Ватанимиз тимсоли ва мустақиллигимиз рамзи

"Жонажон Ватанимиз тимсоли ва мустақиллигимиз рамзи бўлган давлат байроғимиз, мадҳиямиз ва гербимизга, менга топширилган Президентлик Олий нишони ва байроғига юксак ҳурмат бажо келтираман".

Бу сўзлар – давлатимиз раҳбари жорий йил 6 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг Ўзбекистон Республикаси сайланган Президентининг лавозимига киришишига бағишланган қўшма мажлисида сўзлаган нутқидан иқтибос.

Бу сўзлар – Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш йўлида эзгу ниятлар билан қадам қўяётган меҳнаткаш ва бағрикенг халқимиз ҳурлиги, шаъни, қадр-қиммати тимсолларига юксак муносабат ифодаси.

Бу сўзлар – мустақил давлатимиз суверенитетининг асосий белгиларини эъзозлашнинг ёрқин намунаси.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи ана шундай эъзоз ва эътирофга муносиб давлат рамзидир. Жорий йил 18 ноябрь куни мустақил ва жонажон Ўзбекистонимизнинг Давлат байроғи қабул қилинганига 30 йил тўлди.

Байроқ – давлатнинг тузумини, шу давлатда яшовчи халқнинг табиати, менталитети, иқтисодий асослари ва бошқа муҳим белгиларини англатадиган герб, мадҳия, миллий валюта каби энг муҳим тимсоллардан бири. Тарихий манбаларга қараганда, мустақил давлат ва унда яшовчи фуқаролар дахлсизлиги ифодаси ҳисобланувчи бу рамзларни яратиш ғояси илк бор минг йиллар муқаддам қадимги овчилар ва жангчилар орасида туғилган.

Дастлабки байроқлар ҳайвон териси ёки қуш патларидан ясалган. Кейинчалик байроқларда турли жонзотлар тасвирини акс эттириш анъанага айланган. Шу тариқа байроқ давлатнинг рамзий белгиларидан бири сифатида шаклланишнинг узоқ тарихий йўлини босиб ўтган.

Ҳозирги даврда давлат байроғининг аҳамияти айниқса юксак ҳисобланади. Чунки халқларнинг мустақиллик учун кураши ва бу йўлда эришган ғалабаси тимсоллари, жумладан, улар тузган давлатнинг байроғида ҳам ўз аксини топмоқда.

Башарият тарихининг барча даврларида барча халқлар учун ўз давлат рамзлари, хусусан, давлат байроғи Ватан ва истиқлол тимсоли сифатида азиз ҳамда муқаддас саналган. Шу маънода, Ўзбекистонда – ҳали собиқ иттифоқ, унинг куч-қудрати, сиёсати, давлат рамзлари амалда бўлиб турган бир пайтда – 1990 йил март ойидаёқ давлат рамзлари ҳақидаги масала парламент сессиясида муҳокама қилингани алоҳида эътиборга сазовор.

Ўзбекистон 1991 йил 31 августда давлат мустақиллигини эълон қилгани бу борадаги изчил изланишларга янги куч ва илҳом бағишлади. Натижада мамлакат парламенти 1991 йил 18 ноябрда давлатимиз суверенитетининг рамзларидан бири – Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғини тасдиқлади. Шу куни “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Давлат байроғи 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида конституциявий мақомга кўтарилди. Асосий Қонунимизнинг 5-моддасида: “Ўзбекистон Республикаси ўз давлат рамзлари – байроғи, герби ва мадҳиясига эга”, деган норма мустаҳкамланди.

“Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасида белгиланганидек, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи — байроқнинг бутун узунлиги бўйлаб ўтган тўқ мовий ранг, оқ ранг ва тўқ яшил рангли учта эндан таркиб топган тўғри тўртбурчак шаклидаги матодир”. Бунда:

мовий ранг – юртимиздаги барча миллатлар турли хил хавф-хатарлардан холи, эмин-эркин ҳолда аҳил-иноқ яшаб келаётган мусаффо осмонимиз ҳамда оби ҳаёт рамзи;

оқ ранг – давлатимиз фуқароларининг ўзаро ҳамжиҳатликда, бир-бирини ҳурмат қилиб, диний бағрикенглик тамойиллари асосида тинч-тотув яшаётганининг тимсоли;

яшил ранг – табиатнинг янгиланиши ҳамда она-юртимизнинг бепоён еру серҳосил далаларининг ифодасидир.

Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг юқори қисмидаги мовий рангли эннинг юз томони ва орқа томонида дастага яқин жойида оқ рангли янги ой ва унинг ёнида ўн иккита оқ рангдаги беш қиррали юлдуз тасвирланган. Ушбу тасвирлар ҳам халқимизнинг азалий қадриятларига асосланган муҳим тимсоллар сирасига киради.

Давлат байроғини кўтариш билан боғлиқ тартиб-қоидалар “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонунда  белгиланган. Шуни ҳам айтиш керакки,  Давлат байроғи халқаро  майдонда: мамлакатимиз расмий  делегацияларининг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, халқаро ташкилотларда, анжуманларда, жаҳон кўргазмаларида, спорт мусобақаларида Ўзбекистон Республикасининг тимсоли ҳисобланади.  

Шу ўринда мамлакатимиз спортчилари бундан 25 йил муқаддам илк бор Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи остида мустақил жамоа сифатида олимпия ўйинларида иштирок этганини қайд этиш лозим. Жорий йилнинг айни пайтига қадар эса юртимиз байроғи халқаро спорт майдонларида қарийб 430 маротаба баланд кўтарилди.

 

Қонун талабига мувофиқ, Давлат байроғини ўрнатишнинг аниқ тартиб-қоидаси бор. Давлат байроғи:

  • биноларнинг асосий кириш жойида ёки бунинг учун мақбул бўлган бошқа жойда;
  • тегишли тутқичи бўлган дастада;
  • флагштокда байроқнинг дастаси бинонинг олд томони билан кўпи билан 45 градусли бурчак ҳосил қиладиган тарзда ўрнатилади.

Бунда Давлат байроғининг матоси ер сатҳидан камида 2,5 метр баландликда бўлиши керак.

Давлат байроғини ҳурмат қилишда фуқароларнинг зиммасига муайян мажбурият юкланади. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, шунингдек Ўзбекистонда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам Давлат байроғини ҳурмат қилишлари шарт.

Ўзбекистоннинг мустақиллиги рамзи ва Ватанимиз тимсоли – Давлат байроғи ўзида ўзбек халқининг асрий орзу-истаклари, шон-шарафи ва халқимизга хос меҳмондўстликни мужассам этган. Шу боис у барчамизнинг фахр-ифтихоримиз ифодасидир.

Янада муҳими, Ватан байроғини асраб-авайлаш, Ватанни севиш, унинг учун жонни фидо қилишга тайёр бўлиш ҳар биримизнинг энг олий бурчимиздир.

 

Ойдин Иброҳимова,

Инсон ҳуқуқлари бўйича  Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази Матбуот хизмати ходими

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech