсий тадбирда Буюк Британиядан халқаро кузатувчилар сифатида, шу жумладан, ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси таркибида 50 дан зиёд сиёсатчи ва экспертлар иштирок этди.

Янги таркибдаги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 74 фоизи илк марта сайлангани ушбу сайловлар ҳаққоний, очиқ ва шаффоф ўтганининг яққол ифодасидир. Халқ ноибларининг 32 фоизини хотин-қизлар ташкил этгани ҳам алоҳида диққатга лойиқ.

Давра суҳбатида ҳозир бўлган Буюк Британия ишбилармон доиралари вакиллари Ўзбекистон Президентининг жорий йил 5-6 март кунлари Тошкент халқаро инвестиция форумини ўтказиш тўғрисидаги ташаббусига эътибор қаратдилар. Бўлажак форумда кўплаб британиялик тадбиркорлар қатнашиш истагида экани Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан ишонч тобора ортиб бораётганидан, мамлакатда тадбиркорлик ва инвестиция муҳити том маънода яхшиланаётганидан далолат бериши қайд этилди.

Анжуман якунида таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси икки томонлама ҳамкорлик муносабатларини янада чуқурлаштиришга хизмат қилади. Жумладан, парламентлараро алоқаларни кучайтириш учун янги имкониятлар эшикларини очади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech