Маълумки, жисмоний ва юридик шахслар томонидан судларга мурожаат қилинганда давлат божи ва почта ҳаражатларини тўлайдилар.
Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларида жисмоний ва юридик шахсларнинг судларга мурожаат қилишларида давлат божи тўловларидан озод қилинишига доир қоидалар мавжуд.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси “Давлат божи тўғрисида”ги қонунининг 2§ давлат божини тўлашдан озод қилиш масаласига бағишланган бўлиб, ушбу параграф қоидаларига кўра, давлат божини тўлашдан озод қилинадиган жисмоний ва юридик шахсларнинг қатъий рўйхати ушбу Қонун билан белгиланган.
Яъни, Қонуннинг 8-моддасида, фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан озод қилинадиганлар;
9-моддасида, иқтисодий судларда давлат божини тўлашдан озод қилинадиганлар;
10-моддасида эса, маъмурий судларда давлат божини тўлашдан озод қилинадиганлар рўйхати кўрсатиб ўтилган.
Мазкур Қонун 2020 йил 6 январь куни қабул қилинган бўлиб, 2020 йил 1 январга қадар қабул қилинган бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган ва ушбу Қонунда назарда тутилмаган давлат божини тўлашдан озод қилиш ушбу ҳужжатларнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар кучда қолади.
