Ётоқхона излаш талабанинг муаммосига айланмаслиги лозим

Ҳар йили август ойи охирлаб, сентябрь яқинлашар экан, мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган талабалар учун турар жой масаласи яна долзарб муаммога айланади. Аксарият олий ўқув юртларининг ётоқхоналарида жойлар сони чекланган бўлиб, у ерга асосан ногиронлиги бор, кам таъминланган оилалардан чиққан, боқувчисини йўқотган ёки ижтимоий ҳимояга муҳтож талабалар жойлаштирилади. Бошқа талабалар эса ижарага хонадон излашга мажбур бўлмоқда.

Тошкент шаҳрида яшаш нархлари вилоятларга нисбатан анча юқори. Хусусан, 4–6 кишилик хонадоннинг ўртача ойлик ижара тўлови 350–550 АҚШ долларини ташкил қилади. Бу нархни ҳар бир талаба учун ҳисоблайдиган бўлсак, 80–90 доллар атрофида тушади. Бунга озиқ-овқат, транспорт, алоқа, ўқув қуроллари ва бошқа зарурий харажатлар қўшилса, оддий бир талабанинг бир ойлик яшаш харажати ўртача оиланинг молиявий имкониятларидан анча юқори бўлади.

Ушбу ҳолат эса таълимга кириш имкониятларининг чекланиши ва баъзи ҳолларда талабалар пул топиш учун ўқишни кейинги ўринларга қўйишига сабаб бўлади. Оқибатда таълим сифатига ҳам таъсир қилади.

Мазкур муаммони юмшатиш ва талабаларга моддий кўмак кўрсатиш мақсадида Президентимизнинг 2021 йил 20 апрелдаги ПҚ-6208-сонли қарорига асосан, 2021 йил 1 майдан бошлаб ётоқхона билан қамраб олинмаган, ўзига ёки қонуний вакилларига тегишли бўлмаган уйда ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган талабалар учун ижара пули тўлаб бериш тизими йўлга қўйилди. Қоплаб бериладиган ижара тўловининг максимал миқдори Тошкент шаҳрида базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари, қолган ҳудудларда базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,5 бараварида ҳисобланади.

Бу ёрдам талабалар учун муҳим енгиллик бўлиб хизмат қилмоқда. Бироқ, амалиётда баъзи тўсиқлар ҳам мавжуд. Одатда, кўпчилик уй эгалари расмий шартнома тузишни истамайди. Қолаверса, компенсация олиш учун кўп ҳужжатлар керак ва муайян вақт талаб этади. 

Ушбу вазиятни барқарорлаштириш учун бир неча ечим ва таклифлар киритишимиз мумкин. Давлат-хусусий шерикчилик асосида янги ётоқхона лойиҳаларини амалга ошириш ва йирик олийгоҳларга яқин манзилларда қўшимча ётоқхоналар қуришни режалаштириш мақсадга мувофиқ. Хусусий инвесторлар учун имтиёзли кредитлар, солиқ чегирмалари, ер ажратиш орқали бу каби лойиҳалар янада кенгаяди. Олийгоҳларга яқин манзилларда талабалар учун турар жой биноларининг қурилиши нафақат иқтисодий томондан енгиллик, балки йўлга кетадиган вақтни ҳам анча тежаган бўлар эди.

Уй-жой ижара бозорида нарх-наво бўйича махсус текширувлар олиб бориш ва меъёрдан очиқча нархларни чекловчи чора-тадбирлар ишлаб чиқиш мавзу доирасидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.

Талабаларнинг яшаш жойи билан боғлиқ муаммо фақат ижтимоий масала эмас, балки у таълим сифатига, ёшларнинг руҳий ҳолатига ва мамлакатнинг келажакдаги интеллектуал салоҳиятига ҳам бевосита таъсир қилувчи омилдир. Янги ётоқхоналар қурилиши, ижара бозорини тартибга солиш, расмий ижара шартномаларини рағбатлантириш, компенсация механизмларини такомиллаштириш орқали бу муаммони сезиларли даражада енгиллаштириш мумкин.

Дилдора ДЎСМАТОВА

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech