Вафот этган фуқаронинг мол-мулкини меросхўр қанча муддатда сотиш ҳуқуқига эга бўлади?

Ҳуқуқий муносабат

Фуқаролар ўзига тегишли мол-мулкка ўз ихтиёрига кўра эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Аммо улар вафот этганда, бевосита унинг меросхўрлари ҳақли бўлади.  

Хўш, бу ҳолатда қанча муддат талаб этилади?  

Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси Жавоҳир Эшонқулов бу борада қуйидагича тушунтириш берди:  

– Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1146-моддасига мувофиқ, меросхўрга меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос очилган кундан бошлаб олти ой ўтгач нотариус томонидан берилади.  

Бу гувоҳнома меросхўрнинг мол-мулк устидан эгалик қилиш ҳуқуқини тасдиқлайди ва шу гувоҳномани олганидан кейин меросхўр ўз номига расмийлаштирилган мол-мулкни, автомашина ёки уй-жойни сотиш ҳуқуқига эга бўлади.  

Бироқ агар барча меросхўрлар маълум бўлса ва бошқа даъвогарлар йўқлиги аниқ бўлса, нотариус олти ойлик муддат тугамасидан олдин ҳам гувоҳнома бериши мумкин (ФК 1146-модда, 2-қисм).  

Мерос мол-мулкни айниқса, автомобиль ёки кўчмас мулкни сотишдан аввал уларни давлат рўйхатидан ўтказиши шарт. Давлат рўйхатидан ўтказмасдан туриб, мулкни олди-сотди қилиш мумкин эмас. Фақат рўйхатга олиниб, эгаси ўзгарганидан кейин меросхўр у мол-мулкни қонуний равишда сотиши мумкин.  

Жумладан, автомашинани ёки бошқа мерос мол-мулкини сотиш учун меросга бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи гувоҳнома олиниши зарур. Одатда бу гувоҳнома мерос очилганидан кейин 6 ой ўтиб берилади. Махсус ҳолатларда бу муддатдан олдин ҳам олиш мумкин. Мерос давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.  

Гулноза Бобоева,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech