Янги Ўзбекистон ривожининг сиёсий таянчи ва маънавий асоси

“Ватан учун, миллат учун, халқ учун!”

1991 йил 31 август – ўз тақдирини ўзи белгилашни танлаган мард ва олижаноб халқимизнинг улкан ютуғи сифатида миллий тарихимизга зарҳал ҳарфлар билан муҳрланган сана. Бу сана – мустақилликка эришган Ўзбекистон учун фақат сиёсий эмас, балки маънавий қайта туғилиш, халқнинг ҳақиқий суверен субъект сифатида жаҳон майдонида муносиб ўрин эгаллашига йўл очган тарихий бурилиш нуқтасидир.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида айни шу ғоялар яна бир бор аниқ ва равшан ифода этилди: “Мустақиллик – Ватанимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришда беқиёс таянч бўлиб хизмат қилмоқда”.

Мустақилликнинг 34 йиллигига бағишланган байрам тадбирлари “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ҳолда ўтказилиши белгиланди.

 Сўнгги саккиз йилда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар асосида мамлакат ижтимоий ҳаётида том маънодаги юксалиш кузатилди. Бу жараёнлар нафақат иқтисодий ўсиш, балки инсон қадрини улуғлаш, барча фуқаролар учун тенг имкониятлар яратиш, ижтимоий ҳимоя механизмларини кучайтириш орқали халқ фаровонлигини таъминлашга қаратилган.

Айниқса, таълим, соғлиқни сақлаш, уй-жой, ёшлар сиёсати, маданият ва спорт каби соҳаларда амалга оширилган ислоҳотлар – мустақиллик шарофати билан шаклланган сиёсий-ҳуқуқий заминнинг амалдаги натижаларидир.

Биргина таълим соҳасида охирги йиллардаги ислоҳотлар сабаб, 2017 йилда мактабгача таълим қамрови 27 фоизни ташкил этган бўлса, бугунги кунда 77 фоизга етди. Олий таълимда қамров 9 фоиздан 42 фоизгача кўтарилди. Ижод мактаблари, Президент мактаблари, ихтисослаштирилган таълим муассасалари каби янги моделдаги мактаблар тизими пайдо бўлди. Бу натижалар – мустақиллик туфайли мамлакат ўз таълим сиёсатини мустақил белгилаш ва амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлганининг исботидир.

Мустақиллик бизга ижтимоий адолат ва инсон ҳуқуқларини устувор қадриятга айлантириш имконини берди. Янги таҳрирдаги Конституцияда давлатнинг “ижтимоий характерга” эга экани мустаҳкамлангани ҳам бу сиёсатнинг давомийлигини тасдиқлайди.

Давлат томонидан камбағалликни қисқартириш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш, пенсия ва нафақаларни босқичма-босқич ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар жамиятда ижтимоий барқарорликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Масалан, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” каби механизмлар орқали миллионлаб инсонлар манзилли ижтимоий ёрдам билан қамраб олинмоқда.

Шу билан бирга, айнан мустақиллик, барча сиёсий-ҳуқуқий кафолатларни ўзида мужассам этган ҳолда, “Ўзбекистон – 2030”  стратегиямизни амалга ошириш, жамиятимизда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини кучайтириш, инсон қадри, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, минтақамизда яхши қўшничилик алоқаларини янада ривожлантириш, дунё мамлакатлари билан фаол ҳамкорлик қилиш, Ватанимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришда беқиёс таянч бўлиб хизмат қилмоқда.

Президент қарорида “Ёшлар – Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” шиори алоҳида урғу билан тилга олинган. Бу тасодиф эмас. Чунки истиқлолда ўсган авлод бугун янги тараққиёт поғоналарига етаклаётган кучга айланган. Ёшлар учун IT билимлари, чет тилларини ўргатиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хорижий университетларда таълим олиш имкониятлари кенгайтирилмоқда. Президент ташаббуси билан дунёнинг ТОП-300 олийгоҳларида ўқийдиган талабаларнинг барча харажатлари давлат томонидан қопланиши – бунга яққол мисолдир.

Қолаверса, мустақиллик туфайли соғлиқни сақлаш тизимида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилди. Замонавий клиника ва марказлар ташкил этилди, тез тиббий ёрдам хизмати, онкология ва перинатал ёрдам тизимлари қайта ташкил қилинди. Ҳатто чекка ҳудудлардаги аҳоли ҳам давлат тиббий хизматидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмоқда.

Спорт соҳасидаги ютуқлар ҳам истиқлол мевасидир. 2025 йилда футбол бўйича Ўзбекистон миллий ва ўсмирлар терма жамоаларининг жаҳон чемпионатига чиққани, Париж Олимпиадасида спортчиларимиз илк бор кучли ўн бешликка киргани – мустақил давлатнинг яққол ютуғидир. Муҳими бу каби ижобий ютуқларимизга кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, мустақиллик – бу фақат сиёсий мақом эмас, балки миллатнинг эркин нафас олиши, ўз салоҳиятини юзага чиқариши, ҳар бир инсоннинг муносиб ҳаёт кечириш ҳуқуқини кафолатлайдиган тарихий неъматдир.

Президент қарорида белгилаб берилган вазифа ва йўналишлар – мустақилликнинг халқимиз ҳаётида қандай улкан аҳамиятга эга эканини яна бир бор тасдиқлайди. Энди олдинги каби эмас – энди ўз йўли, ўз позицияси, ўз моделига эга давлат сифатида Янги Ўзбекистон истиқлол байроғини юксакларга кўтармоқда.

Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

 Экология ва атроф-муҳитни

муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech