Видеокузатувни амалга оширишда шахсий дахлсизлик таъминланади

Қуйи палата мажлисида шахсларнинг тасвирга бўлган ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинди.

— Лойиҳа билан шахсни тасвирга олиш ва ундан фойдаланиш учун розилик олиш мажбурий шартлиги, шахсни тасвирга олиш ва ундан фойдаланишда болалар ҳуқуқнинг мустақил субъекти экани белгилаб қўйилмоқда, — деди депутат Ж.Абдуллаев. — Шунга кўра тасвирга олиш ва ундан рухсатсиз фойдаланиш мумкин бўлган ҳоллар доираси ҳамда видеокузатувни амалга оширишда шахсий дахлсизликни таъминлашга оид талаблар белгиланяпти.

Тасвирга олишда ва ундан фойдаланишда 16 ёшга тўлмаган вояга етмаганлар номидан розилик уларнинг ота-онасидан бири ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслар томонидан берилиши кўзда тутилмоқда. Жамоат жойларида видеокузатув тизимлари ўрнатилган тақдирда бу ҳақда барчага кўринадиган жойда ва шаклда огоҳлантирувчи белги ўрнатилиши шартлиги назарда тутилмоқда.  

Шунингдек, Фуқаролик кодексига киритилаётган қўшимчаларга кўра, видеокузатув камераларини ўрнатиш мумкин бўлмаган жойлар доираси, хусусан, кийиниш хоналарида, ҳожатхоналарда видеокузатув тизимлари ўрнатилиши мумкин эмаслиги аниқ белгилаб қўйилмоқда.

Депутатлар муҳокамалар давомида қонун лойиҳасида назарда тутилаётган нормалар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларни, шунингдек, таклифларини билдирдилар. Айрим нормалар қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Савол-жавоб ва мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Муҳтарама Комилова,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech