Юртимизда янги ўқув йили бошланишига саноқли кунлар қолди. Олий таълим муассасаларида ўқув йили бошида кузатиладиган барча жараён, жумладан, тўлов-шартнома масалалари доимгидек долзарб. Чунки талабаликка тавсия этилганларнинг салмоқли қисми тўлов шартнома асосида ўқишга қабул қилинган.
Ёшларнинг аксариятида ўқишга иштиёқ, рағбат кучли бўлса-да, хаёлининг бир бурчида контракт пулини тўлаш муаммоси туради. Шартнома асосида таҳсил олиш учун ҳамма оилада моддий имконият етарли бўлмаслиги табиий ҳол. Юртимизда бу масалага ҳам аллақачон ечим топилган.
Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2015/2016 ўқув йилида юртимизда олий ўқув юртлари сони бор-йўғи 69 тани ташкил этган бўлса, 2024/2025 ўқув йили бошида (филиалларни ҳам ҳисобга олган ҳолда) Ўзбекистонда 222 та олий таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Бундан кўриниб турибдики, таққослаш сезиларли ўсишни кўрсатмоқда.

Шу тариқа, сўнгги ўн йил ичида олий таълим муассасалари сони 153 тага кўпайди. Йилдан-йилга ёшлар учун тўлов-шартнома асосида таҳсил олиш имконияти ҳам кенгаймоқда. Аммо ҳамманинг ҳам тўлов-контракт асосида ўқишга имконияти етмайди. Хўш, шартнома асосида ўқишга кирган талабалар учун қулай ечим бўлган таълим кредити қай тартибда берилмоқда?
Хотин-қизларга фоизсиз таълим кредити қай тартибда берилади?
Бугунги кунда тижорат банклари тақдим этаётган бу имконият Ўзбекистон Республикасида фаолият кўрсатаётган барча хорижий, давлат, нодавлат, олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари, шунингдек, қўшма таълим дастурлари бўйича бакалавриат ва магистратура йўналишларида кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклида тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилган ёки қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган талабаларга берилади.
Ўзбекистонда олий ўқув юртларига мандат 15 август куни эълон қилинади. Улар олган баллига қараб 5 тагача йўналиш танлаши мумкин. Бу эса ўқишга кириш эҳтимолини оширади. Шунга қарамай, айрим талабалар ва уларнинг ота-оналари контракт тўлаш ҳақида ўйлаб, ваҳимага тушиши мумкин. Аммо хавотирланишнинг ҳожати йўқ. Имтиёзли таълим кредитларидан фойдаланиш имконияти бор.
Олдинлари таълим кредити олиш учун тижорат банклари талаб қиладиган қоғозбозлик, узоқ кутиш, кредит фоизи юқорилиги, қисқа муддатда қайтариш каби шартлар бир қанча ноқулайликлар келтириб чиқараётган эди. Ёшларнинг таълим олишига янада кенг имконият яратиш, олий маълумот олаётган фуқароларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш мақсадида қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар билан жорий этилган тартиб ана шу муаммоларга муносиб ечим бўлди.
Кимларга берилади?
Талаба кирган университет давлат, нодавлат ёки хорижийми фарқи йўқ, Ўзбекистонда бўлса бўлгани. Бироқ, ўтган ўқув йилидан бошлаб фақат кундузги таълимда ўқиётган бўлиши керак. Суперконтракт асосида ўқишга қабул қилинган талабаларга ҳам имтиёзли таълим кредити ажратилмайди. Кредит олувчининг даромадга эга бўлган оила аъзолари биргаликда қарз олувчи сифатида шартнома имзолаши мумкин.
Таълим кредити аслида 14 фоизлик ставкада берилади. Аммо бу фоиз қисмини хотин-қизлар тўламайди, давлат тўлаб беради. Аниқроғи, Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси томонидан мазкур маблағ қопланади. Хотин-қизлар фақат таълим кредитининг асосий қисмини тўлайди холос.
Тўлаш қачондан бошланади?
