(«Япония Конституцияси – ўзбек юристи нигоҳида» мақоласининг давоми)
Конституцияда суверен ҳокимият халққа мансублиги эълон қилинади ҳамда давлат ҳокимиятининг олий органи Парламент эканлиги (41-модда), ижроия ҳокимият Маҳкама томонидан амалга оширилиши (65-модда), суд ҳокимияти эса судларга мансублиги (76-модда) қайд этилади. Парламент билан Маҳкама ўртасидаги ўзаро алоқаларни таъминлаш учун “парламент-маҳкама тизими” деб аталадиган тизим қабул қилинган.
Конституция парламент давлат тизимининг принципларини, фуқароларнинг асосий кафолатлари ва ҳуқуқларини ўрнатади.
1947 йил Конституциясининг 4-боби (41-64 – моддалар) Парламентга тааллуқли, 5-боб (65-75-моддалар) Маҳкамага тааллуқли, 6-боб эса (76-82-моддалар) суд тизимига тааллуқли қоидалардан иборатдир.
Қонунчилик ҳокимияти. Парламент икки - Вакиллар палатаси ва Маслаҳатчилар палатасидан иборат, уларнинг таркибига бутун халқнинг вакиллари бўлган, сайланадиган аъзолар киради (42-модда ва 43-модданинг 1-банди).
Япониянинг барча фуқаролари, 20 ёшдан юқори ҳам хотин-қизлар, ҳам эркаклар сайловларда тенг овозга эга. Вакиллар палатаси аъзолигига 25 ёшдан катта ҳар бир япон фуқароси сайланиши мумкин. Маслаҳатчилар палатасининг аъзолигига эса, 30 ёшдан катта ёшдагилар номзод бўлиши мумкин.
1947 йил Конституциясида Вакиллар палатаси аъзолари ваколатининг муддати 4 йилни ташкил этади (бироқ Вакиллар палатаси тарқатиб юборилганда уларнинг ваколати тўлиқ муддат тугашидан аввал тўхтатилади); айни пайтда Маслаҳатчилар палатаси аъзоларининг ваколати муддати олти йилни ташкил этади (ҳар уч йилда аъзоларнинг ярми қайта сайланади) (45-46-моддалар).
Вакиллар палатаси аъзоларининг сони 465 нафарни ташкил этади. Вакиллар палатасининг 289 та аъзоси бир мандатли округлар тизимига мувофиқ сайланади. Қолган 176 аъзо пропорционал вакиллик тизимига мувофиқ сайланади. Бунда мамлакат 11 сайлов округига бўлинади. Маслаҳатчилар палатаси аъзоларининг сони 248 нафар; уларнинг 100 нафар аъзоси пропорционал ваколатлик тизимига мувофиқ, қолган 148 таси 47 та префектуранинг сайлов округидан сайланади.
Япония парламентининг ўзига хослиги палаталарнинг тенг мавқега эмаслигидир. Вакиллар палатаси ваколатлари бўйича Маслаҳатчилар палатасидан сезиларли устунликка эга. Ҳукумат қуйи палата олдида масъулдир. Уларнинг фаолияти ва масъулияти (тарқатиб юборилиши) турличадир. Юқори палата (Маслаҳатчилар палатаси) ваколат муддатидан илгари тарқатиб юборилиши мумкин эмас. Бироқ қуйи палата (Вакиллар палатаси) қонунчилик фаолиятида нуфузлироқ мавқега эга, жумладан юқори палата қонун лойиҳасига тақиқ қўйиш ҳуқуқига эга, аммо бу тақиқ қуйи палата аъзоларининг такрорий овоз беришида уларнинг кўпчилиги овози билан бекор қилиниши мумкин.
Ижроия ҳокимият. Япония Вазирлар Маҳкамаси 1885 йилда ташкил этилган ҳамда Буюк Япония империясининг Конституцияси ва 1888 йилги “Вазирлар Маҳкамасининг ҳукумат тизими тўғрисида”ги 135-император ҳужжати билан тасдиқланган. Ушбу қарорларга мувофиқ, ижроия ҳокимият тўлалигича Императорга мансуб бўлиб, у Вазирлар Маҳкамасини шакллантириш ва қайта шакллантириш ҳуқуқига эга бўлган ҳамда Япониянинг Бош вазирини, бошқа вазирликлар устидан раҳбарни тайинлаш ҳуқуқига эга бўлган.
