Муҳташам стадион ва мўъжизакор фаввора Янги Тошкентнинг меъморий дурдоналари қаторида бўлади
Президент Шавкат Мирзиёев 24 март куни Янги Тошкентда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари ҳамда барпо этилиши режалаштирилаётган янги объектлар лойиҳалари билан танишди.
Давлатимиз раҳбари дастлаб бу ерда барпо этилаётган йирик спорт иншооти – замонавий футбол стадионининг қурилиш жараёнини кўздан кечирди.
Ушбу замонавий спорт мажмуасига ўтган йилнинг 11 ноябрь куни давлатимиз раҳбари томонидан тамал тоши қўйилган эди.
Айни пайтда ўйингоҳ қурилиши жадал давом этмоқда. Жумладан, ерни текислаш ишлари тўлиқ якунланган. Пойдевор қуйиш ишлари тўқсон беш фоизга бажарилган. Қурилиш жойига металл-конструкция материаллари босқичма-босқич келтирилмоқда.
Қайд этиш керак, кейинги йиллар мамлакатимиз футбол соҳасида туб бурилиш даври бўлди. Жумладан, маҳаллий чемпионатлар тизими ислоҳ қилиниб, болалар ва ўсмирлар академиялари ташкил этилди, ҳудудларда 75 та катта ва 302 та мини-стадион фаолият кўрсатмоқда.
Маълумки, 2017 йилда юртимизда ФИФА ва Осиё футбол конфедерацияси талабларига жавоб берадиган майдонларнинг сони атиги 3 та бўлган. Бугун уларнинг сони 10 тадан ошди.
Шунингдек, 1,5 мингта мактабнинг футбол стадионлари таъмирланиб, 1 миллиондан зиёд ўқувчи ва маҳалла ёшлари қамраб олинди. Ёшлар ўртасида маҳалла, туман, вилоят ва республика турнирларини анъанавий ўтказиш йўлга қўйилди.
Бу саъй-ҳаракатлар ўз натижасини бера бошлади.
Футбол бўйича олимпия терма жамоамиз Париждаги олимпиадада илк бор иштирок этди. Тарихимизда биринчи маротаба миллий терма жамоамиз жорий йилда бўладиган жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди.
Ўтган йилнинг 2 октябрь куни ФИФА Кенгаши йиғилишида футбол бўйича 20 ёшгача бўлганлар ўртасида 2027 йилдаги жаҳон чемпионатини Ўзбекистон ва Озарбайжонда ўтказиш бўйича қарор қабул қилинди.
Ушбу жаҳон чемпионати доирасидаги ўйинлар икки мамлакатдаги 3 тадан стадионда ўтказилади. Жаҳон чемпионатларининг финал ва ярим финал ўйинлари сиғими 50 мингдан кўп бўлган стадионда ўтказилиши ФИФА талабларидан бири ҳисобланади.
Мамлакатимиз футболи учун муҳим лойиҳа – Янги Тошкент стадиони шу мақсадда қурилмоқда. Қиймати 100 миллион долларлик ушбу ўйингоҳ қурилиши учун нега айнан Янги Тошкент ҳудуди танланди? Сабаби Янги Тошкент келажакда мамлакатимизнинг янги имкониятлар ва илғор ғоялар марказига айланади.
Янги Тошкент стадиони ФИФАнинг барча талабларига мос равишда барпо этилмоқда. Мажмуа Осиёдаги энг йирик ва замонавий инфратузилмага эга футбол майдонларидан бири бўлади.
Мазкур иншоот нафақат 2027 йилги 20 ёшгача бўлганлар ўртасидаги жаҳон чемпионати учун, балки бутун ўзбек футболи ва ёшлар спортининг келгуси ривожи учун хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбарига қурилиш жараёни ҳақида батафсил маълумот берилди.
55 минг томошабинга мўлжалланган Янги Тошкент стадиони 6 қаватли бўлади, унда нафақат спортчилар, балки ташриф буюрувчилар ва матбуот ходимлари учун ҳам кенг қулайликлар яратилади. Томошабинлар стадионга тез фурсатда кириб-чиқишлари учун ўндан ортиқ эскалатор ўрнатилади. Ҳудудда яна қўшимча 3 та машғулот майдони бўлади. Стадион яқинида метро бекати барпо этилади. 5 минг 500 ўринли автотураргоҳ қурилади.
Президентимиз бундай катта сиғимли ёпиқ стадион мамлакатимизда илк бор бунёд этилаётгани учун ҳар бир жиҳатга аҳамият бериш зарурлигини таъкидлади. Стадион атрофини ободонлаштириш ишларини ҳозирдан режалаштириб, босқичма-босқич амалга оширилиши зарурлиги қайд этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент шаҳрида барпо этиладиган фаввора мажмуаси лойиҳаси билан ҳам танишди.
Мамлакатимизда аҳоли учун замонавий жамоат маконлари, кўнгилочар ва маданий ҳордиқ масканларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу каби лойиҳалар шаҳарлар қиёфасини бойитиш, аҳоли учун қулай дам олиш муҳитини яратиш, шунингдек, маҳаллий ва хорижий меҳмонлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилади.
Янги Тошкентда қарийб 8 гектардан иборат майдонда мусиқали фаввора мажмуаси барпо этиш режалаштирилган.
