Янгиланаётган Ўзбекистоннинг устувор йўналиш ва вазифалари

Давлат раҳбатларининг халқ вакиллари олдида мурожаат билан чиқишининг тарихи  Ўрта асрларга бориб тақалади. Бу анъанага XIV асрда Англия асос солган.

Давлатимиз раҳбари  Шавкат  Мирзиёев Ўзбекистонда  биринчи марта  2017 йилда мамлакат парламентига мурожаат билан чиққан эди. Аввалги икки Мурожаатда давлатимизни тараққий эттириш, халқимиз фаровонлигини ошириш ва бошқа жуда муҳим ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий масалалар бўйича стратегик дастурлар белгилаб берилган эди.

Шу билан бирга  Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис палаталарига бу галги Мурожаатномаси нафақат ҳаётий долзарблиги ва  инновационлиги билан ажралиб туриши билан бирга,  мантиқий узвийликка ҳам эга дейиш мумкин.

Агар 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да мамлакатда ва жамиятимизда тўпланиб қолган муаммоларга аниқлик киритилиб, уларни ҳал этиш  чоралари кўрилган,  2018 йил – “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да эътибор миллий иқтисодиётни ривожлантиришнинг асосий йўналишларига қаратилган бўлса, 2019 йил – “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да  белгиланган стратегик вазифаларни изчил амалга оширишнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди ва бу мақсадларга эришиш  вазифаларига  аниқлик киритилди.

Ҳар бир йил учун ишлаб чиқилган дастурларни  амалга оширишнинг самаралари  ўтган йилги иқтисодий ўсиш 5,6 фоизни ташкил этгани,  саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 6,6 фоизга, экспорт – 28 фоизга кўпайганида ўз ифодасини топди.

Таққослаш учун: жаҳон иқтисодиётининг ўсиши 2019 йилда 3,2 фоизни ташкил этган. Шунинг учун дунёдаги нуфузли нашрлардан бири – “Экономист” журнали Ўзбекистонни 2019 йилда ислоҳотларни энг жадал амалга оширган давлат – “Йил мамлакати” деб эътироф этди.

2020 йилнинг “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилиниши  янгиланаётган Ўзбекистондаги ислоҳотларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга йўналтирилган. Президентимизнинг Мурожаатномасида таъкидлаганидек, “биз Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантиришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунга фақат жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновация билан эриша оламиз. Бунинг учун, авваламбор, ташаббускор ислоҳотчи бўлиб майдонга чиқадиган, стратегик фикр юритадиган, билимли ва малакали янги авлод кадрларини тарбиялашимиз зарур”.

Ушбу стратегия асосида мамлакатимиз тарихида илк бор 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш, мутлақо янги профессионал таълим тизимлари жорий қилинади. Шунингдек, кадрлар малакасини халқаро меҳнат бозори талабларига мослаштириш мақсадида миллий малака тизими ишлаб чиқилади.

Мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини эса  2020 йилда камида 25 фоизга ва келгусида 50-60 фоизга етказиш режаланган. Олий ўқув юртларига талабалар қабул қилиш давлат грантлари икки баробар кўпайтирилиши, қизлар учун алоҳида грантлар ажратилиши 2020 йил номида белгиланган соҳаларни устувор даражада ривожлантиришга йўналтирилганлиги  далолатидир.

Ҳозирги вақтда жаҳоннинг ривожланган давлатларида  янги – “рақамли иқтисодиёт” шакллантирилмоқда ва ривожлантирилмоқда.  Хусусан, рақамли иқтисодиёт жаҳоннинг тараққий этган 20 мамлакатида 2 триллион АҚШ доллари миқдорида самара келтираётганлиги қайд этилган. Рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда дунёда пешқадам Буюк Британияда эса у ҳозирнинг ўзида миллий  ялпи ички маҳсулот ҳажмининг 12  фоизини ташкил этмоқда.

Ўзбекистонда ҳам 2020 йил рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда  туб бурилиш йили бўлиши кутилмоқда. Бунинг учун Мурожаатномада кўрсатилганидек, биринчи навбатда, қурилиш, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт, геология, кадастр, соғлиқни сақлаш, таълим, архив соҳалари тўлиқ рақамлаштирилади. 

Тошкент, Нукус, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Гулистон ва Урганч шаҳарларида замонавий инфратузилмага эга бўлган ахборот технологиялари мажмуалари – “IT-парк”лар барпо этилади. Рақамли иқтисодиёт учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида хорижий ҳамкорлар билан биргаликда “1 миллион дастурчи” лойиҳасини амалга ошириш ҳам бошланган.

Президентимизнинг Олий Мажлис палаталарига Мурожаатномасида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияни қабул қилишни тезлаштиришимиз кераклиги уқтирилди. Ушбу миллий стратегия лойиҳасини ишлаб чиқиш Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази зиммасига юкланган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия:

- Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларининг тўлиқ бажарилишини таъминлаш;

- фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини мониторинг қилиш механизмларини такомиллаштириш;

- инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий ва бошқа комплекс чоралар тизимини яратиш;

- қонунчиликка ва давлат органлари, хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг амалий фаолиятига инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида халқаро стандартларни имплементация қилиш механизмлари ва тартиби самарадорлигини ошириш;

- аҳолининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, жумладан бу борада самарали ахборот ва маърифат тарқатиш, таълим бериш фаолиятини ташкил этиш;

- инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ва минтақавий тузилмалар, хорижий мамлакатлар миллий институтлари билан ҳамкорликни янги босқичга кўтариш мақсадларини кўзлайди.

2020 йилда мамлакатимизда ёшлар ҳуқуқларига бағишлаб халқаро Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми ўтказилади. Ушбу анжуманда Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида таклиф этган  Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция лойиҳаси муҳокама этилади.

Мурожаатномада  мамлакат ва ҳудудлар даражасида нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ижтимоий шерикликни кенг йўлга қўйиш, грантлар ва ижтимоий буюртмаларни кўпайтиришимиз кераклиги ҳам кўрсатилган.

Шу мақсадда мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва аҳолида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим масалаларга доир қарорларни қабул қилишда жамоатчилик билан маслаҳатлар, жамоатчилик эшитувларини ўтказиш амалиётга жорий этилади. Бунда муҳокамага қўйилган қарорлар лойиҳалари жамоатчилик маъқул деса – маъқул, номаъқул деса – номаъқул деб топилади.

Жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик палатасини ташкил этилиши режалаштирилган

Ўзбекистоннинг 2021-2023 йиллар мобайнида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлиши масаласи ҳам  изчил илгари сурилади.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис палаталарига  Мурожаатномасида белгилаб берилган  устувор йўналишлар доирасидаги муҳим вазифаларнинг изчил амалга оширилиши янгиланаётган Ўзбекистонни янада тараққий эттиришга хизмат қилиши шубҳасиздир.

 

Э.ЭРНАЗАРОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали
бош муҳаррирининг ўринбосари,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech