Виждон эркинлиги: ҳар бир шахснинг кафолатланган ҳуқуқи билан бирга мажбуриятлари ҳам бор

Виждон эркинлиги – фуқароларнинг хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик бўйича кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир.

Бу Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясида ўз аксини топди.

Мазкур ҳужжат фуқароларнинг виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқини ва Ўзбекистон Республикаси дунёвий давлат эканлигига оид конституциявий қоидаларни рўёбга чиқаришга қаратилган.

Концепция давлатчилигимиз ривожининг бой миллий-тарихий тажрибасига ва умуминсоний қадриятларга таянган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, кўпмиллатли ва кўпконфессияли Ўзбекистонда умумжамият манфаатларини рўёбга чиқариш, демократия, дунёвийлик, эркинлик, тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик асосида ўзаро тотувликда яшаш ҳамда изчил тараққий этиш учун зарур барқарор муҳитни таъминлашга қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Ўзбекистон бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат эканлиги белгиланган.

Конституциянинг 35-моддасида ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланган. Ҳар ким хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди.

Дунёвий давлатда диний қадриятлар ҳам муҳим ўрин тутади. Диний қадриятлар Ўзбекистон халқининг маданияти, турмуш тарзи, урф-одатлари, одоб-ахлоқининг шаклланишига ҳамда уларнинг авлоддан-авлодга мерос бўлиб ўтишига хизмат қилиб келмоқда.

Диний эътиқодлар ва диний бағрикенглик, динларнинг асл инсонпарварлик моҳияти жамиятнинг маънавий-ахлоқий асосларидан бири бўлиб, Ўзбекистон халқини бирлаштириш ва жипслаштиришга хизмат қилувчи, оилаларда ўзаро ҳурмат-иззат ва меҳр-оқибатни мустаҳкамловчи асрий қадриятлар манбаидир.

Виждон эркинлигига бўлган конституциявий ҳуқуқ дунёвий давлатдагина тўлақонли амалга оширилиши мумкин. Дунёвий давлат диний қадриятларнинг, эътиқодларнинг ҳурмат ва ҳимоя қилиниши, изчил ривожланиши учун зарур ижтимоий муҳит яратади.

Айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистонда виждон эркинлигини таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг норматив-ҳуқуқий асосларини шакллантириш ўтган асрнинг 90-йилларида бошланган.

1991 йил 14 июнда «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Конституция фуқароларнинг виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқининг конституциявий кафолатларини белгилаб берди.

Шу билан бирга, Марказий Осиёда диний таассублар замирида радикал, экстремистик ва террористик гуруҳларнинг қонунга хилоф фаолияти жадаллашиши, шу жумладан, уларнинг клерикал давлат тузишга бўлган уринишлари фуқароларнинг виждон эркинлигига бўлган конституциявий ҳуқуқига таҳдидларни юзага келтирди.

Бундай шароитда 1998 йил 1 майда «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди.

2000 йилларда жаҳон тарихида халқаро террористик ташкилотлар аъзолари фаолиятининг ҳаддан ташқари фаоллашуви кузатилди. Мазкур жараён Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Шунга қарамай, виждон эркинлигига нисбатан таҳдидларни бартараф этишга қаратилган чоралар изчил амалга оширилиб, жамиятда барқарорлик муҳити сақлаб қолинди.

2017 йилдан кейин фуқароларнинг виждон эркинлигига бўлган конституциявий ҳуқуқини бевосита амалга ошириш, конфессиялараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, миллий ва диний қадриятларни қўллаб-қувватлаш, зиёратгоҳларни ва муқаддас қадамжоларни ободонлаштириш, буюк аждодларимизнинг илмий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича изчил ишлар янгича мазмун ва суръат касб этди.

Турли диний конфессиялар вакиллари диний байрамларни эркин ўтказмоқда. Шунингдек, зиёрат туризмини сифатли ташкил этиш учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.

Ўзбекистон учун ҳаж квотаси 3 баробар оширилди, умра зиёратига квоталар тўлиқ бекор қилинди. Натижада Саудия Арабистонига қарийб 800 минг нафар мусулмон ҳаж ва умра зиёратини амалга ошириш учун борди.

Шунингдек 10 мингдан зиёд насроний, яҳудий, бахоий, кришнавий, буддавийлар Россия, Туркия, Италия, Арманистон, Исроил, Ҳиндистон, Корея Республикаси, Грузия ва Грециядаги диний зиёратгоҳларга ташриф буюрди.

Диний таълим тизимининг ривожланишига катта эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда 4 та олий ислом таълим муассасаси, 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасаси, шу жумладан, 2 та аёллар мадрасаси, шунингдек, православ ва протестант семинариялари фаолият кўрсатмоқда.

Дунёвий ва диний билимларни уйғунлаштириш, диний соҳада кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг ягона тизимини шакллантириш мақсадида 2018 йилда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилди.

