Реабилитация этилган (оқланган) шахсга етказилган мулкий зиён ким томонидан ва қанча миқдорда қопланади?
Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 38-бобида кўрсатилган қоидаларга кўра, реабилитация этилган (оқланган) шахсга қонунга хилоф ҳаракатлар билан етказилган мулкий зиён тўла ҳажмда қопланади.
Хусусан,
1) реабилитация этилган шахс ўзига нисбатан содир этилган қонунга хилоф ҳаракатлар натижасида маҳрум бўлган иш ҳақи ва меҳнатдан топиладиган бошқа даромадлар;
2) пуллар, пул жамғармалари ва уларга тўланадиган фоизлар, давлат заёми облигациялари ва уларга чиққан ютуқлар, акциялар ва бошқа қимматли қоғозлар, шунингдек суднинг ҳукми, ажримига (қарорига) асосан мусодара қилинган ёхуд давлат фойдасига ўтказилган ашёлар ёхуд бошқа мол-мулкнинг қиймати;
3) суриштирув, дастлабки тергов органлари ёки суд томонидан олинган ва йўқотилган мол-мулк қиймати;
4) суд ҳукмини ижро қилиш чоғида ундирилган жарималар ва суд чиқимлари;
5) юридик ёрдам кўрсатилиши учун шахс томонидан адвокатлар бюросига, ҳайъатига ёки фирмасига тўланган пул, шунингдек унга нисбатан содир этилган қонунга хилоф ҳаракатлар натижасида қилинган бошқа харажатлар молия органлари томонидан (давлат бюджети хисобидан)қопланади.
Тўхтатиб қўйилган пенсия ва нафақалар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан давлат бюджети ҳисобидан қопланади.