Имтиёзли таълим кредити расмий ўқиш тугагандан кейин 7-ойдан бошлаб 7 йил муддатга ажратилади. Масалан, талаба 1-курс бўлса, 11 йилу 7 ой ичида кредитни тўлаши мумкин. Кредит миқдори талаба ва таълим ташкилоти ўртасида тузилган шартномага асосан берилади. Фоиз ставкаси — 13,5-14 фоиз, Марказий банк асосий ставкаси пасайса, имтиёзли таълим кредити фоизи ҳам пасаяди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, таълим кредити олиш учун аризачининг шахсини тасдиқловчи хужжати, кредит қайтарилиш таъминоти (гаров, кафил ва суғурта) университет билан тузилган шартнома каби хужжатлар талаб этилади. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га кирган оилаларнинг фарзандларига ажратиладиган таълим кредити бўйича гаров ва кафиллик талаб этилмайди.
Яна бир маълумот, 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб таълим кредити олиш учун аризаларни “Таълим кредити” ахборот тизими (talim-krediti.mf.uz) ва my.gov.uz орқали топшириш мумкин бўлди. Бундан ташқари, иккинчи курсдан юқори талабаларнинг баҳолари паст бўлган (ўртача “3”дан паст) тақдирда таълим кредити кўпи билан тўлов шартноманинг 80 фоизи миқдорида ажратилади. Бунда кредит тўлов-контракт суммасининг дастлабки 20 фоизи талаба томонидан тўлангандан кейин ажратилади.
«3» ва ундан юқори бўлган тақдирда ва (ёки) «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган оилаларнинг таълим олаётган аъзолари учун таълим кредити тўлов-контракт суммаси миқдорида ажратилади.
Эътиборлиси, Таълим кредити қизлар ва аёллар учун фоизсиз ажратилади. Давлат олий таълим муассасаларига магистратурага кирган аёлларнинг контракти тўлиқ давлат томонидан қопланади.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, 2024-2025 йилда 181 минг 500 нафардан ортиқ хотин-қизнинг ўқиши учун имтиёзли таълим кредитлари ажратилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг вакиллари, етим қолган ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 2 мингдан зиёд талаба учун 14 миллиард 500 миллион сўм контракт пули маҳаллий бюджетлар ҳисобидан қоплаб берилди. Сўнгги йилларда давлат олийгоҳларининг магистратура бўлимида ўқиётган хотин-қизларнинг контракт пуллари бюджетдан тўланмоқда. Энг муҳими, қизларимиз ўртасида замонавий билим ва касб-ҳунарларга қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Масалан, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида таълим олган ёшларнинг 47 фоизи, яъни қарийб ярмини қизлар ташкил этган.
– Ёшлигимдан ўқитувчи бўлишни орзу қиламан, – дейди Машҳура Бозорбоева. – Йиллар давомида олий ўқув юртига кириш учун ҳужжатларимни топширдим. Оилада 5 нафар фарзандмиз. Мендан олдинги икки акам ва битта опам ҳам олий ўқув юртида шартнома асосида ўқийди. Оилада мени ўқитишга моддий имконият етмасди. Ота-онам шартнома пулини тўлай олмаслигидан жуда сиқилди. Шунда хотин-қизлар таълими учун фоизсиз кредит ажратилаётгани тўғрисидаги хабарни эшитиб, қалбимда умид уйғонди. Яқин тижорат банкига мурожаат қилдим. Банк ходимлари имтиёзлар ҳақида маълумот берди, ниҳоятда хурсанд бўлдим. Банк ўқишим учун 12 миллион сўм ажратди. Ниҳоят, Кимё халқаро университети бошланғич таълим факультетига ўқишга кирдим. Талабалик бахтига ва ўзим севган соҳада таълим олиш имкониятига эга бўлдим.
Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Муҳими, хотин-қизларнинг илмли бўлишига қаратилаётган эътибор кун келиб ўз мевасини беради. Сабаби, бугун оддий талаба қиз эртага соҳасининг етук мутахассиси бўлиш билан бирга, иқтидорли, салоҳиятли фарзандларни тарбиялайдиган она ҳамдир.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА
- Қўшилди: 21.08.2025
- Кўришлар: 80
- Чоп этиш