Мамлакатда таркиби барча диний конфессиялар раҳбарларидан иборат бўлган Конфессиялар ишлари бўйича кенгаш фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур кенгаш конфессиялараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашнинг самарали майдони сифатида хизмат қилмоқда.

Ислом цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган мутафаккирлар меросини илмий-амалий ёндашув асосида ўрганиш, шунингдек, диний таассублар билан боғлиқ хавфларнинг мафкуравий асосларини тадқиқ этиш мақсадида Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотурудий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолият кўрсата бошлади.

Виждон эркинлигига бўлган конституциявий ҳуқуқни амалга ошириш йўналишида сохта диний эътиқодлар таъсири остида тақиқланган ташкилотлар таркибига кириб қолган шахсларнинг ижтимоий мослашувига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этганлиги учун жазо ўтаётган, ўз қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган шахсларга нисбатан тарихда биринчи бор ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан афв этиш тўғрисидаги қарорлар қабул қилиниши йўлга қўйилди.

2019-2021 йилларда «Меҳр» инсонпарварлик операциялари доирасида 531 нафар фуқаро Яқин Шарқдаги ҳарбий-можароли ҳудудлардан Ўзбекистонга қайтарилди.

Диний соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг халқаро миқёсда муносиб эътироф этилиши уларнинг самарадорлигидан далолат бермоқда. Масалан, 2018 йилда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюциясини қабул қилди.

Ислоҳотларга мос равишда 2021 йил 5 июлда Ўзбекистон Республикасининг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги янги қонуни қабул қилинди.

Ўзбекистон миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик амалда таъминланган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат сифатида барқарор ривожланиб келмоқда. Мамлакатда 16 та конфессияга мансуб бўлган 2,3 мингдан ортиқ диний ташкилот эркин фаолият юритади. 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари истиқомат қилмоқда. Давлат томонидан 7 тилда таълим олиш имконияти яратилган, 12 тилда телерадиодастурлар эфирга узатилмоқда. 14 тилда газета ва журналлар чоп этилаётир. 155 та миллий маданий марказ эркин фаолият юритаётгани миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитининг амалдаги намунаси ҳисобланади.

Шу билан бирга, қонунлар билан тартибга солинган ижтимоий муносабатларга муайян бир динга хос қоидаларни жорий этишга бўлган уринишлар, аёллар ва эркаклар ҳуқуқлари тенглигини шубҳа остига қўйиш, фуқаролик мажбуриятларини бажаришдан бош тортиш, ижтимоий ахлоқ нормалари, миллий ва умуминсоний қадриятларни инкор этиш, тиббий хизматдан, илм-фан ва маданият ютуқларидан, товарлар ва хизматлардан фойдаланишга бўлган ҳуқуқларни чеклаш, айрим давлат хизматчиларининг дунёвий давлатчилик моҳиятини теран англамаслиги ҳамда жамият тараққиёти, бирдамлиги ва барқарорлигига путур етказувчи қонунга хилоф ғоялар ва қарашлар тарқалиши ҳоллари учрамоқда.

Қолаверса, ахборот маконининг глобаллашуви натижасида ижтимоий тармоқлардан эркин фойдаланилиши, ёшларнинг миграция жараёнларига кенг жалб қилиниши шароитида радикаллашувга сабаб бўлувчи омилларни тўлиқ назорат қилиш имконияти чекланган.

Бундай ҳолатлар Ўзбекистон халқининг, жамият ва давлатнинг ҳамжиҳатлигига хатар бўлиб, қонун ҳужжатларига риоя этилмаслигига, бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари бузилишига, фуқароларнинг ҳуқуқий тартиботга муносабати салбий томонга ўзгаришига, ватанпарварлик туйғулари емирилишига, оилавий низоларга олиб келиши мумкин.

Илм-фан ва технологик ютуқлар билан ҳисоблашмаслик, уларнинг давлат ва жамият тараққиётидаги аҳамиятига эътиборсизлик, замон билан ҳамқадам бўлмаслик мамлакатнинг глобал рақобат майдонида муносиб ўрин эгаллаш йўлидаги долзарб вазифаларни амалга оширишини мураккаблаштиради.

Ҳозирги кунда жамиятимизда барқарорлик таъминлаб келинмоқда. Давлат томонидан фуқароларнинг виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқлари қонун устуворлиги асосида ишончли ҳимоя қилинмоқда.

Давлат органларининг ва фуқаролик жамияти институтларининг турли диний конфессиялар вакилларининг виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқини рўёбга чиқариши учун тенг имкониятлар яратиш бўйича тизимли фаолияти мамлакатимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлашнинг самарали модели яратилганини кўрсатади.

Норгул Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech

Sahifadagi xatolar bo`yicha manzil:

Matn xato bilan:

Sizning izoxingiz yoki to`g`ri versiya: