Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифим 2025 йилнинг 26-27 август кунлари бўлиб ўтади, бу менинг Япония ташқи ишлар вазири сифатида юртингизда сўнгги уч йилдаги биринчи ташрифим.
Юртингизга ташриф буюриш бўйича бир неча йиллик орзуим амалга ошганидан чин дилдан хурсандман.
Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги айирбошлаш тарихи минг йилдан кўп даврга бориб тақалади. Ипак йўли орқали мамлакатимизга турли маданият ва технологиялар кириб келди ва Япония тарихи ва жамиятига катта таъсир кўрсатди. Ўзбекистон ва Японияни бир неча минг километр қуруқлик ва денгиз ажратиб турганига қарамай, ўтган йиллар давомида халқларимиз маданий ва этник яқинлик туйғусини сақлаб, мустаҳкамлаб келмоқда.
Иккинчи жаҳон уруши тугагандан сўнг кўп сонли японияликлар собиқ Совет Иттифоқи томонидан интернирланган эди. Шунга қарамай, Ўзбекистондаги япониялик ишчилар ва маҳаллий аҳоли ўртасида илиқ муносабатлар шаклланди. Японлар кўмагида барпо этилган Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театрининг маҳобатли биноси икки давлат ўртасидаги дўстлик тимсолига айланди. Эшитишимча, 1966 йилда Тошкентдаги зилзила пайтида ушбу бино зарар кўрмай қолган ва ҳозирда шаҳар аҳолисининг опера ва балет томоша қилиш маскани бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, 1992 йилда Япония ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди. Япония ўттиз йилдан ортиқ вақт давомида Ўзбекистон тараққиётини изчил қўллаб-қувватлаб келади ва доимо унинг ишончли ҳамкори ҳамда дўсти бўлиб келаётир.
Кўп йиллик тарих ва дўстликка асосланган икки томонлама муносабатларимиз изчил ривожланиб бормоқда. Япония Ўзбекистоннинг иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги ислоҳотларни илгари суриш йўлидаги саъй-ҳаракатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, унинг ривожланишига, жумладан, инфратузилмани яхшилаш, кадрлар тайёрлаш каби соҳаларда ҳар томонлама кўмак бермоқда.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари томонидан амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган молиявий кредитлар ажратиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига кўмаклашиш сўнгги йиллардаги ҳамкорликка мисол бўла олади. Шунингдек, биз иссиқлик электр станцияларини, хусусан, Навоийдаги станциясини модернизация қилиш орқали иқтисодий инфратузилмани ривожлантиришга ёрдам беряпмиз.
Бундан ташқари, Орол денгизининг қуриши натижасида юзага келган муаммолар, жумладан, мураккаб иқлим шароитида барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва технологиялар билан таъминлаш орқали ўз-ўзига бўлган ишончни қўллаб-қувватлаш режасини ишлаб чиқаяпмиз.
Шунингдек, биз соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш ва давлат қурилиши учун инсон ресурсларини тайёрлаш каби соҳаларда кўмаклашамиз. Япониянинг бундай ҳиссаси замонавий Ўзбекистон ривожига заррача бўлсада ёрдам берса, бу биз учун катта қувонч бахш этади.
Чунки, Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари 2016 йилда Президент лавозимига киришганидан сўнг Ўзбекистон унинг раҳбарлигида барқарор иқтисодий ривожланиш сари юз тутди. Шу муносабат билан Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабатлар кейинги йилларда тобора жадал ривожланмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларининг 2019 йил декабрь ойида Японияга буюрган ташрифи икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини сифат жиҳатидан янада юқори босқичга кўтарди ва турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим босқич бўлди.
Ўшандан бери ҳар икки давлат энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида янги ўзаро шерикликни илгари сурмоқда ва икки давлат ўртасидаги ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, шунингдек, минтақавий ва академик алоқаларни мустаҳкамлаш орқали кенг кўламли гуманитар алмашинувларни амалга оширишга ҳаракат қилмоқда.