Япониянинг 1947 йилги Конституцияси Япония Императорининг давлатни бошқаришга таъсир кўрсатишини бекор қилди ва ижроия хокимият функцияларини Бош вазир бошчилигидаги Вазирлар Маҳкамасига берди. Маҳкаманинг мақоми ва ваколатларига 1947 йилги Вазирлар Маҳкамаси тўғрисидаги қонунда аниқлик киритилган. Ушбу ҳар икки ҳужжатда белгилаб қўйилган ҳуқуқий нормалар шу кунгача амалдадир.
Япониянинг Вазирлар Маҳкамаси тегишли вазирликларга раҳбарлик қиладиган камида 14 та, алоҳида ҳолатларда 17 вазирдан иборат. (Вазирлар Маҳкамаси тўғрисидаги қонуннинг 2-моддаси). Уларни Вазирлар Маҳкамасининг раҳбари - Япония Бош вазири тайинлайди ва ишдан бўшатади, Япония Императори эса буни тасдиқлайди. Ҳар бир вазир фуқаро шахс бўлиши керак. Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг ярмидан кўпи Япония Парламенти депутатлари орасидан сайланиши керак (66-68-моддалар).
Вазирлар Маҳкамаси таркибига Япония Вазирлар Маҳкамасининг Котибияти киради. Ушбу идора Бош вазирнинг маслаҳатчиси ва вакили функциясини бажаради.
Вазирлар Маҳкамаси мамлакатда давлат ҳокимиятининг олий органи бўлган Япония Парламентига ҳисоб беради (66-модда). Парламент Маҳкамага ишончсизлик билдириш ҳуқуқига эга бўлиб, унинг барча аъзоларини тўғридан-тўғри истеъфога чиқара олади (70-модда).
Японияда фуқаро хизмати тизими қабул қилинган бўлиб, унинг доирасида маъмурий ишлар билан миллий даражадаги бошқарув органлари даражасида ва давлат ҳокимиятининг маҳаллий органлари даражасида ишлаётган фуқаро хизматчилар шуғулланади.
Япония Конституцияси ва суд тизими
Япония суд тизими асосий хусусиятлари Конституциянинг 76-моддасида белгиланган қуйидаги қоидалардан иборат:
биринчидан, суд ҳокимияти тўлалигича судларга мансуб (76-модданинг 1-банди);
иккинчидан, Конституцияга мувофиқ, барча судьялар ўз ваколатларини амалга оширишда мустақилдир ва фақат Конституция ҳамда қонунлар билан боғлиқдир (76-модданинг 3-банди);
учинчидан, судьялар давлат томонидан суриштирувларсиз импичмент тартибида мансабларидан четлатилиши мумкин эмас. Судья суд тартибида ўз вазифаларини ақлан ёки жисмонан бажаришга қодир эмаслиги эълон қилинган ҳолатлар бундан истиснодир;
тўртинчидан, ҳеч бир ижро этувчи орган ёки муассаса судьяларга интизомий чораларни қўллай олмайди (78-модда).
Парламент ҳар икки палатаси аъзоларидан вазифасидан четлатиш бўйича иш қўзғатилган судьялар ҳуқуқбузарликларини кўриб чиқиш учун импичмент суди ташкил этади (64-модда).
Олий суд судьяларини тайинлаш ушбу тайинлашлар Вакиллар палатасига умумий сайловлардан кейин биринчи тайинлашларни ўтказишда халқ томонидан қайта кўриб чиқилади ҳамда ўн йил ўтгач, Вакиллар палатасига биринчи умумий сайловлар ўтказилишида қайта кўриб чиқилади; ушбу тартиб келгусида ҳудди шу тарзда такрорланади. Кўпчилик сайловчилар қайсидир судьяни вазифасидан четлаштиришни ёқлаб чиқса, ушбу судья вазифасидан четлаштирилади (79-модданинг 2, 3-ва 4-бандлари).
Суд тизими Олий суд ва қуйи инстанция судларини (юқори судлар, округ судлари, оилавий ишлар бўйича судлар, қўшма юрисдикция судлари) қамраб олади. Олий суд Бош судья ва 14 судьядан иборат. Принцип жиҳатидан ишларни кўриб чиқишнинг уч босқичли тизими қабул қилинган.
