Европа парламентида “Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи: демократик ислоҳотларни ва гендер тенгликни илгари суришда парламентлараро мулоқотнинг роли” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси иштирок этди.
Тадбирда кейинги йилларда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги алоқалар жадал ривожланиб, стратегик шериклик даражасига кўтарилгани таъкидланди.

Хусусан, 2025 йил апрель ойида Самарқандда ўтказилган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити ўзаро ишончли мулоқотни янада мустаҳкамлаб, ҳамкорликнинг янги йўналишларини очиб берди.
Ушбу жараёнда парламентлараро мулоқот муҳим ўрин тутаётгани, қонунчилик бўйича тажриба алмашиш, ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва халқлар ўртасида ўзаро тушунишни кучайтиришга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди.
Давра суҳбати давомида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш, ёшлар сиёсати ва аёлларнинг ижтимоий-сиёсий жараёндаги иштирокини кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Ўзбекистонда 2030 йилгача мўлжалланган гендер тенглик стратегияси қабул қилингани, аёлларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётдаги роли тобора ортиб бораётгани таъкидланди. Аёлларнинг парламент, бошқарув, таълим ва тадбиркорлик соҳаларидаги фаоллиги мисол қилиб келтирилди.
Тадбир иштирокчилари Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида ўз аксини топган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, гендер тенгликни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, ислоҳотларни қўллаб-қувватлашда парламентлараро мулоқотнинг ролини кучайтириш, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг истиқболларига алоҳида эътибор қаратди.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 03.10.2025
- Кўришлар: 123
- Чоп этиш