Европа аҳолиси сонини мўътадил сақлаб қолиш учун ҳар бир оила камида иккита фарзандга эга бўлиши лозимлиги айтилмоқда. Бироқ ҳозирги кунда минтақада туғилиш даражаси анча тушиб кетган. Демографик маълумотлар эса вазиятнинг жиддий эканини кўрсатмоқда. 2024 йилдаги ҳисобот сўнгги ўн йилликдаги энг ёмон кўрсаткич дея қайд этилди.
Масалан, Германияда фақат миграция ҳисобигагина аҳоли сони ўсаяпти. Бу ерда туғилиш даражаси 1994 йилдан буён энг паст кўрсаткичга тушди. Федерал статистика бошқармаси мутахассисларининг таъкидлашича, 2023 йилда аҳоли сони қисқармаганлигининг ягона сабаби – миграциядир. Лекин ўлкада муҳожирлар сони кўпайган бўлса-да, аҳоли ўсиши атиги 0,1 фоизни ёки 121 минг кишини ташкил этади. Аслида, “туғилганлар сони вафот этганларникидан кам”, дейилади ҳисоботда.
Маълумотлар, шунингдек, Германия ҳудудлари ўртасидаги катта фарқни ҳам кўрсатади: Бавария ва Гамбург каби ривожланган ҳудудларда аҳоли сони ортиб борган бўлса, Тюрингия, Саксония ва Саксония-Анҳалт каби иқтисодий жиҳатдан қийин ҳолатдаги ҳудудларда аҳоли кескин камайган.
Қўшни Австрияда эса 2024 йилдаги вазият янада хавотирли, яъни, мамлакат тарихидаги энг паст туғилиш кўрсаткичи – жами 77 минг 238 нафар чақалоқ туғилган.
Бу борада Италияда аҳвол қандай, деб ўйлайсиз? Қизиқ жиҳати, 2023 йилда Италияга 166 минг киши келган бўлса-да, аммо аҳоли сони қисқаришда давом этган. Ҳозирги кунда Италия аҳолиси 60 миллиондан камроқни ташкил этади.
2024 йилда мамлакатда туғилиш коэффициенти 1,18 бўлган, мутахассислар буни рекорд даражадаги паст кўрсаткич, дея баҳолашмоқда. Маълумотларга кўра, ҳар минг кишига атиги 6 бола туғилган ва 11 киши вафот этган. Яна бир эътиборга молик ҳолати, ўлкани тарк этган италияликлар сони қайтиб келганлар сонидан қарийб уч баравар кўп. Энг катта демографик қисқариш мамлакат жанубидаги қашшоқ ҳудудларда кузатилгани айтилади.
Авваллари туғилиш даражаси юқори бўлган Францияда ҳам бу кўрсаткич охирги йилларда тез суръатда пасаймоқда. Шу билан бирга, бу давлат ҳозирча туғилиш ва ўлим ўртасида балансни сақлаб қолмоқда. Ягона ижобий янгилик — ўртача умр кўриш даври аёллар учун 85 ёшга, эркаклар учун эса 80 ёшга етган, бу тарихий рекорд даража ҳисобланади.
Англия ва Уэльсда эса 60 ёшдан ошган қариялар кўпаймоқда. Бу ерда туғилаётган болаларнинг сезиларли қисми чет эллик ота-оналар ҳиссасига тўғри келади. Англияда бу кўрсаткич 40% ни, Уэльсда эса қарийб 20% ни ташкил этмоқда.
Испанияда туғилиш даражаси бошқа мамлакатларникидан фарқли равишда оз бўлса-да, бироз ўсиш қайд этилган. Маълумотларига кўра, 2024 йилда 322 минг 34 нафар бола дунёга келиши туфайли туғилиш даражаси 0,4% га ошган. Бироқ бу ерда оналарнинг бола туғиш ёши ошиб бораётгани ҳам қайд этилмоқда. Сўнгги ўн йилда 40 ёш ва ундан катта ёшдаги оналар сони 8,5% га ошган.
Финляндияда 2024 йилда туғилиш коэффициенти 1,25 га тушган. Ўлка Статистика идораси маълумотларига кўра, бу кўрсаткич 1776 йилдан буён кузатилган энг паст даражадир.
Швецияда ҳам вазият ижобий эмас: Стокгольмда туғилиш коэффициенти 1,43 ни ташкил этган — бу кўрсаткич бошқа Европа мамлакатларига қараганда юқори бўлса-да, барибир етарли эмас. Туғилган болаларнинг умумий сони 98 минг 500 нафарни ташкил қилган, бу ўтган 23 йил ичидаги энг паст кўрсаткичдир.
Туғилишни рағбатлантиришга қаратилган давлат сиёсатларига қарамай, Венгрия ва Польша ҳам туғилиш даражаси паст бўлган мамлакатлар қаторига қўшилди. Расмий маълумотларига кўра, Польшанинг 2023 йилда туғилиш коэффициенти 1,1 ни ташкил этган, бу 1990 йилдаги кўрсаткичдан деярли икки баравар кам. Шунингдек, ҳозирги кунда аёллар ўртача 29 ёшида она бўлмоқда. 35 йил аввал эса бу кўрсаткич 23 ёшни ташкил этар эди.
Венгрияда эса ўтган йилда 77 минг 500 нафар чақалоқ туғилган, мутахассислар буни мамлакат тарихидаги энг паст кўрсаткич деб қайд этишган.
К.Бекжонов, ЎзА
- Қўшилди: 22.07.2025
- Кўришлар: 141
- Чоп этиш