Қишлоқда, асосан, нафақа ёшидаги одамлар яшайди. Ёшлар яхшироқ ҳаёт қидириб, бу ердан кўчиб кетишган.
Япониядаги Ичиноно қишлоғида аҳоли жонли жамият муҳитини қайтариш учун кўчаларга қўғирчоқларни жойлаштирмоқда. Ҳозирги кунда қишлоқда 60 нафардан кам одам истиқомат қилади — уларнинг аксарияти аллақачон нафақа ёшига етган. Ёшлар эса яшаш, ишлаш ёки ўқиш учун яхшироқ жой излаб кетишган. Энди уларнинг ўрнини одам бўйи келадиган манекенлар эгалламоқда.
Эски кийим ва матолардан ясалган қўғирчоқлар қишлоқнинг турли қисмларига жойлаштирилган. ОАВда эълон қилинган суратлардан бирида бошига қалпоқча кийган кокилчали қиз арғимчоқда ўтирганини кўриш мумкин. Унинг ёнида самокатда юрган бола туради. Яқин атрофда велосипедда ўтирган яна бир қўғирчоқ бор. Қўл ушлашиб турган икки “қизча” эса бироз ваҳимали кўринади — бу қўғирчоқларнинг юзлари йўқ.
“Қўғирчоқлар сон жиҳатдан биздан ошиб кетган бўлса керак”, — дейди Ичинонода яшовчи 88 ёшли Ҳисаэ Ямазаки.
Аёлнинг айтишича, қишлоқдаги кексаларнинг фарзандлари бор, аммо улар болалари бошқа жойга кўчиб кетишини қўллаб-қувватлаган. Энди бўлса Ичиноно аҳолиси бунинг “жабрини тортмоқда”.
Қишлоқдаги ягона бола — икки ёшли Кураносуке Като. Сўнгги 20 йил ичида аҳоли пунктида ундан бошқа чақалоқ туғилмаган.
Ичиноно — аҳолининг аксарият қисмини 65 ва ундан катта ёшдаги кишилар ташкил этадиган 20 мингдан ортиқ япон қишлоқларидан бири. Хусусан, Япониянинг Нагоро қишлоғи дунёдаги энг ғайриоддий ҳудудлардан бири ҳисобланади. Бу ерда одамлар ўрнини қўғирчоқлар эгаллаган: автобус бекатларида, уйларда ва ҳатто мактаб болалари ўрнида ҳам қўғирчоқлар бор. Қишлоқда атиги 30 яқин одам яшаса-да, у ердаги манзарани кўриш учун йилига 3 мингдан ошиқ одам боради.
Таъкидланишича, мамлакат бош вазири Сигеру Исиба қишлоқ ҳудудларини ривожлантиришга кўмаклашишни ваъда қилган.
2024 йил биринчи ярмида Японияда 40 мингга яқин одам ўз уйида ёлғиз вафот этди. Уларнинг 4 мингга яқини ўлимидан бир ой ўтиб топилган, 130 нафар одамнинг ўлими бир йил давомида аниқланмаган.
Kun.uz
- Қўшилди: 30.10.2024
- Кўришлар: 585
- Чоп этиш