Япония Марказий Осиёнинг аҳамиятига ўз вақтида эътибор қаратган ҳолда, Япония катализатор сифатида минтақавий ҳамкорлик жараёнини мустақил олға силжитиш учун давлатларга шарт-шароит яратиш мақсадида 2004 йилда дунёнинг бошқа давлатларидан ўзиб, “Марказий Осиё+Япония” мулоқот форматини ташкил этди. 20 йилдан ортиқ вақт давомида узлуксиз амалга оширилаётган кўплаб сиёсий мулоқотлар ва гуманитар алмашинувлар, жумладан, шу кунгача 9 марта ўтказилган Ташқи ишлар вазирлари учрашувлари Япония ва Марказий Осиёни боғловчи мустаҳкам бўғинга айланди.
Ҳозирги вақтда Марказий Осиё мустаҳкам иқтисодий ривожланишга эришди ҳамда унинг Европа ва Осиёни боғловчи муҳим савдо йўли сифатидаги аҳамияти тобора ортиб бормоқда.
Шу билан бирга, Япония томони халқаро вазиятнинг ўзгариши муносабати билан Марказий Осиё давлатлари турли таъсир турларини бошдан кечираётганини яхши тушунади. Айнан ҳозир, Марказий Осиё атрофидаги вазият кескин ўзгариб бораётган бир пайтда, минтақавий ҳамкорлик зарур.
Бундай вазиятда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги мулоқотни ривожлантириш, давлат чегаралари ва сув ресурслари каби муҳим масалалар бўйича конструктив ва тинч мулоқотни таъминлашда етакчи роль ўйнамоқда.
Бу йўналиш “Марказий Осиё + Япония” мулоқоти мақсадига тўлиқ мос келади. Мавжуд вазиятни инобатга олган ҳолда, Япония томони “Марказий Осиё + Япония” мулоқоти доирасида Марказий Осиё билан муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва Марказий Осиё билан биргаликда қонун устуворлигига асосланган эркин ва очиқ халқаро тартибни қатъий қўллаб-қувватлаш ниятида. Ташрифимдан асосий мақсад ҳам шу.
27 август куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Жаноби Олийлари билан кечадиган учрашувда, икки давлат ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг биринчи стратегик мулоқоти доирасида сиёсат, иқтисодиёт ва маданият каби турли соҳалардаги муносабатларни янада ривожлантириш, халқаро чақириқларга биргаликда жавоб бериш масалалари юзасидан самимий фикр алмашамиз.
Япония томони Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишига кадрлар тайёрлаш, “яшил” энергия, асосий ижтимоий хизматлар сифатини ошириш ва бошқа йўналишларда кўмаклашишда давом этади ва шу орқали жадал ривожланаётган Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик салоҳиятини ривожлантиради.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлашни истардимки, жорий йилнинг апрель ойида Осака шаҳрида бошланган “Келажак жамиятини ҳаётимиз учун лойиҳалаш” мавзусидаги Бутунжаҳон кўргазмасида “Билимлар боғи” “The Garden of Knowledge” концепцияси акс эттирилган Ўзбекистон павильонига ҳар куни кўплаб меҳмонлар ташриф буюрмоқда. 17 август куни Ўзбекистон Миллий кунига бағишлаб Ўзбекистон Президенти Администрацияси Креатив иқтисодиёт ва туризм департаменти мудири Гаянэ Умерова хоним иштирокида жуда қизиқарли тадбир бўлиб ўтди.
Умид қиламизки, ЭКСПО кўргазмаси икки мамлакат ўртасидаги турли даражадаги иқтисодий ва гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлашда муҳим туртки бўлиб хизмат қилади. ЭКСПО тугашига салкам бир ярим ой вақт қолди, бу вақт ичида Японияга янада кўпроқ Ўзбекистон фуқаролари ташриф буюради, деган умиддамиз.
Такэси ИВАЯ,
Япония ташқи ишлар вазири
Токио шаҳри
«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти»
- Қўшилди: 26.08.2025
- Кўришлар: 144
- Чоп этиш