Японияда ҳукмрон Либерал-демократик партия янги етакчи сифатида Санаэ Такаитини сайлади. Шу тариқа унда мамлакат тарихидаги илк аёл бош вазир бўлиш имкони пайдо бўлди. Парламент номзодини маъқулласа, 64 ёшли Такаити расман ҳукумат бошлиғи лавозимини эгаллайди.
ЛДП раҳбарлиги учун беш номзод курашди – икки амалдаги, уч нафар собиқ вазирлар. Июль ойида ўтказилган парламент сайловида ҳукмрон коалиция ҳар икки палатада кўпчилик ўринни йўқотгач, Бош вазир Сигэру Исиба истеъфога чиқишини эълон қилганди. У ўз нутқида халқдан кечирим сўраган ва ҳукумат халқ ишончини қайта қозона олмаганини тан олган.
Агар Санаэ хоним тайинланса, кун чиқар юртда кейинги беш йил ичида тўртинчи марта Бош вазир алмашади.
Тажрибали сиёсатчи Санаэ Такаити илк бор 1993 йил парламент аъзоси этиб сайланган. Турли даврларда ички ишлар, иқтисодий хавфсизлик, таълим каби муҳим соҳаларда вазир лавозимини эгаллаган.
Қаттиққўллиги ва қатъий консерватив қараши билан танилган бу аёл Япониянинг тинчликпарвар конституциясини қайта кўриб чиқиш ва армияни кучайтириш ташаббусини илгари сурмоқчи. Бир жинсли никоҳга ва аёл киши император тахтига ўтиришига қарши. Иқтисодий йўналишда у солиқни камайтириш, минтақавий субсидия ажратиш ва стратегик соҳа ҳисобланган энергетикани ҳамда ярим ўтказгич ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш тарафдори.
К.Бекжонов, ЎзА
- Қўшилди: 07.10.2025
- Кўришлар: 113
- Чоп этиш