Лойиҳага кўра, сув юзасининг умумий майдони 6,3 гектарни ташкил этадиган ҳавзада 1,5 гектар майдонда сув, мусиқа ва ёруғлик уйғунлигидаги шоуларни ўтказиш имконини берадиган фаввора барпо этилади. Мажмуа таркибида сувни 232 метр баландликкача ота оладиган супер фаввора, диаметри 100 метрли сузувчи платформа бўлади.
Фаввора радиуси 185 метр бўлган, 360 даражали сув экранини ҳосил қилиш ҳамда унинг юзасида турли тасвирларни проекция қилишга қодир бўлади.
Шунингдек, юқори қувватли лазер нурлари, динамик сув композициялари ва турли визуал эффектлардан фойдаланиш режалаштирилган. Насос, электр, лазерли проекция ва бошқа техник тизимлар ер остидаги икки қаватли иншоотда жойлаштирилади.
Сув ҳавзаси атрофида яшил ҳудудлар ҳамда хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш кўзда тутилган. Ушбу мажмуа Янги Тошкентнинг энг диққатга сазовор жойларидан бирига айланиши, шаҳарнинг меъморий қиёфасини бойитиши ва турли маданий тадбирлар, байрам ҳамда фестиваллар учун яна бир замонавий маскан бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
Давлатимиз раҳбари лойиҳанинг мазмун-моҳияти, техник ечимлари ва ҳудудни комплекс ободонлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Бу ерга ташриф буюрувчилар учун замонавий савдо, овқатланиш ва сервис хизматларини сифатли ташкил этиш муҳимлигини таъкидлади. Шу билан бирга, айни ҳудудда жорий йилги Мустақиллик байрами муносабати билан шоу тадбирларини юқори савияда ўтказиш зарурлиги қайд этилди.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёевга Янги Тошкент шаҳри ҳудудида амалга оширилиши режалаштирилган “Буюк ипак йўли” лойиҳаси тақдимот қилинди.
Маълумки, Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш доирасида биринчи босқичда 6 минг гектар ҳудудда қурилиш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган. Ушбу босқич якунида 600 минг аҳоли учун замонавий инфратузилма яратилади. Лойиҳа тўлиқ рўёбга чиқарилганда эса Янги Тошкент 2 миллион нафар аҳоли яшайдиган замонавий мегаполисга айланади.
Майдони 32 гектар бўлган “Буюк ипак йўли” мажмуаси Янги Тошкентнинг муҳим жамоат ва маданий маконларидан бири бўлиши режалаштирилган. Бу ерда турар жойлар, тижорат бинолари, меҳмонхоналар, маданият ва таълим марказлари, шунингдек, бошқа замонавий инфратузилма объектлари қурилади.
Концепцияга кўра, мажмуа ҳудудида Буюк ипак йўли билан боғлиқ турли цивилизацияларга бағишланган мавзули маҳаллалар ташкил этилади. Ҳар бир ҳудуд Буюк ипак йўли бўйида жойлашган мамлакатларни ифодалайди.
Тақдимотда Ўзбекистон маҳалласига алоҳида эътибор қаратилди. Бу ерда ҳар бир бино, ҳар бир кўча ва майдон орқали халқимизнинг тарихи, маданияти ва қадриятларини акс эттириш зарурлиги қайд этилди.
Мамлакатимизнинг бой тарихий меросини янада кенг намоён этиш, аждодларимизнинг илм-фан, маданият ва меъморчилик соҳаларидаги ютуқларини ёш авлодга етказиш, шунингдек, халқаро туризм салоҳиятини оширишга қаратилган бир қатор музейларни реновация қилиш режалари ҳам кўриб чиқилди.
Жумладан, Имом Мотуридий зиёратгоҳида музей ташкил этиш, унда “Янги Ўзбекистонда Имом Мотуридий меросига эътибор”, “Имом Мотуридий ҳаёти” каби мавзули заллар ва мотуридийлик таълимотига бағишланган бўлимлар жойлаштириш режалаштирилган. Шунингдек, “Баҳоуддин Нақшбанд” илмий-инновацион музейи фаолиятини мазмунан бойитиш, айниқса, “Етти пир” залида улуғ алломалар ҳаёти ва меросини замонавий шаклда кенг ёритиш бўйича таклифлар билдирилди.
Бундан ташқари, Темурийлар тарихи давлат музейини замонавий музейшунослик ва дизайн ечимлари асосида реновация қилиш режаси ҳақида ҳам ахборот берилди. Унда экспозиция залларини қайта шакллантириш ва ташриф буюрувчиларга юқори даражадаги визуал ва маърифий тажрибани таклиф этиш кўзда тутилган. Ҳар бир зал алоҳида тарихий давр ва мавзуга бағишланади.
Тақдимот қилинган лойиҳаларнинг умумий мақсади миллий тарихимизни илмий асосда чуқур ёритиш, замонавий маданий инфратузилмани шакллантириш ва мамлакатимизга келувчи меҳмонлар учун жозибадор туризм маконларини яратишдан иборат.
Лойиҳалар давлатимиз раҳбари томонидан маъқулланди, уларни амалга ошириш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзА мухбирлари
Ўзбекча
English
Русский