Қонунда кўзда тутилган муайян вазиятлар пайдо бўлганида, бу ҳатто суд томонидан кўриб чиқилганидан кейин ҳам янги иш кўрилиши мумкин. Бундан ташқари суддаги суриштирувлар ва қарорларни эълон қилиш, қоида бўйича, очиқ мажлисларда (82-модданинг 1-банди) ўтказилади.
Олий суд конституциявий назоратни амалга ошириш ҳуқуқига эга (Америка модели бўйича).
Маҳаллий ўзини ўзи бошқаришнинг конституциявий асослари
Япония маҳаллий ўзини ўзи бошқариш институтлари жуда ривожланган унитар давлатдир. Конституциянинг 92-моддасида “Давлат ҳокимияти маҳаллий органларини ташкил этиш ва уларнинг фаолиятига доир қоидалар қонун томонидан маҳаллий мухторият принципига мувофиқ ўрнатилади” деб кўрсатилган. Шунга мувофиқ, 1947 йилда Маҳаллий ўзини ўзи бошқариш тўғрисидаги қонун қабул қилинган.
Япониянинг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари префектуралар, йирик шаҳарлар, кичик шаҳарлар ва қишлоқ аҳоли пунктларини қамраб олади. Ҳозирги пайтда Японияда 47 та префектура ҳамда 3255 та йирик ва кичик шаҳарлар ҳамда қишлоқ аҳоли пунктлари, шу жумладан махсус маъмурий туманлар[1] мавжуддир.
Ҳар бир маҳаллий давлат ҳокимияти органи ўз йиғини ва бош мансабдор шахсига (губернатор, мэр ва ҳоказолар) эгадир. Йиғин таркибига тегишли органлар ҳудудида яшайдиган, аҳоли томонидан сайланадиган аъзолар киради. Уларнинг асосий вазифаси қонунлар доирасида қарорлар қабул қилиш, бу қарорларни ўзгартириш ёки бекор қилиш, бюджет бўйича қарорлар қабул қилиш ҳамда якуний ҳисоботни тасдиқлаш ҳисобланди.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бош мансабдор шахслари маҳаллий аҳоли томонидан сайланади ҳамда давлат ҳокимияти маҳаллий органларининг вазифаларини, шу жумладан қарорлар ижросини таъминлаш, йиғинга қонун лойиҳалари ва бюджет лойиҳаларини тақдим этиш, шунингдек норматив қоидаларни ўрнатиш каби ишларни бажаради.
Маҳаллий мухторият тўғрисидаги қонун аҳоли учун маҳаллий давлат органларига бевосита мурожаат қилиш ҳуқуқини назарда тутади. Бевосита мурожаатлар қарорларни қабул қилиш, ўзгартириш ёки бекор қилиш, ишларнинг ҳолатини текшириш, йиғинни тарқатиб юбориш, йиғин аъзолари ваколатларини ёки давлат ҳокимияти маҳаллий органи бошлиғининг ваколатларини чақириб олиш юзасидан бўлиши мумкин.
Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликлари
Фуқароларнинг кенг ҳуқуқ ва эркинликлари мустаҳкамлаб қўйилиши 1947 йилги Япония Конституциясининг асосий хусусиятларидан биридир. Шахснинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликлари халқ суверенитети принципидан ажралмасдир. Конституциянинг учинчи боби шахснинг ҳуқуқий мақомини ўрнатади. Бу бобда фақат асосий ҳуқуқларгина эмас, шунингдек мажбуриятлар доираси ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг янги конституциявий тизимини ўрнатишда шахснинг ролини авторитар ҳуқуқ-тартиботда нофаол унсур сифатида эмас, балки ҳуқуқ ва эркинликларнинг фаол элтувчиси сифатида тан олиниши ҳал қилувчи омилдир.
Конституцияда инсоннинг асосий ҳуқуқлари “одамларнинг эркинлик учун асрий курашлари натижаси” ҳисобланиши ҳамда улар “абадул-абад бузилмас бўлиб қолиши умидида ҳозирги ва келажак авлодларга инъом этилганлиги” (97-модда) ҳамда “ушбу Конституция билан халққа кафолатланган эркинликлар ва ҳуқуқлар халқнинг доимий саъй-ҳаракатлари қўллаб-қувватланиши зарурлиги кўзда тутилган” (12-модда).
