Ноқонуний судланган шахснинг меҳнатга оид ҳуқуқлари қандай тартибда тикланади?
Асоссиз судланган шахсларнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланиши масаласи тегишли қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 310-моддаси 1-қисми ва Меҳнат кодексининг 271-моддаси 3–қисмида, ғайриқонуний равишда судланганлиги муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинган ёки ғайриқонуний равишда жиноий жавобгарликка тортилиши муносабати билан ишдан (лавозимдан) четлатилган ходимга аввалги иши (лавозими) берилиши лозимлиги, бунинг имконияти бўлмаганда эса (корхона тугатилганлиги, штатлар қисқарганлиги) ёки ишга (лавозимга) тиклаш учун монелик қилувчи қонунда назарда тутилган бошқа асослар мавжуд бўлган тақдирда, унга аввалги ишига (лавозимига) тенг бошқа иш (лавозим) берилиши кераклиги кўрсатилган.
Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексининг 310-моддаси 2-қисмига асосан реабилитация этилган (оқланган) шахснинг қонунга хилоф равишда эҳтиёт чораси тариқасида қамоқда сақланган ёки уй қамоғида бўлган вақти, жазо ўтаган вақти, лавозимидан четлаштирилганлиги туфайли ишламай юрган вақти, тиббий муассасада сақланган вақти умумий меҳнат стажига ва ихтисослик бўйича иш стажига қўшилади.
Шахснинг меҳнат қилиш тўғрисидаги талаби қаноатлантирилмаган бўлса ёхуд шахс қабул қилинган қарорга рози бўлмаса, у тегишли талаб билан даъво ишини юритиш тартибида судга мурожаат қилишга ҳақлидир.