Тенглик масаласига келганда, Конституцияда “Барча одамлар қонун олдида тенгдир ҳамда ирқи, дини, жинси, ижтимоий фаолияти, шунингдек келиб чиқиши сабаблари бўйича сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий камситилишга йўл қўйилмайди” (14-модданинг 1-банди) деб кўрсатилган.
Бунга қўшимча равишда Конституцияда қуйидагилар белгиланган:
биринчидан, пэрчилик ва бошқа аристократик институтлар ман этилади (14-модданинг 2-банди);
иккинчидан, умумий сайлов ҳуқуқи (15-модданинг 3-банди) ҳамда оила ва жинсларнинг тенглиги зарурлиги масалаларига нисбатан шахсий қадр қиммат кафолатланади (24-модда);
учинчидан, Парламентнинг ҳар икки палатаси аъзолари ва уларнинг сайловчиларига талаблар кўрсатилган (44-модда);
тўртинчидан, таълим олиш тенг ҳуқуқи кўзда тутилган (26-модданинг 1-банди);
Ҳуқуқлар ва эркинликларга тааллуқли масалаларда эса Конституция фикрлаш ва виждон эркинлигини ўрнатади (19-модда). Ушбу модда мазмунидан келиб чиққан ҳолда Япония давлат тузилишининг дунёвий хусусияти тўғрисида гапириш мумкин.
Шунингдек, дин эркинлиги (20-модда) ва илмий фаолият эркинлиги (23-модда) кафолатланади. Конституция, шунингдек йиғилишлар ўтказиш ва уюшиш эркинлигини, сўз, матбуот ва фикр билдиришнинг бошқа шакллари эркинлигини ҳам кафолатлайди (21-модданинг 1-банди).
Шахс эркинлиги ҳуқуқига келганда эса, Конституцияда қулчилик ва мажбурий меҳнат ман этилади (18-модда). Ҳеч ким қонун томонидан ўрнатилган тартиб истисно этилганда ҳеч бир бошқа жиноий жазога дучор қилиниши мумкин эмас (31-модда). Ҳеч ким жиноят жойида, судья томонидан берилган буйруққа асосланиб қамоққа олиш истисно этилганда қамоққа олиниши мумкин эмас (33-модда).
Конституциянинг 33-моддасида кўзда тутилган истиснолардан ташқари барча шахсларнинг ўз яшаш жойи, ҳужжатлари ва мулкининг дахлсизлиги бузилмаслиги керак. Шунингдек, судья томонидан берилган буйруқ истисно этилганда, бостириб кириш, тинтув қилиш ва мусодара қилишга йўл қўйилмайди (35-модда).
Ҳеч ким дарҳол айблов эълон қилинмаган ва адвокатга мурожаат этиш ҳуқуқи берилмаган бўлса, ушланиши ёки озодликдан маҳрум этилиши мумкин эмас. Шунингдек, ҳеч ким зарур асосларсиз ушланиши мумкин эмас (34-модда).
Давлат мансабдор шахслари томонидан қийноққа солиш ва шафқатсиз жазолаш қатъиян ман этилади (36-модда). Барча жиноий ишлар бўйича айбланувчи ўз ишининг холис суд томонидан тез ва очиқ кўриб чиқилиши ҳуқуқига эга. Бунда айбланувчига барча гувоҳлардан гувоҳлик олиш учун тўла имконият тақдим этилади. Айбланувчи давлат ҳисобига гувоҳларни мажбурий равишда олиб келтириш ва малакавий адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга (37-модда).
Ҳеч ким ўзига қарши кўрсатма беришга мажбурланиши мумкин эмас. Мажбурлаш, қийнаш ёки таҳдид остида ёхуд асоссиз узоқ муддат қамоққа олиниш ва ҳибсда сақланиш орқали олинган кўрсатмалар далил сифатида кўрилиши мумкин эмас. Ҳеч ким ўзига қарши ягона далил ўзининг кўрсатмаси бўлган ҳолатда ҳукм қилиниши ва жазоланиши мумкин эмас (38-модданинг 1-банди).
Ҳеч ким содир этилган пайтда қонуний бўлган хатти-ҳаракатлари учун ёки битта жиноят учун икки марта жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас (39-модда).
Конституцияда ҳар бир шахс учун яшаш жойини ва касб танлашни ўзгартириш эркинлиги (22-модданинг 1-банди), мулкка эгалик ҳуқуқи (29-модданинг 1- ва 2- бандлари), шунингдек ҳамма учун давлат чегарасидан ташқарига чиқиш эркинлиги ва ўз фуқаролигидан воз кечиш эркинлиги кўзда тутилади (22-модданинг 2-банди).
Ҳамма саломатлик ва маданий турмушнинг энг кам даражасини сақлаб туриш ҳуқуқига эга (25-модданинг 1-банди). Давлат турмушнинг барча соҳаларида жамият фаровонлигини, ижтимоий таъминотни, шунингдек аҳоли саломатлигини ошириш ва янада ривожлантириш чора-тадбирларини кўриши керак (25-модданинг 2-банди).
Бундан ташқари, ҳамма ўз қобилиятига мувофиқ таълим олиш ҳуқуқига эга (26-модданинг 1-банди) ва “мажбурий таълим бепул амалга оширилади” (26-модданинг 2-банди).
Конституцияда меҳнат қилиш ҳуқуқи ҳамда иш ҳақига тааллуқли стандартлар ўрнатилган. Шунингдек, болаларни эксплуатация қилиш ман этилган (27-модда). Меҳнаткашларнинг ташкилот тузиш ҳуқуқи ва уларнинг жамоавий музокаралар ҳам бошқа жамоавий иш кўришлари ҳуқуқи кафолатланади (28-модда).
Ҳар ким, қонунга мувофиқ, қайсидир бир давлат мансабдор шахснинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари оқибатида давлатдан ёки давлат ҳокимиятининг маҳаллий органларидан ўзи кўрган зарарини қоплашни талаб қилиши мумкин (17-модда).
Ҳар ким қамоққа олинган ёки ушланганидан кейин суд томонидан оқланса, қонунга мувофиқ етказилган зарарни қоплаш тўғрисида давлатга даъво аризаси бериши мумкин (40-модда).
Ижтимоий инфратузилма объектларини барпо этиш учун ер олиб қўйилган ҳолатда давлат ёки давлат ҳокимиятининг маҳаллий органлари хатти-ҳаракатлари оқибатида зарар кўраётганлар компенсация берилишини талаб этиши мумкин (29-модданинг 3-банди).
Конституцияда “Халқ давлат мансабдор шахсларини сайлаш ва уларни вазифасидан четлаштириш ажралмас ҳуқуқига эга”лиги белгилаб қўйилган ҳамда балоғат ёшига етганлар учун умумий сайлов ҳуқуқи кафолатланиши ва яширин овоз бериш кўзда тутилган (15-модда).
Конституцияда Олий суд судьялари тайинланишининг халқ томонидан қайта кўриб чиқилиши (79-модданинг 2-,3-,4-бандлари), махсус қарорлар қабул қилиш учун давлат ҳокимияти маҳаллий органлари ҳудудида яшаётган шахсларнинг розилиги, шунингдек Конституцияга ўзгартиришлар халқ томонидан маъқулланиши зарурлиги (96-модда) кўзда тутилган.
Унда шунингдек зарарни қоплаш, давлат мансабдор шахсларини вазифасидан четлаштириш, қонунлар, фармонлар ёки кўрсатмаларни жорий этиш, бекор қилиш ёки тузатиш, шунингдек бошқа масалалар бўйича ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқлари кўзда тутилган (16-модда).
Бундан ташқари ушбу масала бўйича Япония қўшилган турли шартномаларда тилга олинадиган “инсон ҳуқуқлари” турли қонунлар ва норматив ҳужжатлар томонидан кафолатланади. (давоми бор).
Акмал Саидов,
академик
[1] Махсус маъмурий туман алоҳида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳисобланади. Йирик шаҳарларнинг ягона мақомини таъминлаш мақсадида махсус маъмурий туманлар учун одатдаги йирик ва кичик шаҳарлар ҳамда қишлоқ аҳоли пунктларидагидан фарқли равишда бир қанча бошқа мақсадлар белгиланган, тузилма ва ваколатлар ўрнатилган.
- Қўшилди: 16.12.2019
- Кўришлар: 6283
- Чоп этиш